loader
Foto

Жумъа сураси, 5 ("Тафсири Ҳилол"дан)

Бу ояти каримадаги «Устларига Таврот юклатилган»лар-яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларга Мусо алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юбориб, тўғри йўлни кўрсатиш учун Тавротни туширган эди. Лекин улар бу илоҳий китобга амал қилмадилар. Ундаги илоҳий кўрсатмалардан фойдаланмадилар. Бу катта бадбахтликдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда.

«Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар, мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар».

Эшак устидаги китобни кўтариб чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди. Бу оят гарчи яҳудийларга қарата айтилган бўлса-да, мусулмонларга ҳам тегишлидир. Яъни, Аллоҳ таоло сизлар ҳам яҳудийларга ўхшаб Аллоҳнинг китобига амал қилмасангизлар, худди уларга ўхшаган бўласизлар, демоқда.

Демак, Қуъонга амал қилинмаса, ундаги илоҳий таълимотлардан фойдаланилмаса мусулмонлар ҳам устига китоб ортилган эшакка ўхшаган бўладилар.

«Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандоқ ҳам ёмон».

Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганларни ҳар қандай ёмон нарсага ўхшатса ҳам бўлаверади.

«Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».

Албатта, Аллоҳ таоло золим қавмларни ҳидоят қилмайди. Чунки улар Алоҳнинг йўлидан юрмай ўзларига ўзлари зулм қилдилар.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло яҳудийларнинг, биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, деган даъволарини фош қилади.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Тафсири Ҳилол”, Жумъа сурасидан