NYT’нинг тўплаган маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати Эроннинг банклари, телекоммуникацияси, портлари, темир йўллари, соғлиқни сақлаш ва ахборот технологиялари соҳасига инвестиция киритади.
Эронлик амалдорнинг сўзларига кўра, эвазига Хитойга мунтазам равишда, катта чегирма билан нефт етказиб бериш кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа қўшма машғулотлар ва дарслар, қуролларни биргаликда ўрганиш ва ривожлантириш ҳамда разведка маълумотларини ўз ичига олувчи ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришни ҳам назарда тутади.
Аввалроқ Эрон АҚШнинг Теҳронга қарши санкциялари бекор қилинмагунча уранни бойитиш даражасини 20 фоиздан туширмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди. «Ураннинг 20 фоизга бойитилиши ядровий битимнинг 36-бандига мос келади ва агар АҚШ барча санкцияларни бекор қилсагина, бу фоиз пасайтирилади», — деди ҳукумат вакили.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг доимий вакиллари қўмитаси Эронда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниш ҳолатлари кузатилган деб гумон қилган ҳолда саккиз нафар жисмоний ва уч юридик шахсга нисбатан чеклов чораларини қўллаш ҳақида қарор чиқарди. Санкциялар Евроиттифоқ кенгаши томонидан расман тасдиқланганидан кейин, яқин кунлар ичида кучга киради. Чекловлар Эронда 2019 йилда бўлиб ўтган норозилик намойишларини аёвсиз бостириш билан боғлиқ ҳаракатлар сабаб жорий қилинади. Бу ҳақда daryo.uz сайти ҳабар тарқатди.