loader
Foto

САМОЪ

«Самоъ» сўзи арабча бўлиб, «эшитиш» маъносини англатади. Бу сўз тасаввуфга хос истилоҳлардан бирига айланиб қолган. Тасаввуфда самоъ зикр ёки зикрга оид нарсаларни эшитишга ишлатилади. Бунда зикр учун мусийқа, қўшиқ, шеър ва бошқа нарсаларни эшитиш кўзда тутилган. Турли омилларга кўра, сўфийлар орасида зикрни рақс тушиб туриб қилиш, мусийқа ила қилиш, турли шеърларни оҳанг ила айтиш, ёш болаларни гўзал кийимлар кийгазиб ўртага ўтқазиб қўйиб, адо этиш каби ғалати одатлар пайдо бўлган. Бунга асосан сунний тасаввуфга бегона бўлган унсурлар сабаб бўлган. Баъзи бир боҳисларнинг таъкидлашларича, чет эллардаги ва бошқа дийнлардаги тоифалар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун ми­натасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг ёмон насийбаларидан бири чегарасиз равишда бошқа маданиятлар, йўналишлар ва фикрларга очиқ бўлишдир. Ўшалар ўзи билан соғлом мантиқ ва тафаккурга тўғри келмайдиган турли нарсаларни олиб келганлар.

Ҳижрий еттинчи асрда Ироқ ва араб шарқига ҳинд мутасаввилари келишган. Улар ҳакимлардан кўра кўпроқ фирибгарларга ўхшар эдилар. Ўшалар сўфийларнинг ҳалқаларига турли сунъий банжларни олиб кирдилар ва уларни «банжи асрор» деб атадилар. Яна, фалакнинг айланишига ўхшайди, деб айланиб тушиладиган рақсни ҳам киритдилар. Бу рақс мавлавий тарийқатида ҳозиргача ижро этилиб келмоқда.

Улар кийимларни йиртишни ҳам одатда киритдилар. Бу, худди, суюқ амирларнинг гўзал қўшиқчи қизларнинг қўшиғини эшитганда қиладиган ишига ўхшайди.

Бидъатлар бирин-кетин келаверди. Афсунгарлик ўсаверди. Охири бориб каромат билан сеҳрнинг ора­си­ни ажратиб бўлмайдиган ҳолга етди. Бу ишлар Басрадаги рифоъия Мисрдаги Байюмия, Микносдаги Ийсавия тарийқатларида авж олди. Улар орасида илон, чаён, чўғ ва шиша синиқларини ейиш, бадан­лар­га пичоқ ва қиличларни тиқиш ҳамда шунга ўхшаш ишларни қилиш кўпайди.

Деярли барча тарийқатларда зикр давомида бақирчақир ва дод-войлар кўпайди. Уларда Аллоҳ таолонинг исми ўрнига турли англаб бўлмайдиган овозларни чиқариш одатга айланди. Ўша овозлардан баъзиларини ҳарф билан ифода қилиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмайди.

Мана шу нотўғри ишнинг содир бўлмаслиги учун кўпчилик уламолар зокирларга Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини билиб олишни шарт қилиб қўй­дилар.

Баъзи сўфийларда «шоҳид ила сабоъ» деган бидъат зоҳир бўлди. Бу бидъат бўйича, улар ёш болаларга гўзал кийимларни кийгазиб ҳалқа ўртасига ўтқазиб қўядилар. Уларнинг бу ишни қилишга келтирган баҳоналари гўзал манзарани тааммул қилиш, Аллоҳ таолога тасбиҳ айтишдир. Чунки, ўша нарсада Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат сокин бўлгандир».

Ушбу иқтибосда келган ҳар бир нарсага сўфий­ларнинг ўзлари далил ва ҳужжат келтирадилар.

Рақсни мубоҳ деган сўфийлардан бири Абу Абдурроҳман ас-Силмий ва яна бири имом Ғаззолийдир.

Рақсни жоиз деганларнинг далилларидан бири имом Бухорийнинг ривоятларидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга «Мен сенданман, сен мендансан», деганларида у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганларини далил қилиб келтирадилар. (Бухорий ривояти.)

Иккинчи далил: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд розияллоҳу анҳуга: «Сен биродаримиз ва мавломизсан», деганларида, у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганлари.

Учинчи далил: Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳабашларнинг рақсини томоша қилганлари.

Аммо, уламолар бу гапларни қатъиян рад қиладилар. Ибн Жавзий ва ал-Жавҳарий: «Хурсандчиликдан бир оёқни кўтариб, иккинчисини тушириб сак­раш ва ҳабашларнинг ўйини рақс эмас, хурсандликни ифода этувчи енгил ҳаракатдан бошқа нарса эмас», деганлар.

Имом Моликдан рақс тушадиган мутасаввифлар ҳақида сўралганида: «Улар гўдакми ёки жинними?! Аҳли Исломдан бирортаси буни қилишини эшитганимиз йўқ», деганлар.

Биз ўзимиздан қўшамизки, юқоридаги уч ҳолатни рақсга далил деб фараз қилган чоғимизда ҳам, зикр учун рақс бўлиши мутлақо мумкин эмас. Ахир, ўзи учун хурсандчилик хабарини эшитган одамнинг қувончдан сакраши ва ийд куни ҳарбий машққа ўхшаш ўйин кўрсатиш билан Аллоҳ таолони зикр қилишни рақс ила ижро этиш орасида фарқ бўлиши керак-ку!

Ибн Қудома ал-Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳам бу номаъқул йўлга юрганлари нақл қилинмаган. Ҳеч замонда кечаси тонг отгунча самоъ билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинмаган. Ҳеч ким, ким рақс тушса, унга бунча савоб бўлади, дегани йўқ. Ҳеч ким, қўшиқ қалбда иймонни ўстиради, дегани йўқ. Ҳеч ким, уларни эшитишда ажр бор дегани йўқ!»

Самоънинг мазаммати ҳақидаги фуқаҳоларнинг фатволари жуда ҳам кўп. Уларни қайта-қайта такрорлаб ўтирмаймиз. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчиликнинг маломатига сабаб бўлган ўша ҳолатлар ҳозир ҳам баъзи бир жойларда давом этиб келмоқда.

Аммо бизнинг диёрларимизда асосан Нақшбандия тарийқати тарқалгани учун бу нарсалар тарқалмай қолган. Бу ерларда самоъда баъзи байтларни мусийқасиз, оҳанг билан айтиш бор. Буни эса, ҳозирги замонимизда тасаввуфда кўпгина илмий ишлар олиб борган кишилар ҳам жоиз нарса сифатида эътироф қиладилар.

Устоз Саъийд Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзи­нинг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар билан ўтказган ҳаётлари давомида «ҳадаа» маълум нарса бўлган. (Ҳадаа – шеърни хиргойи қилиш). Баъзилар юриб кетаётиб ҳадаа айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳадаада иштирок этганлар. Саҳобалар шеър айтар эдилар. Ўша шеърларнинг баъзилари оҳанг билан айтилар эди. Баъзиларини қизлар, баъзиларини эркаклар иш ва юриш давомида айтганлар.

Аммо, саҳоба розияллоҳу анҳумнинг доимий бўлмаса ҳам, ғолибо самоълари Қуръони Карим бўлган. Шеър айтиш ёки ўқиш ҳам бўлган. Лекин бу нарсалар асосан дам олиш пайти, хурсандчилик ва тўй муносабатлари ила бўлган.

Ибн Касир, Ибн Мурдавайҳи ва Насаий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг бирортангизни зинҳор бир оёғини иккинчиси устига қўйиб олиб, қўшиқ айтаётганини кўрмай. «Бақара» сурасини ўқимай қўймасин. Шайтон «Бақара» сураси ўқилган уйдан қочади. Албатта, уйларнинг энг кичиги Аллоҳнинг китобидан холий бўлганидир», – деганлар.

Бу эса, саҳобалар ҳаётида асосий самоъ Қуръони Карим бўлганини билдиради.

Шеърнинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин у уларнинг ҳаётида худди таомга қўшиладиган туз каби бўлган. Шунингдек, уларнинг ҳаётида оҳанг билан бир нарса айтишнинг ҳам ўрни бўлган. Аммо, бу нарсалар уларнинг улкан ишлар билан тўлиқ улуғ ҳаётларидан оз жой эгаллаган.

Бу гаплар баъзи сўфийларга эътироз сифатида айтиладиган нуқталардан биридир. Уларнинг ҳаётида оҳанг ва гўзал овоздан ҳузурланиш саҳоба розияллоҳу анҳумнинг ҳаётларидагига қараганда катта улуш олгандир».

Ўша чегараланган самоъ вақтида ҳам одобга риоя қилиш қаттиқ таъкидланади. Суфийлар бу борадаги одобларни ҳам тартибга солганлар:

1. Самоъ вақтида гапирмаслик.

2. Беҳуда нарсалар билан шуғулланмаслик.

3. Табассум қилмаслик.

4. Овозини баланд қилмаслик.

5. Кийим-бошини йиртмаслик.

6. Бошини қимирлатмаслик.

7. Қарсак чалмаслик.

8. Самоъ учун махсус тўпланмаслик.

9. Самоъ бўлмаса, ахтармаслик.

10. Танбур чалиш ва «яшанг, яшанг» дейиш бўлмаслиги.

11. Тор бўлмаслиги.

12. Доира ҳам, дўмбира ҳам бўлмаслиги.

13. Шам, тўшаклар ва ёстиқлар бўлмаслиги.

Бу борада Нақшбандия тарийқати жуда ҳам қулай ҳолатда бўлади. Чунки, суннатга энг яқин деб эътироф қилинган бу тарийқатда одатдаги зикрни ҳам овозни чиқармай қилиш йўлга қўйилган.

Шайх Муҳаммд Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ