loader
Foto

Ихтилоф илми

«Хилоф» фиқҳий илмлардан бири бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти ўрганилади.

Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда назарлари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши оддий бир ҳол. Бир пайтлар бу хилофлар кенг тарқалган эди. Чунки фиқҳда тақлид қилувчилар кимга тақлид қилгиси келса, ўшанга тақлид қилаверар эди.

Кейинчалик эса тақлид тўрт мўътабар имомга бўлиши кераклиги чегара бўлиб қолди. Одамлар уларга кўпроқ ишонганлари учун, бошқаларни қўйиб, айнан тўртовларига тақлид қилишни ихтиёр қилдилар. Машҳур ва маълум тўрт фиқҳий мазҳаб Ислом уммати учун асл бўлиб қолди. Хилоф ҳам айнан шу тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида бўлади. Ана ўша мазҳабларни тутганлар ўз имомининг гапини қўллаш учун бошқалар билан мунозаралар қиладиган бўлди. Улардан ҳар бири ўз мазҳабининг чиқарган ҳукми тўғри эканини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар келтиради.

Фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги китоблар икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисмда имомларнинг барча ихтилофларини қамраб олишга ҳаракат қилинади. Баъзиларида ихтилофчиларнинг далиллари келтирилади, баъзиларида келтирилмайди.

Биринчи қисмга оид қадимги китобларга имом Абу Ҳанифанинг «Ихтилофи саҳоба», имом Абу Юсуфнинг «Ихтилофу Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло» ва «Ар-радду ала сиярил Авзоъий» номли китоблари, имом Муҳаммаднинг «Ал-ҳужжату ала аҳлил Мадийна» китоби, имом Таҳовийнинг «Китобу ихтилофил фуқаҳо»си, имом Қудурийнинг «Ат-тажрийд»и, имом Қаффол Шошийнинг «Ҳулятул уламо фий ихтилофил фуқаҳо»си, Нажмуддийн Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг «Манзуматун-Насафий»си каби китоблар киради.

Иккинчи қисмда асосий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уламолар далилларни олган манбалар ҳақида сўз юритилади.

Иккинчи қисмга оид китобларга имом Даббусийнинг «Таъсийсун-назар»и, Ибн Рушднинг «Бидоятул мужтаҳид ниҳоятул муқтасид»и ва Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Инсоф фий баяни сабабил ихтилоф»и каби асарлар киради.

Шунингдек, шофеъийларнинг «Маъхаз»и (имом Ғаззолий), моликийларнинг «Китобут-талхийс»и (Абу Бакр ибн Арабий), ҳанафийларнинг «Китобут-таълийқа»си (Абу Зайд Даббусий), ҳанбалийларнинг «Ишроф ала мазаҳибил ашроф» (Вазир ибн Ҳубайра Ҳанбалий) ва «Ифсоҳ ала маъонийис-сиҳоҳ» китоблари китоблари мисол бўлади.

Зикр қилинган шахс ва китобларнинг номларидан уламолар ҳижрий биринчи асрдан бошлаб илмул хилофга катта аҳамият берганлари кўриниб турибди. Ҳатто катта имомлар фатво бериш учун уламоларнинг ихтилофли қавлларини билишни шарт қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Фатво берадиган киши ўзидан олдин ўтганларнинг қавлини билиши лозим. Акс ҳолда фатво бермайди», деганларини Ибн Қайюм «Эъломул муваққиъийн» номли китобида келтирган.

Уламоларнинг турли қавллари кўплаб тафсир, ҳадис шарҳи ва фиқҳ китобларида ҳам келтирилади.

Илмлар тарихи ҳақида сўз юритган олимларнинг барчаси: «Имом Абу Зайд Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидир», дейдилар. У киши Бухоро билан Самарқанд ўртасидаги Даббуса қишлоғида туғилган. Имом Абу Зайд Даббусий ҳижрий 430-санада Бухорода олтмиш уч ёшда вафот этган. У кишининг бу соҳадаги китоблари «Таъсийсун-назар фий маа ихталафа биҳил фуқаҳау Абу Ҳанифата ва соҳибоҳу ва Молик ваш-Шофеъий» ва «Китобут-таълийқа» деб номланади.

Вақти келиб, ҳар мазҳабнинг уламолари бу илм бўйича ўз китобларини ёздилар. Улар кераклича кўпайди.

ИХТИЛОФ ОДОБИ

Фақиҳлар орасида ихтилоф бўлиши табиий иш экани юзасидан уларнинг орасида чиқадиган хилофлар одоб билан йўлга қўйилиши зарур бўлади. Ихтилоф одобига риоя қилиш юксак одоблардан бўлиб, унинг қадрини қадри юксак кишиларгина тушуниб етадилар. Шу боис қадимги уламоларимиз бу масалада ҳам илмий изланиш олиб борганлар ва керакли китобларни ёзганлар. Уларда асосан ихтилоф одоби қоидаларини баён қилганлар. Мисол учун, қуйидаги қоидаларни зикр ва шарҳ қилганлар:

- Тақво, Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳавойи нафсга эрк бермаслик.

- Бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш.

- Масалада лутфли бўлиш ва хилофда юмшоқ бўлиш.

- Қарши тараф ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин унинг далилларини ўрганиш.

- «Билмайман», дейиш илмнинг ярми.

- Мўътадил бўлиш ва мутаассибликни тарк қилиш.

- Ўзининг камчилигини тан олиш.

- Ҳақ зоҳир бўлганда, унга қайтиш ва бўйсуниш.

- Қарши тараф айтмаган гапни айтди, дея туҳмат қилмаслик.

- Қарши тараф айтган гапнинг ўзини нақл қилиш ва воситачилардан четланиш.

- Уламоларнинг қоқилиши пайидан бўлиш эсипастларнинг ишидир.

- Таъвилнинг эҳтимоли бор гапларда мухолифни фосиққа ёки бидъатчига чиқариш жоҳилликдир ва ҳоказо...

Ушбу қоидаларга амал қилиб, фақиҳлар бир-бирларининг ҳурматларини жойига қўйганлар ва илмнинг ривожига катта ҳисса қўшганлар. Ушбу одоблар доирасидан чиққанларни қаттиқ қоралаганлар. Бугунги кунда ҳам мазкур хилоф одоби қоидаларига эҳтиёжимиз жуда ҳам кучли.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Мазҳаблар – бирлик рамзи китоби”дан