loader
Foto

Эрнинг никоҳни вақтинчалик қилишни яшириши

Ҳанафий уламоларимиз ва шофеийлар маълум муддатдан кейин талоқ қилиш ниятида ва бу ниятни яширган ҳолда бир эрнинг аёлга уйланишини жоиз деб биладилар.

Лекин шофеийлар бу никоҳнинг макруҳлигини айтишган. Чунки уларнинг наздида қуйидаги бир қоида бор: қайси нарсани сароҳатан-очиқ қилса никоҳ ботил бўладиган бўлса, ўшани яширишда никоҳ макруҳ бўлади.(Ибн Ҳумом Ҳанафий. Фатҳул Кодир. 3-ж. 152-6. Усмон ибн Шато Бакрий. Иъона-тут толибин ъала ҳалли алфази Фатҳил муъ-ин. "Мустофа ҳадабий". 4-ж. 25-6.)

Шунингдек, моликийлар ҳам: "Агар ақд пайти муддат белгиланмаган, эр ҳам буни хотинга айтмай ичида сақлаган бўлса, бунинг зарари йўқ. Хотин ёки унинг валийси маълум муддатдан сўнг ажрашиб кетишларини билса ҳам, ҳукм шундай" (Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуҳий ъалаш Шарҳил кабир. 2-ж. 213-6.), дейишган. Мана шу рожиҳ қавлдир. Гарчи моликийлардан Баҳром раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг "Шарҳ" ва "Шомил"ларида: "Агар аёл эрнинг ўша мақсадини англаб, билса, никоҳ фасодга учрашини" келтирган бўлса ҳамки, ҳукм ўзгармайди. Агар эр аёлга ҳам, унинг валийсига ҳам мақсадини ошкор қилмаган бўлса ҳамда аёл эрининг асл ниятини билмаса, у мутъа никоҳи ҳисобланмайди.

Ҳанбалийлар: "Агар ғариб (ўзга юртлик) киши "Бу ердан чиқиб кетаётганимда талоқ қилиб кетаман" деган ниятда уйланса, никоҳ ботил бўлади. Чунки бу мутъа никоҳидир", дейишган(Мансур ибн Юнус Буҳутий. Ар-Равзул мураббаъ. 2-ж. 276-6.). Бироқ "Ал-Муғний"да келтирилишича: "Агар аёлга (муддат) шартисиз уйланса-ю, бироқ қалбида бир ойдан сўнг ёки ушбу шаҳарда ишларини тугатганидан кейин талоқ қилиш нияти бўлса, барча аҳли илмларнинг наздида бу никоҳ дуруст ҳисобланади. Аммо Имом Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ: "У мутъа никоҳдир", деган. Саҳиҳ қавл шуки, унинг зарари йўқ. Эрнинг бундай ният қилиши никоҳни ботил қилмайди. Одатий ҳолларда ҳам эр доимо хотинини (ўз қарамоғида) ушлаб туриши вожиб эмас. Агар хотин маъқул келса, эр уни ушлаб туриши, акс ҳолда, қўйиб юбориши мумкин (Ибн Қудома. Ал-Муғний. 7-ж. 573-6.).

Катта фиқҳ энциклопедияси, 2-жуз. 47-48 бетлар