loader
Foto

Мадад сўраш

Баъзи суфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишни сўраганлар. Бошларига тушган мушкулларни кушойиш қилишни сўраганлар. Шунингдек, бирор фойдали иш бўлишини ҳам сўраганлар. Бу ҳол айниқса, одамлар бошига оммавий кулфат тушган пайтларда ёрқин намоён бўлади. Ўша пайтларда зикрлар уюштирилиб, «Ё мадад! Ё мадад!» кўпайиб қолади. Ҳар қавм ўзи эътиқод қиладиган валий ёки солиҳ кишининг номини айтиб мадад сўрайди.

Аксар ҳолларда Хизр алайҳиссаломдан мадад сўраш одат тусига кирган. Оналар болаларини бирор жойга юбораётиб, Хизр бувам қўлласин, дейдилар. Бошқаларда ҳам бунга ўхшаш мадад сўрашлар тез-тез такрорланади.

Одатда беморлигига шифо излаганлар ҳам бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, назр атаб туриб дардига шифо сўрайди. Баъзилар фарзанд сўрайди. Яна бошқа бировлар ўзининг бошқа ҳожатининг раво бўлишини тилайди. Улар қабр тошларини ўпиб, кўзларига суртадилар. Яна бошқа бидъат ишларни қиладилар.

Уламоларимиз бу ишларнинг барчаларини инкор қиладилар ва уларга қарши курашадилар. Улар тирик ёки ўлик шахслардан, ким бўлишларидан қатъий назар мадад сўраш ширк эканини тинмай таъкидлайдилар.

Аммо баъзи бир тасаввуф сафига суқилиб кириб қолганлар мазкур ишларни ўзларича таъвил қиладилар. Улар аҳли солиҳ кишилар тирикликларида ҳам, ўтганларидан кейин ҳам ўз руҳлари билан мадад бера олишларини даъво қиладилар. Бу даъволарини тасдиқлаш учун турли қиссалар ҳам айтадилар. Улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз.

Бир мурид оғир юкни кўтариши керак бўлиб қолибди. У ҳарчанд уринса ҳам, ҳалиги юкни кўтара олмабди. Кейин шайхи эсига тушибди-да, ё пирим, деб туриб кўтарган экан. Дарҳол юкни кўтариб йўлига равона бўлибди. Манзилга етгандан кейин пирининг олдига кириб бўлган ҳодисани айтибди. Шунда пир, юкни сен кўтардинг-у, азобини биз тортдик, деб елкасини очиб кўрсатибди. Қараса, елка юк ботганидан шилиниб кетган эмиш.

Бу дунёдан ўтиб кетган авлиёларнинг ихлос қилган кишиларга берган «ёрдамлари» ҳақида сон-саноқсиз қиссалар бор ва улар тинмай янгилари билан тўлиб боради.

Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан олимлар мадад сўраш масаласида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларнинг сабабларини ҳам аниқлаганлар.

Ўша сабаблардан бири шийъа мазҳабидан таъсирланиш, дейдилар мазкур олимлар. Турли омилларга кўра аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги кишилардан баъзилари аҳли ташаййуънинг фикрларидан таъсирланган ҳолатлар ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидаги кишиларда имом ҳақида ўзига хос эътиқод бор. Ўша эътиқодга биноан имом ғайбни билади, халойиқнинг нидоларини эшитади ва ҳоказо. Баъзи тариқатда юрган кишилар ҳам ўз шайхлари ҳақида мана шу эътиқодни қиладилар.

Замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Араб шарқидаги саёҳатчининг эсдаликлари» номли китобларида тариқат шайхларидан бирининг эшиги олдида ҳалқа бўлиб олиб зикр қилаётган кишилар «Мадад! Эй, саййидим Ҳасан! Сен - султони замон!» деб турганларини кўрганликларини ёзганлар ва шайхлар тавҳидга зид бу ҳолни кўриб туриб жим турганларидан ажабланганлар.

Мазкур сабабларнинг иккинчиси ва асосийси баъзи бир оят ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилиш ёки ўта заиф ҳадиси шарифларни ҳужжат қилиб олишдир.

Баъзи бир илмли тасаввуф шайхлари бу ҳолни енгиллаштириш учун мадад фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина бўлишини таъкидлаш билан бирга азиз-авлиёлардан мадад сўраш ишини бошқачароқ тушунча асосида англашга ёки англатишга ҳаракат қиладилар.

Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо «мадад» деган гапларига келсак, албатта, йўқдан бор қилиш ва мадад бериш неъмати фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир ва Аллоҳ таолонинг Ўзидангинадир. Бу дунё ҳаёти ҳам, охират ҳаёти ҳам, мулкнинг барчаси ҳам, малакутнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ва мадади билан бўлади. У зотнинг Ўзи «Ҳаммасини, анавиларига ҳам, манавиларига ҳам Роббинг атосидан мадад берурмиз!» деган. Бу оят комил ва шомилдир. Бошқа бир оятда «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридан, деб айт!» дейилган.

Банда йўл ва сабабдир.

Ҳар бир нарсага йўл ва сабаб бор.

Бас, агар мадад сўровчи тирик шайхдан мадад сўраётган бўлса, унинг мадад сўрашдан мақсади илм, иршод ёки дуо сўрашдир. Қалб орқали ёки нафс орқали. Ёхуд шайхнинг иймон сирлари, ибодат қуввати ва Аллоҳ билан бўлган алоқаси билан йўғрилган қувватидан руҳий оқим ёки таъсирини сўрашидир.

Ҳар бир махлуқнинг таъсир қилувчи каҳрабо ва магнит оқими ва йўналишлари бор. Буни эски ва янги илм исбот қилди. Ҳамда бунга инсондаги шижоат, мурувват, ҳиммат ва шунга ўхшаш нарсаларни далил қилди. Буларнинг ҳаммаси махфий қувватлардир. Биз уларни турли номлар билан атаб, ахлоқ деб васф қилганмиз.

Сўнгра буни янги илми нафс ҳам тасдиқлади. У ҳасадни инсондаги ёмон қувватга мисол қилиб олди. Бундан инсонда муқобил ўлароқ яхши қувватлар борлигига далилдир. Ўша қувватлар бошқаларга худди ҳасад қилинган шахсга таъсир кўрсатганидек таъсир кўрсатади. Ҳар бир нарсанинг муқобили бордир. Бу унинг зиддидир.

Сўнгра дунёнинг барча дорулфунунлари ва маҳкамалари томонидан эътироф этилган магнит ухлатилиши ҳам бор. Бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган далилдир.

Шайх Ибн Қайюм ўзининг «Руҳ» номли китобида тириклар ва ўликларда кўпгина инсоний қувват ва энергиялар борлигини таъкидлаган.

Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳга шафоатчи бўлиб йўлланишини сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Бунинг тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат ақл эгаларигина қодир бўладилар.

Бу баъзи тасаввуфга нисбат бериладиган жамоаларнинг алаҳлашга ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзуънинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».

Бошқа бир замондош тасаввуф ҳақида бир қанча китоблар ёзган мутахасис Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Тарбиятунар руҳия» номли китобининг 312-313-бетларида бу борада тамоман бошқача фикр тақдим этади:

«Авлиёлар Аллоҳ таолонинг «Улар иймон келтирган ва тақво қилганлардир» деган қавлида зикр қилингандирлар. Уларнинг кароматлари шариатдаги шартлари ила собитдир. Шу билан бирга эътиқод шулки, улар розияллоҳу анҳум, ўзларига ҳаётлик чоғларидан ҳам, мамотларидан кейин ҳам наф ва зарар бера олмайдилар. Бас, шундай экан ўзгаларга ҳеч нарса бера олмасликлари турган гап.

Ривоятларда келгандек, кайфиятда қабрларни зиёрат қилиш шариатда суннат ҳисобланади. Аммо ким бўлишларидан қатъий назар қабрдагилардан мадад сўраш, уларга бу ҳақда нидо қилиш, улардан ҳожатларни раво қилишни сўраш, уларга назр аташ, қабрларни безаш, мунаввар қилиш, силаш, Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ва улардан келиб чиқадиган бидъатлар гуноҳи кабиралар бўлиб, уларга қарши уруш очиш вожибдир. Дарча очмаслик учун бу ишларни таъвил қилишга ўтмаймиз.

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганса, тавҳидни ҳимоя қилиш энг муҳим масала эканини яққол кўради. Ҳеч шубҳа йўқки, мазкур нидоларга ўхшаш нарсаларни таъвил қилиш имкони бўлса ҳам, улар энг оз деганда баъзи одамлар учун ширк эшикларидан бир эшикдир.

Мен баъзи кишиларнинг авлиё ва шайхларга нидо қилиб мадад сўраш шийъалардан кириб қолган нарса эканини баҳона қиладилар ва бунга шийъалар ишлатадиган мадад сўзини далил қилиб келтирадилар.

Баъзилари эса руҳларнинг бу дунё билан алоқаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

Аммо униси ҳам, буниси ҳам тавҳиднинг аслига тасир ўтказадиган мазкур ишларни оқлаш учун кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло бизларга ўтганларга дуо қилишимизни амр қилган, улардан бирор нарсани сўрашга амр қилмаган. Аллоҳ таоло мўминларнинг васфида

«Улардан кейин келганлар: «Эй, Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар», деган (Ҳашр, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимизда «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин» дейишимизни таълим бердилар.

Иш чаппасига айланиб, уларнинг ҳақига дуо қилиш ўрнига улардан мадад сўраб турсак, шубҳасиз хато қилган бўламиз».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Тасаввуф ҳақида тасаввур" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР