loader
Foto

Қуръоний суҳбатлар

Раббимиз ҳузуридан Унинг улуғ ҳадяси, икки олам саодатига сабабчи бўлмиш Каломуллоҳни бизга олиб келган Расулуллоҳга салавотлар ёғилсин! У кишининг оила аъзоларига, асҳобларига дуою саломлар йўллаймиз.

Ўз ҳаётларини Қуръон ва Суннат хизматига бағишлаган уламоларимизга, уларнинг изларидан бориб, Аллоҳу Расул таълимотларига амал қилиб ўтган мўминларга, шу йўлда давом этаётган мусулмон инсонларга Раббимизнинг раҳмат ва мағфиратлари насиб бўлсин!

* * *

Аллоҳнинг биз бандаларига ато қилган неъматлари сон-саноқсиздир. Устимизга мўл-кўл марҳамат ва раҳматлар ёғилишига сабаб бўлиб келган улуғ Рамазон ойи ана шундай буюк неъматлардан бири. Бу ой бизга иншоаллоҳ, меҳрибон Раҳмондан насиб бўлажак раҳм-шафқат, баракот ва мағфират мавсуми бўлиши билан бирга шу марҳаматларга сабаб бўлувчи ибодат, тиловат, тақво, ихлос, саховат ва меҳр-мурувват мавсуми ҳамдир.

Ибодат ва чиройли итоат биздан, раҳмат ва мағфират Аллоҳдан. Биз ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қиламиз, Унинг Ўзидангина мадад сўраймиз. Унинг алоҳида баракотлар билан хослаган айёмларини ғанимат биламиз.

Барчамизга маълумки, Аллоҳ муборак Рамазон ойини муқаддас Қуръон билан шарафлаган. Қуръони каримни бир бутун ҳолда Лавҳул-маҳфуздан бизга яқин осмонга тушириш учун шу Рамазон ойини танлаган. Шундай экан, биз ҳам бу икки муборак неъмат - Қуръон ва Рамазонни ўз ибодатларимиз билан улуғлашимиз, зийнатлашимиз даркор. Рамазон ойида Қуръон тиловатига, унинг маъноларини яна ҳам чуқурроқ ўрганишга вақтимизни кўпроқ бағишлашимиз лозим. Шунда бу ой давомида ва унинг ниҳоясида Аллоҳ тарафидан бизга ато қилинадиган ажр-савоб ва баракотларнинг самараси яққол кўринади, иншоаллоҳ.

* * *

Шундай эзгу мақсадлар билан сиз азизларга ушбу баракотли ой шарофати билан тайёрланган Рамазон туҳфасини тортиқ қилмоқдамиз. Ҳикматлар соҳиби бўлмиш Раббимиз олам аҳлига Рамазон ойида Қуръонни ҳадя қилган экан, биз ҳам шундан ибрат олиб, бу ой ичида мусулмон халқимизга Аллоҳ каломидан териб олинган ояти карималарни тақдим этамиз. Ҳадямиз шундан иборат бўладики, бу муборак ойнинг ҳар бир кунида мўмин-мусулмонлар учун биттадан суҳбат уюштирамиз. Суҳбатларимиз Қуръони карим оятлари асосида ташкил этилгани боис уни "Қуръоний суҳбатлар" деб номладик. Шундай қилиб, Аллоҳнинг изни билан ҳар куни биттадан суҳбат битилган варақ сизнинг қўлингизга етиб боради. Варақда Қуръони каримдан бир ёки бир неча оят, ҳамда уларнинг маънолари таржимаси битилган бўлади. Оят ва таржима сўнггидан Табарий, Қуртубий, Ибн Касир, Бағавий, Жалолайн, Саъдий каби машҳур тафсир китобларидан шу оятларга берилган шарҳлар илова қилинади. Аллоҳ хоҳласа, Рамазон охиригача ҳаммаси бўлиб 30 Қуръоний суҳбат сизнинг хонадонингизни нурга тўлғизади.

Сиздан кутиладиган чиройли жавоб шуки, иншоаллоҳ, ҳузурингизга келтирилган муқаддас оятларни тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиб ёд оласиз. Маънолар таржимасини ҳам хотирангизга сўзма-сўз жо қиласиз. Оятларга берилган тафсир билан танишиб, Аллоҳнинг бизга қилаётган ҳаётбахш насиҳатлари мазмунидан баҳраманд бўласиз. Тафсир ва шарҳлар бошланаётган ерда тагига чизилган ва қорайтирилган кичкина сарлавҳаларни шу суҳбатдан олинадиган хулосалар сифатида эсда сақлаб қолиш тавсия қилинади. Шубҳа йўқки, муқаддас оятларда зикр қилинадиган маънолар, илму ҳикматлар сизнинг ўзингиз учун ҳам, фарзандларингиз, аҳли аёлингиз, қариндошларингиз ва дўстларингиз учун ҳам ниҳоятда зарур ва фойдалидир.

* * *

Бу хайрли ишдан кўзланган мақсад ушбу суҳбатлар давомида Қуръоннинг ҳаммасини ёки каттароқ бир қисмини ёд олиш эмас. Қуръонни ёд олиш албатта улкан савобли иш эса-да, биз ҳозир бошқа бир муҳим вазифани ўз олдимизга қўйдик. Бизнинг ниятимиз - энг аввало бу суҳбатлар сабаби билан Қуръони каримга яна ҳам яқинроқ бўлиш. Қолаверса, бугунги ҳаётимиз учун ниҳоятда аҳамиятли ва долзарб бўлган қатор жиддий масалалар ҳақидаги кўрсатмаларни Аллоҳнинг каломидан ўқиб-ўрганиш ва уларга амал қилиш ҳаммамизнинг вазифамиз саналади.

Агар биз Қуръон оятларидан Аллоҳ қодир қилганича ёд олиб, унинг маънолари билан танишиб борсак, уларда дунё ва Охиратимизнинг ободлиги учун нақадар қимматли йўл-йўриқлар борлигига гувоҳ бўламиз. Йўлимизга деярли ҳар куни тўғаноқ бўлаётган камчиликларга бундан 1400 йил аввал Аллоҳнинг мўъжиза оятлари жавоб бериб қўйганлигидан ҳайратга тушамиз. Шунда шояд, иймонимиз яна ҳам кучайса, нуқсонларимиздан қутулиш йўлларини ўрганиб, Аллоҳнинг насиҳатларини амалда татбиқ қилишга астойдил киришсак.

Демак, бу тадбир воситаси билан эришишга умид қилаётган нарсамиз - эътиқодларимизни мустаҳкамлаш, тушунчаларимизни тўғрилаш, билимларимизни ошириш, қалбимиз ва хулқимиздаги касалликларга муборак оятлардан даво топиб, шифоланиш. Қайғу-мусибатларимизга тасалли бериб, ярадор кўнгилларга Аллоҳнинг каломидан малҳам қўйиш. Кундалик турмушимизда, сўзлашув ва суҳбатларимизда, одамларга қиладиган хитобларимизда Аллоҳ ва Расулнинг сўзларини кўпроқ ишлатишга ўрганиш, уларни оилавий ва ижтимоий ҳаётимизда дастуруламал қилиб олиш.

Биз суҳбат юритадиган Қуръоний оятлар турли хил мавзуларда бўлиб, уларни ўрганиш давомида сиз иймон, ибодат, ахлоқ-одоб, инсоний ва ижтимоий муносабатларга доир Аллоҳ туширган бебаҳо насиҳат ва билимлардан бохабар бўласиз.

* * *

Маълумки, халқимиз ичидаги сўзамол инсонлар ўз нутқларида ҳар хил мақолларни, ҳикматли сўзларни, донишмандларнинг насиҳатларини кўп тилга оладилар. Бу яхши хислат. Аммо инсон ҳар қанча сўз устаси бўлмасин, ҳар қанча ҳикматли сўзларни ва шеъру достонларни ёддан билмасин, агар у Аллоҳу Расулнинг насиҳат ва кўрсатмаларидан етарли насибаси бўлмаса, унинг донолиги узоққа бормайди. Гапга чечанлиги кўп фойда келтирмайди. Негаки, дунёда оламлар подшоҳининг сўзидек ҳаққоний, одил ва сермаъно сўз йўқ. Расулуллоҳнинг ҳадисларидек ҳикмат йўқ. Аллоҳнинг Ўзи Қуръони каримни сўзларнинг энг яхшиси деб таърифлаган:

«Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хохлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас». (Зумар сураси, 23-оят).

Пайғамбар ҳадисларини ҳикмат деб атаган:

«Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гунохларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар». (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Сиз дуёнинг қайси бир нуқтасида нимадир ҳақ гап эшитсангиз, билингки, унинг асли манбаси Аллоҳнинг сўзида бўлади. Қайси бир одамдан бирор ҳикматли сўз қулоғингизга етиб келса, ишонингки, унинг асл илдизи Расулуллоҳнинг Суннатларидадир. Сиз Қуръон ва Суннатни чуқурроқ ўрганинг - бу айтилган гапларнинг рост эканига ўзингиз иқрор бўласиз.

* * *

Аллоҳ Ўз каломида Расулуллоҳга мана бундай амр қилади:

"Қуръонни қоида билан чиройли тиловат қилинг". (Муззаммил сураси, 4-оят).

Бу оят билан Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни, у зот орқали эса ҳар бир мусулмонни Қуръонни тажвид билан ўқишга буюради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Қуръонни оҳанг билан ўқимаса, у биздан эмас", деганлар. Ўзлари Қуръонни ниҳоятда таъсирчан овоз ва тажвид билан тиловат қилар эдилар. У зот Қуръон тиловати учун қанчадан-қанча ажр-савоблар битилишини башорат қилганларки, бу савобларга инсон ҳаётлик пайтида ҳам, вафотидан сўнг ҳам муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз Аллоҳнинг каломини қурбимиз етганича тажвид билан тиловат қилишга уринишимиз, маъноларини ўқиб-ўрганишга интилишимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатган инсондир".

Аллоҳдан барчамизни Қуръонни ўрганадиган ва энг биринчи навбатда болаларимизга ўргатадиганлардан қилишини сўраб қоламиз.