loader
Foto

Ҳамма Қуръон ўқирди. бироқ...

Арабчани билмайдиган кишилар арабларга ҳавас қилиб, “Қуръонни тушуниш улар учун мушкул эмас”, деб ўйлашади. Бу фикр кўпам тўғри эмас. Араблар, албатта, шундай имкониятга эга. Бироқ бошқа бир муаммо ҳам бор. Бу, уларнинг Қуръонга нисбатан беписандлигидир.

Маълумки, билмайдиган, билмаслигини биладиганларда бир кун келиб ўрганиш имкони бор. Лекин билмай туриб ўзини билағон ҳисоблайдиганларнинг ҳеч нарса ўргана олмаслиги ҳам ҳақиқатдир.

Ҳаж сафарида юрганимда бир куни Қуръон ўқиб ўтирсам, бир оят чиқиб қолди. Оятнинг руҳи дилга нақш бўлгудай маъносидан ҳайратга тушдим. Юз-кўзидан араб миллатига мансуб экани аён бир кишини синаб кўрмоқчи бўлдим. Оятни ўқиб, бир сўз маъносини сўрагандим, маъноси нега керак, дегандай беҳис қараш билан жавоб берди. У менинг муқаддас Каломни тушуниш истагимдан ажабланди. Бу – даҳшат эди. Арабнинг билиш-билмаслигини аниқлай олмадим. Маълум бўлгани шуки, у ҳам миллиёнларча турдошлари каби Қуръонни табаррукан талаффуз қилиниб, токчага териб қўйиладиган муқаддас ашё, деб биларди.

Бу воқеадан кейин атрофдагиларнинг Қуръонга муносабатини диққат билан кузата бошладим. Кузатганим сари ташвишим минг чандон орта борди. Одамлар Қуръонни шунчаки тиловат қилишар, кейин яна токчага жойлаб қўйишарди.

Тиловат қилаётганлардан бирортасининг юзида азоб оятининг қўрқинчи, раҳмат оятининг қувончи, жаннат ҳақида сўз борадиган оятлар севинчи, дўзахдан гапириладиган оятлар даҳшати каби аломатлар кўринмасди. Кўпчиликда Қуръондан таъсирчанлик аломати йўқ эди ҳисоб.

Сўзимнинг исботи сифатида бир воқеани келтираман.

Масжидул ҳаром. Жума намози пайти. Тумонат одам. Игна ташласангиз, ерга тушмайди. Бир киши оёғини охиригача кериб, чордона қурволган кўйи икки кишилик жойни бир ўзи эгаллаган, ялпайиб ўтирибди. Биров яқин келаётганини кўрса, ёнимга келиб ўтирмасин деган хавотирда янаям ёйилиб олишга ҳаракат қилади. Кечикканлар, жамоат намозга турганда жой топишга умид қилиб, дақиқаларча оёқда кутардилар. Намозга тургач, мен жойимни икки ўспиринга бердим. Ўзим олдинги сафда ёйилиб ўтирган бояги кишидан – барча узр жумлаларини, назокат калималарини ишга солиб – бироз жой беришини илтимос қилдим. У юзини тириштирганча қўпол оҳангда рад этди. Ваҳоланки, ҳалигина шу одам кўз ўнгимда бир соатга яқин тебраниб-тебраниб Қуръон тиловат қилганди. Ўшанда яна бир киши келса-ю, унга жойимни бериб, ўзим пешин намози билан кифоялансам, шояд шунда бу одам кўнглида инсонийлик туйғулари уйғонса, деб астойдил умид қилдим. Аммо ҳеч ким келмади...

Намоз ўқиш осон, намознинг моҳиятини ҳаётимизга татбиқ этиш қийин.

Қуръон ўқиш осон, Қуръоний ахлоқ билан безаниш жуда-жуда мушкул.

Ҳажга бориш осон, аммо чин инсон бўлиш осон эмас.

Қуръонни тафаккур, тадаббур қилиш борасида нега тўхталганим, ўйлайманки, энди ойдинлашди. Бежизга Қуръонда : “Ахир улар бу Сўзни (Қуръонни) тафаккур қилиб кўрмадиларми?..” дейилмаган. (Мўминун сураси, 68-оят.)

Манба: “Ирфон” тақвимининг 2008-йилги 4-сони.