Бухорий ривоят қилган хадисда, Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мен сизларни Дажжолдан огоҳлантираман. Ҳар бир Набий ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Нух ҳам қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга, у ҳақда биронта пайғамбар қавмига айтмаган сўзни айтаман. Билиб қўйинлар, Дажжол ғилайдир. Аллоҳ ғилай эмас”.
Абу Умома ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам одамларга нидо қилиб, шундай дедилар: “Эй инсонлар ! Аллоҳ, Одам зурриётини яратгандан бери, ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган. Аллоҳ азза ва жалла биронта набийни юборган бўлса, албатта у умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен набийларнинг сўнгисиман. Сизлар энг сўнги умматсиз. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. Агар у, мен орангизда бўлган вақтда чиқса, мен ўзим ҳар бир мусулмон учун у билан хужжатлашиб (ғолиб чиқаман). Агар у, мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун хужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга, ҳар бир мусулмонга ёрдам беради...” (Ибн Можа ривояти)
Шубҳасиз, Дажжол узоқ замондан бери мавжуд. Уламоларнинг эҳтимолий гапларига кўра, у Мусо алаҳис-салом даврида ҳам тирик бўлган. (Мухаммад Исо Довуднинг “ Ал-хуйутул-хафия” китобидан)
Аллоҳ таоло башариятни, унинг ёмонлик ва мусибатларидан қутқариш учун Исо алаҳис-саломни ер юзига туширгунча, у мавжуд ва тирик бўлади.
Дажжолнинг бундай узоқ умр кўришининг сири, қуйидагича бўлиши мумкин. Дажжол, ёмонлик, фитна, залолат ва макр-хийла жиҳатидан Иблисга ўхшайди. Аллоҳ таоло Иблис ва унинг ёрдамчиларига қиёматга қадар яшамоқ учун мухлат берганидек, Дажжолга ҳам қиёматга қадар тирик қолишга рухсат берган. Зеро Дажжол бутпараслар пушту-паноҳи, сигирга сиғинувчиларнинг йўлбошчисидир.
Имом Ахмад муснадларида, Набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай хадис ривоят қилинган: Дажжолнинг ота-онаси ўттиз йил фарзанд кўрмайдилар. Сўнгра уларда ҳаммага зарар берувчи, манфати оз, ғилай фарзанд дунёга келади. Унинг кўзи ухласа ҳам қалби ухламайди”.
Ривоят қилинишича, саҳобалардан бири, кимсасиз оролда, занжирбанд этилган Дажжол билан учрашган. Бу ажойиб ва ғаройиб учрашувдан Дажжолнинг чиқиши билан бошланажак катта фитнадан олдин, унинг аҳволи қандай эканлигини билишимиз мумкин. Дажжол билан сахобанинг ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан, унинг дунёда рўй бераётган баъзи воқеаларни, ҳаттоки Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиши ва Мадинага ҳижрат қилишидан ҳам хабардор эканлиги маълум бўлади.
Келинг, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган, бу таъсирли учрашув ҳақидаги хадисга қулоқ тутайлик.
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом билан намоз ўқидим. Қавмнинг орқасидаги аёллар сафида эдим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб минбарга ўтирдилар. У зот кулдилар ва:
«Ҳар бир инсон намозгоҳини лозим тутсин», дедилар.
Сўнг у зот ўз сўзларидан давом этиб:
«Сизларни нимага жамлаганимни биласиз-ларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейиш-ди.
«Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, бир қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Аммо сизни жамладимки, Тамийм ад-Дорий насроний одам бўлган эди. У келиб байъат қилди ва мусулмон бўлди. У менга сизларга мен Масийҳи Дажжол ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гап гапирди. У ўзининг Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан денгиз кемасига минганини, уларни тўлқин денгизда бир ой олиб юрганини, сўнгра кун бо-тиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтаганларини айтди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб оролга кирибдилар. Уларга бир ғалати жонвор учрабди. Унинг жуни кўп экан. Унинг жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Бас, улар унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дейишибди.
«Мен жассосаман», депти.
«Жассоса нима?» дейишибди.
«Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутмоқда», депти.
У айтдики:
«Бизга у одамнинг исмини айтганда бу урғочи шайтонмикан деб қўрқдик. Шошилиб бориб хил-ватхонага кирдик. Қарасак, биз кўрган инсонларнинг энг каттаси, энг кучли боғланиш ила боғланган ҳолда турибди. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир ила жамланган. Биз унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дедик.
«Менинг хабаримни топдингизми, хабар бе-ринглар, сизлар кимсизлар?» деди.
«Биз араблардан бўлган одамлармиз. Денгиз кемасига мингган эдик. Денгизнинг қўзғолган вақтига тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб охири сенинг мана шу оролингга олиб келиб ташлади. Кейин кеманинг қайиқларига ўтириб оролга кирдик. Бизга бир ғалати жонвор учради. Унинг жуни кўп экан. Унинг жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Бас, биз унга:
«Шўринг қурисин, сен нимасан?» дедик.
«Мен жассосаман», деди.
«Жассоса нима?» дедик.
«Анави хилватхонадаги одамнинг олдига бо-ринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутмоқда», деди. Биз сенинг олдингга шошилиб келдик. Биз ундан қўрқдик. Уни урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик.
«Менга Байсон хурмосининг хабарини беринг», деди.
«Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», де-дик.
«Мен унинг хурмоси ҳақида сўрамоқдаман, у мева қиладими?» деди.
«Ҳа», дедик биз унга.
«Аммо у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди.
«Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», де-дик.
«Унинг ичида сув борми?» деди.
«Унинг суви жуда ҳам кўп», дедик.
«Аммо келажакда унинг суви кетади. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди.
Унинг нимаси ҳақида хабар берайлик», дедик.
«Булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди.
«Ҳа! Булоқда кўп сув бор. Ўша булоқнинг су-вини унинг аҳли зироатга ишлатади», дедик.
«Менга уммийларнинг набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди.
«Батаҳқиқ, у Маккадан чиқди ва Ясрибга нозил бўлди», дедик.
«Араблар унга қарши уруш қилдиларми?» деди.
«Ҳа», дедик.
«У аларга қандоқ муомала қилди?» деди.
Биз унга у ўзига яқин араблардан устун келганини ва улар унга итоат қилишганининг хабарини бердик.
«Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у.
«Ҳа», дедик.
«Албатта, уларнинг унга итоат қилганлари ўзлари учун яхшидир. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда хабар берай. Мен, албатта, Масийҳман. Албатта, менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилганимда ер юзида сайр қиламан. Кирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Уларнинг иккиси менга ҳаром қилингандир. Қачон иккисидан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени ялоғочланган қилич билан қарши олади, мени ундан тўсади. Шунингдек, ҳар бир йўлини ҳам фаришталар қўриқлаб туради», деди».
(Фотима) айтдики:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб туриб:
«Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Яъни, Мадийнадир! Айтингларчи! Мен сизларга айтганмидим?!» дедилар. Шунда одамлар:
«Ҳа», дейишди.
«Тамиймнинг гапи мени ажаблантирди. У мен сизларга унинг ҳақида, Мадийна ва Макка ҳақида гапириб юрган гапимга мувофиқ келди», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Аммо у Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ! Машриқ томондадир. У машриқ томондандир. У машриқ томондандир», дедилар ва у, деб туриб машриқ томонга ишора қилдилар».
Мен шуни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ёдлаб олдим, деди». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий).
Эътиборли жойи шундаки, Дажжолнинг номи Қуръонда очиқ-ойдин келмаган. Ҳақиқатда, нима учун у зикр қилинмаган? Албатта бу мулоҳазада жон бор. Лекин Аллоҳ, Дажжолни эътиборга олмагани, унинг ишини назар-писанд қилмагани учун, бу пасткашнинг номини Қуръони Каримда зикр қилмаслиги, эҳтимол, мўминларнинг қалбига хотиржамлик бахш этар. Чунки, у ҳақиқатда заиф, ҳақир ва алдоқчи. У “Мен, ибодатга лоиқ илоҳман”, деб одамларни алдайди.
Ибн Касир айтади :
“Дажжол, ўзи даъво қилаётган рубубият мақомига нисбатан нуқсони аниқ ва равшандар. Дажжолнинг Қуръонда зикр қилинмаслиги, мўмин бандаларга имонни, Аллоҳ ва расулига таслим бўлишни зиёда қилишини билгани учун, Аллоҳ уни зикр қилмади, каломида номини айтмади. (Ибн Касир “Фитналар ва жанглар” китобидан)
Қуръон Дажжолни ошкора зикр қилмади, балки унга ишора қилиб ўтди. Бағавийнинг тафсирида, “Шак-шубҳасиз осмонлар ва ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар” (Ғофирсураси, 57)
Оятининг шарҳида имом Бағавий айтади: “Оятдаги инсонлардан мурод Дажжолдир. Бу “озчилик ўрнига кўпчиликни ишлатиш” қоидасидир.
Баъзилар “Аллоҳ таолонинг ушбу оятида ҳам Дажжолга ишора қилинган”, дейишади.
“Парвардигорингизнинг айирим оят-аломатлари келадиган кунда эса илгари имон келтирмаган ёки имонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган имони) фойда бермас...” (Анъом сураси, 158)
Бу оятни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги хадислари шархлайди.
“Агар учта оят-аломат чиқса, илгари имон келтирмаган ёки имонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган имони) фойда бермас. Улар Дажжол, ер хайвони ва қуёшнинг мағрибдан ёки ботар томонидан чиқиши”. (Термизий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган)
Яна Ибн Касир айтади :
“Дажжол улуҳиятни даъво қилгани сабабли, Аллоҳ уни камситиб, Қуръонда исмини ошкора зикр қилмади. Унинг иши оламлар раббиси наздида эслашга арзимайди. Унинг даъвосини ҳикоя қилиш энг ҳақир ва кичик нарсадир”. (Ибн Касир “Фитналар ва жанглар” китобидан)
Биз эса, Набиймиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз хадиси шарифларида, Дажжолнинг чиқишини таъкидлаганларига, унинг фитнасидан огоҳлантирганларига ишора қилиб ўтмоқчимиз. Зеро Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намозларининг охирида, ташаҳуддан кейин, Дажжолнинг ёмонлигидан паноҳ тилашни доимий одат қилганларининг ўзи бизга кифоя қилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар:
“Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан, қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масихи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби, мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин”.