loader
Foto

Хитой уйғурларни секин, прогрессив, қўрқинчли тарзда йўқ қилмоқда

Хитой Миллий статистика бюросининг 2020-йил рақамларидан маълум бўлишича, Шинжонда аҳолининг ўсиш суръати 2017-йилга қараганда кескин тушган – 67 фоизга. Бу рақам ўлим ва туғилиш нисбатини ҳисобга олади. Масалан, 2017-йилда ўсиш суръати 1000 аҳолига 11,4 промиллени ташкил этган бўлса, 2019-йилда бу кўрсаткич 3,69 промиллега тенг бўлган.

Хитойда туғилиш суръати нафақат Шинжонда, балки мамлакат бўйлаб тушган ва бунга турлича сабаблар кўрсатилмоқда. Энг паст рақамлар Шинжонда. Вилоятнинг уйғурлар энг кўп яшовчи жанубий қисмида аҳвол янада аянчли. Масалан, аҳолисининг 97 фоизини уйғурлар ташкил этувчи Хўтан районида туғилиш суръати 2018-йилда 1000 одамга 8,58 чақалоқни ташкил этган. 2017-йилдан олдин бундан салкам 2,5 баравар кўп эди.

Шинжонда туғилиш сиёсати

Хитой расмийлари туғилиш суръатининг камайишини оилани режалаштириш сиёсатининг қаттиқ назорат этилаётгани, қоидабузарларнинг жазоланиши билан изоҳламоқда. Уйғурлар ва озчиликдаги бошқа элатлар хитойлар учун белгиланган “Бир оила – бир фарзанд” сиёсатидан холи эди. Ушбу мажбурият мамлакат бўйлаб 2016-йилда бекор қилинган.

Шинжонда шаҳар аҳолиси оилада иккита, қишлоқ ҳудудларда эса учтагача фарзандга эга бўлиши мумкин. Чекловни бузганларга йирик миқдорда жарима солинади. Кўп фарзандли оилаларга одатланган уйғурлар учун бу оғир келмоқда.

“Хитой ҳукумати маълум пайтдан бери озчиликдаги элатлар аҳолисининг ўсиш суръати хитой аҳолисиникига қараганда юқорироқ эканидан хавотирдалиги кўриниб турибди, гарчи озчиликдаги этник гуруҳлар мамлакат аҳолисининг ҳали ҳам 9 фоизидан камини ташкил этиб турган бўлса-да”, - дейди Британиянинг Нюкасл университетида Хитой бўйича мутахассис Жоанн Смит Финли.

Унга кўра, ҳукмрон Коммунистик партия ёш ва профессионал хитой оилаларининг иккинчи фарзандли бўлишга ошиқмаётганидан ташвишда.

“Партия Хитойда ишчи кучи ҳажмининг тушаётганига чек қўйиш ҳамда жинсий номувозанатни тўғрилаш мақсадида оилаларнинг икки фарзандли бўлишини тарғиб қилмоқда. Озчиликдаги этник гуруҳлар вакиллари кўпайганидан кўра хитойларнинг кўпайишини хоҳлайди ҳукумат”, - дейди Финли.

Қатлиомда айбловлар

Хитойда уйғурларни қайта тарбиялаш лагерлари тизими кучли ривожланган бўлиб, АҚШ ва бошқа давлатлар бундай сиёсатни қатлиом ёки геноцид деб атайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, бундай лагерларда бир миллиондан ортиқ одам сақланмоқда.

Пекин лагерлар одамларни қашшоқликдан чиқаришга қаратилганини, таълим-тарбия, ҳунар беришини таъкидлайди. Бироқ ташқаридаги кузатувчилар лагерларни мажбурий жазо муассасалари деб билади.

“Бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқаларнинг кўп ҳолларда кўп болали бўлгани учун бу лагерларда мажбурий сақланаётгани одамларни кўпроқ бола коришдан ёки давлатнинг туғилишни қаттиқ назорат қилишга қаратилган сиёсатига қаршилик кўрсатишдан қайтариш учун кучли тўсиқ бўлиб хизмат қилади”, - дейди Финли.

АҚШнинг Индиана штатидаги Технология институтида хитойшунос Тим Гроузнинг айтишича, фарзанд кўриш миқдорига қўйилган чекловларни бузган оилаларни қайта тарбиялаш учун лагерларга юборилгани ҳақида кўплаб далиллар бор.

Мажбурий стерилизация ҳақидаги даъволар

Хитой расмийлари туғилиш суръатининг тушаётганини ҳозирги авлоднинг турмуш қуриш маданиятидан узоқлашаётгани билан изоҳлаётган бўлса, Уйғур Америка уюшмаси аъзоси Ҳасан Кўкбўрнинг айтишича, бунга Хитой ҳукуматининг мажбурий стерилизация ва аборт сиёсати сабабчи.

“Ассошиэйтид Пресс” ахборот агентлигининг Хитой давлат статистик маълумотлари, лагерларда бўлган 30 одам, уларнинг оила аъзолари ва лагернинг собиқ ўқитувчиси билан бўлган суҳбатлар асосидаги тафтиши натижасига кўра, ҳукумат озчиликдаги элатлардан чиққан аёллардан мунтазам равишда ҳомиладорликка текширтиришни талаб қилади, бачадон ичи спиралларини қўйишга, стерилизацияга, ҳатто лагердаги юз минглаб аёлларни абортга мажбурлайди. Баъзилар буни “демографик геноцид” деб атайди.

Тим Гроузнинг “Америка Овози”га айтишича, Коммунистик партия Шинжон жанубидаги айрим қишлоқ ҳудудларда оилаларга учинчи ҳомиладан воз кечиши учун мукофот пули таклиф этмоқда.

Хитой ҳукуматининг билдиришича, оилани режалаштириш сиёсатига амал қилаётганлар ўз хоҳишига кўра бундай қилмоқда.

“Барча элат ва миллат вакиллари контрацепсия воситаларини қўллаш қарорини қабул қилишда эркиндир”, - деб ёзилган эди “Глобал Таймс” Хитой давлат газетасида 2020-йил августида чоп этилган мақолада.

АҚШнинг Висконсин университети олими Йи Фушаннинг айтишича, Шинжонда қишлоқлардан шаҳарларга кўчиш суръатининг кучайиши натижасида оила қуриш, фарзанд кўришга муносабат ўзгарган.

“Шинжонда таълим даражаси анча ошган. Одамлар кечроқ оила қурмоқда, фарзанд кўришга бошқача қарамоқда, урбанизация кучайган. Ғарб “концентрацион лагерлар”, Хитой эса “қайта таълим лагерлари” деб атаётган муассасаларнинг пайдо бўлиши оилаларнинг ажралишига сабаб бўлди, бу эса туғилиш даражасига таъсир қилмоқда”, - дейди олим.

Қандай сабаблар кўрсатилишидан қатъи назар, бир нарса аниқки, уйғурлар орасида туғилиш суръати кескин тушиб кетган.

Нюкасл университети олимаси Жоанн Смит Финлининг айтишича, Хитой уйғурларни секин, прогрессив, қўрқинчли тарзда йўқ қилмоқда.

"Бу ҳам қатлиомнинг бир тури бўлиб, уйғурлар маданиятини йўқ қилишга қаратилган бошқа чоралар билан бирга уйғур аҳолисининг катта миқдорда камайишига олиб келади. Натижада уйғурлар ўзлигидан айрилади”, - дейди у.

Манба: Америка Овози