loader
Foto

Темпераментлар ва психологик турлар: мусулмон улар ҳақида нималарни билиши керак

Мусулмонлар нима учун муайян жамоатлар ёки ҳаракатларни танлашларини, Исломга келишларини ёки уни тарк етишларини таҳлил қилар эканман, ҳар доим ҳам жавоб ақида ёки фиқҳни кимдир нотўғри тушунишида эмас, балки одамлар психологиясида, деган хулосага келдим - кўп одамлар ўзларининг психологик эҳтиёжларини қондиришни Исломда излашади, оқилона эҳтиёжларни эмас. Умуман олганда, одамлар кўпинча ўз ҳис-туйғуларига иррационал тарзда эргашган ҳолда ҳаракат қилади ва шундан кейингина ўз ҳаракатларини мантиқий изоҳлашга уринади. Менинг фикримча, баъзи имомлар мантиқ ва каломни ҳақиқатга олиб келмайдиган фойдасиз машғулот сифатида танқид қилишларининг сабаби шундадир...



Мисоллар келтириб ўтамиз.

Биринчи мисол, ўтмишда у “қуръоний” бўлган ва ўз фикрларини фаол равишда ёйган, ҳатто “қуръоний”лар «паблик»и маъмури бўлган ва танишлари орасида жуда "яхши ўқиган биродар" сифатида ҳисобда бўлган бир муртад билан боғлиқ. Лекин у кутилмаганда Исломдан чиқиб кетишга қарор қилди ва ўз саҳифасида пост ёзиб, дилидаги бор гапни тўкди ва оммага маълум килди. Албатта, унинг собиқ диндошлари, гўёки у ҳеч қачон бўлмаганидек, у ҳақида иложи борича тезроқ унутишга ҳаракат қилишди. Аммо бир оздан сўнг у ижтимоий тармоқларда Ислом танқидчиси ва мусулмонларнинг "кўзини очишга" уринаётган жанговар атеист (деист) сифатида ўзини кўрсата бошлади.

Ижтимоий тармоқларда у билан бир неча бор тортишдим ва у бирон марта янги қарашларининг тўғрилигини исботлай олмади, лекин барибир Исломга қайтмади. Ана шу суҳбатлардан бирида у дилини очиб, нолинчи йиллар бошида қуръонийликка эга бўлган норозилик руҳи ва ноконформизм [1] уни Исломга ва айнан қуръонийликка жалб қилганлигини айтди. Лекин қуръонийлик тарқалган ва унинг тарафдорлари сони ўсиб борган сари ноконформизм руҳи йўқолиб, ундан кейин унинг "имони" тарқала бошлади. Бир куни у динда излаётган нарсани энди топа олмаслигини, унинг собиқ муҳити ва манфаатлари унга қизиқарли бўлмай қолганини тушуниб етди. Бу эса, унинг кўнгли колиши ва Исломдан чиқишига олиб келди, норозилик руҳини у энди жанговар атеизм ва норасмий субмаданиятларда (ёки сленгда: нефорство) топади. У суннийликка ўтиш ҳақида ўйланганини тан олди, аммо у қидираётган нонконформизм бу ерда йўқ эди, бу эса охир-оқибатда уни муртадликка олиб келди. Ушбу мисол инсоннинг психологик эҳтиёжларини қондириш учун динни қидиргани ва оқилона далиллар уларга мослаштирилганлигини аниқ кўрсатади. Бундай одамлар сони кам эмас.

Иккинчи мисол, бир мунча вақт олдин мен билан баҳслашган бир католик билан боғлиқ. Ёзиш истагини унинг ўзи билдирди, у Исломга қизиққан ва ҳатто, ўзининг сўзларига кўра, Исломни қабул қилиш ҳақида ҳам ўйлаган. Уни фақат бир сабаб тўхтатиб турган – динда у биринчи навбатда муҳаббатни излаган, нафақат Худога муҳаббатни, балки Худонинг унга муҳаббатини ҳам излаган. Айнан шу сабабли уни биринчи навбатда, фано (ваҳдатул вужуд) ва комил инсон концепциялари билан мистик вариациядаги сўфийлик қизиқтирган. У Ислом ва суннийлик Худонинг мантиқий ва оқилона изоҳини беришини тан олган, лекин бу унинг диндан излаган нарсаси эмас эди. Худо севмайдиган ва Унинг севгисида кўмилиб бўлмайдиган дин унга керак эмас эди. Ушбу мисолдаги одамни ҳам ақл эмас, унинг ҳис-туйғулари бошқарган.

Албатта, бу мақоланинг ўқувчилари баъзи мусулмонлар нуфузга тўла ишониш ва мияни кераксиз мулоҳазалар билан юкламасдан шайхга ўзининг шак-шубҳасиз бўйсуниши билан сўфийлик иерархиясига жалб қилинганини бир неча бор пайқаган.

Бошқаларга норозилик руҳи ёқади ва улар турли исломий фирқаларга, салафийларга, сурурийларга боради. Яна бошқалар социофоб ва мизантроп мойилликларга эга бўлиб, турли такфирчиларга боради. Бунга қўшимча айримларда қатъийлик ва муросасизликда ифодаланадиган, бошқаларда эса абадий фош қилишларда, учинчи гуруҳда эса эгоистик амбицияларни қондиришда ифодаланадиган индивидуал психотиплар қўшилади.

Умуман олганда, одамлар у ёки бу жамоатларга фикрдошлар излаб ҳам, психологик қулайлик излаб ҳам аъзо бўлиб киради. Шунингдек, у ёки бу гуруҳга мансублик одамнинг психологик ва эмоционал мақоми ўзгаришига олиб келиши, яъни уни янада муросасиз ва тажовузкор ёки аксинча – сабр-тоқатли ва хотиржам қилиши мумкин.

Темперамент ва инсон хулқ-атвори ўртасидаги муносабатни яқиндан кўриб чиқайлик. Бунинг учун Гиппократ томонидан ажратиб кўрсатилган тўрт темпераментга мурожаат қиламиз.

Холе́рик (юнон. «холе» – сафро). Холерик темпераментли одамни тезкор, жўшқин, эҳтирос билан ўзини ишга беришга қодир, катта қийинчиликларни бартараф кила оладиган, лекин бир вақтнинг ўзида беқарор, кучли ҳиссий портлашлари ва кайфиятнинг кескин ўзгаришларига мойил одам сифатида таърифлаш мумкин. Темпераментнинг бу тури кучли, тез юзага чиқадиган, нутқда, имо-ишораларда ва юз ифодаларида аниқ акс этадиган ҳис-туйғулар билан ажралиб туради. Тўғри тарбия кўрмаганда, эмоционал мувозанат етишмаслиги оғир ҳаётий шароитларда ўз ҳиссиётларини назорат қила олмасликка олиб келиши мумкин.

Меланхолик (юнон. «меланос холе» – қора сафро). Меланхолик темпераментли одамни тез ранжийдиган, ҳатто кичик кўнгилсизликлар ва муваффақиятсизлиларни ҳам оғир бошдан кечирадиган, лекин атрофдагиларга суст жавоб қайтарадиган одам сифатида таърифлаш мумкин. Меланхоликлар юқори сенситивлик, эмоционал сезгирлик ва оқибатда, тез ранжувчанлик билан ажралиб туради. Айрим фаолият соҳаларида бу шахснинг керакли хислати ҳисобланади, чунки меланхолик темпераментли одамларнинг юқори эмоционал сезгирлиги атрофдагиларнинг, айниқса, нозиктаъб шахсларнинг энг нозик эомционал ифодаларини ҳис қилишга имкон беради.

Меланхоликлар, масалан, ўзига ишонмаслик ва қатъиятсизликда намоён бўладиган тушкун кайфият ва кучсиз ироданинг устунлиги билан ҳам ажралиб туради.

Ноқулай шароитларда уларда эмоционал заифлик, одамовилик, ётсираш ривожланиши мумкин. Тинч, улар учун одатий бўлган муҳитда меланхоликлар ҳаётий вазифаларини муваффақиятли уддалай оладилар.

Сангвиник (лат. «сангвис» – қон) — бу руҳий фаолликнинг юқориги, серғайратлик, ишчанлик, ҳаракатлар тезкорлиги ва жонлилик мимика хилма-хиллиги ва бойлиги, нутқ тезлиги билан тавсифланадиган шахсдир. Сангвиник таассуротларни тез-тез алмаштиришга интилади, атрофдаги ҳодисаларга тез ва осон жавоб қайтаради, мулоқотга тез киришади. Сангвиникда ҳий-туйғулар асосан ижобий бўлиб, тез юзага келади ва тез ўзгаради. У янгича шароитларга осонлик билан мослаша олади ва одамлар билан киришиб кетади. Унинг ҳий-туйғулари тез юзага келади ва янгилари билан алмашади, унга ифодалилик, баъзан эса беқарорлик хосдир. Ноқулай шароитларда ва салбий тарбия таъсирида бу ҳаракатчанлик диққат-эътиборни бир жойга тўплашнинг йўқлиги, ҳаракатларда асоссиз шошма-шошарлик ва юзакиликка айланиши мумкин.

Флегматик (юнон. «флегма» — намлик, шилимшиқ). Флегматик темпераментли одамни сусткаш, хотиржам, интилишларини барқарор ва кайфияти у ёки бу даражада доимий, руҳий ҳолатларнинг ташқи ифодаси заиф бўлган одам сифатида таърифлаш мумкин. Флегматик одам асаб тизимининг кучли, мувозанатли, инерт тури билан ажралиб туради. Бундай одамлар ишончли хотирага эга бўлади, уларнинг қарорлари эса пухта ўйланган ва таваккалчиликдан узоқ бўлади.

Флегматикда хотиржам, бир текис кайфият устунлик қилади; унинг ҳий-туйғулари одатда доимийлик билан ажралиб туради. Флегматик бир фаолият туридан бошқасига қийинчилик билан ўтади ва янгича вазиятга оғир мослашади. Шуниси қизикарлики, флегматикда янгича хулқ-атвор шакллари секин пайдо бўлади, лекин узоқ сақланади.

У камдан-кам ҳолларда ўзини йўқотади, низоларга мойил эмас; унга бир маромдалик, хотиржамлик, ўзини-ўзи назорат қилиш, баъзан ланжлик, атрофдагиларга бефарқлик, дангасалик хосдир. Ноқулай вазиятларда флегматикда ланжлик, ҳис-туйғулар заифлиги ва бир хил турдаги одатий ҳаракатларни бажариш тенденцияси ривожланиши мумкин.

Албатта, бу тасниф ягона ва умумқабул қилинган эмас, лекин у энг қадимийларидан бири сифатида берилган ва шу билан бирга ҳозирги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган. Россияда ва собиқ Иттифоқ маконида психиатрияда 13 та психотип ёки шахс акцентуациясидан иборат шкала кенг тарқалган, бу ҳақида қуйида батафсил маълумот олишингиз мумкин.



---------

 

[1] Нонконформи́зм (латин. non «-мас» + қадим. латин. conformis «ўхшаш; мос») — шахснинг ушбу жамиятда ёки гуруҳда ҳукмронлик қиладиган кўрсатмалар, фикрлар, идрок қилиш натижалари, хулқ-атвор ва ҳ.к.нинг тескарисига амал қилиш ва ҳимоя қилишга интилиши.

Абу Муслим таржимаси