Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, Қарши тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 2021 йил 27 февраль куни жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Айрим маълумотларга кўра, талаба қишки сессия имтиҳонларидан ўтолмаганлиги ва унинг имтиҳондан ўтиши учун ўқитувчи катта миқдорда пора талаб қилганлиги кўрсатилган ва айнан шу ҳолат марҳумнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган.
“Шунга кўра, мазкур важни ўрганиш мақсадида Қарши тумани прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади Бош прокуратура Матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.
Воқеа натижалари юзасидан қўшимча хабар қилиниши маълум қилинган.
Қарши давлат университети мазкур воқеага ўз муносабатини билдирар экан, талабага ҳеч ким тазийқ ўтказмаганини маълум қилган.
“Марҳум Р.Ф. Физика-математика факультетининг Информатика ўқитиш методикаси йўналиши 2-курсида ўқиган. 2021 йил 26 январь куни ушбу мудҳиш воқеа ўз тоғасининг уйида содир бўлган”, дейилади Daryo.uz тақдим этган хабарда.
Маълумотларга кўра, 2021 йил 29 январь куни эрталаб университет психологи А.Ҳусанов, Информатика ўқитиш методикаси кафедраси мудири И.Йўлдошев, гуруҳ раҳбари Л.Сафаров, Муборак туман “Геолог” МФЙ раиси Н.Аширов ҳамроҳлигида марҳумнинг хонадонига таъзия билдиргани борилган. Р.Фнинг отаси гуруҳ мураббийи Л.Сафаров билан батафсил суҳбатлашган, оиласининг университет раҳбарияти ва ўқитувчилари жамоасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, ўғлининг ўлимидан қаттиқ қайғуда эканини айтган.
Қарши давлат университети ушбу ҳодисани батафсил ўрганиб, ҳеч кимга тазйиқ ўтказилмагани ва ҳеч қачон бости-бости қилинмаганини билдирган.