loader
Foto

Эй фосиқ, мўминдан қўрқ!

Аллоҳ таоло дейди:

«Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, Биз уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик» (Анъом, 44).

Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларга сабр туфайли эришиш мумкин бўлгани учун Аллоҳ сабр муҳим иш эканини таъкидлади. Фақирлик билан сабр фақатгина мўмин кишида жамланадиган сифатлардандир.

Аллоҳга ошиқ бўлган бандалар балолар туфайли синаладилар, сўнг сабр қиладилар. Бу фитналар сабабли яхши ишларга илҳомланадилар. Раббилари томонидан келадиган янги-янги синовларга сабр қиладилар. Ҳаққа мувофиқлик бўлмаса, оқил киши риё, нифоқ, зулм, шубҳа ва гумонлар гирдобига тушиб қолади.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиш, фисқ ва фужур ишларда у неъматлардан фойдаланиш кенг ёйилди. Уйида ожиз, дўконида тақводор, шаробида зиндиқ (худосиз), курсисида ростгўйлар кўпайди. Агарда ҳукм бўлмаганида, уйингиздаги ҳолатни сўзлар эдим. Лекин менда барпо қилиш лозим бўлган асос ва ҳузуримда тарбияга муҳтож гўдаклар бор. Агар ўзимдаги баъзи нарсаларни очсам, бу нарса сиз билан менинг орамиз ажралувига сабаб бўлади. Мен ҳозирги ҳолатимда набий ва мурсалларнинг қувватига, Одам алайҳиссаломдан ҳозирги замонимизгача бўлган сабр ва раббоний қувватга муҳтожман. Аллоҳим, лутфинг, ёрдаминг ва розилигингни сўрайман. Омин.

Эй йигит, дунёда боқий қолиш ва ундан лаззатланиш учун яратилганинг йўқ. Аллоҳ азза ва жалла ёмон кўрган сифатларни ўзгартир. Дарҳақиқат, сен Аллоҳга итоат қилишда «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» сўзи билан қаноатландинг.

Лекин бу калимага бошқа нарсаларни қўшсанггина сенга фойда беради.

Имон сўз ва амалдан иборат. Агар Ҳақ азза ва жаллага гуноҳлар, залолатлар, исён билан келсанг, намоз, рўза, садақа ва яхши амалларни тарк қилсанг, бу калима сендан қабул қилинмайди ва у фойда бермайди. Фақат тилингда «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни даъво қилсанг, қандай қилиб шаҳодатинг сенга манфаат берсин?

Эй тавҳид калимасини айтувчи инсон, уни тасдиқлайдиган ҳужжатинг борми? Амрларга бўйсуниш, қайтарилган нарсалардан тийилиш, офатларга сабр қилиш ва тақдирга таслим бўлиш ушбу даъвога ҳужжат бўла олади. Ҳақ азза ва жаллага бўлган ихлос билан амал қилсанг, қабул бўлади. Чунки сўз амал билан, амал ихлос ва суннатга мувофиқлиги билан қабул бўлади. Молларингдан бирор нарса бериб бўлса ҳам, фақирларнинг кўнгилларини овла. Оз ёки кўп беришга қодир бўлатуриб, сўровчини ҳаргиз қуруқ қайтарма. Эҳсон қилишни яхши кўришда Аллоҳ азза ва жаллага мувофиқ кел. Беришга қодир қилиб, имконият бериб қўйгани учун Унга шукр қил. Ҳолингга вой бўлсин! Садақа сўровчининг келиши ва сенинг садақа беришга қодирлигинг Аллоҳнинг сенга ҳадясику, ҳадяни ҳакдоридан тўсасанми? Менинг олдимда итоат қиласан ва кўз ёши тўкасан. Лекин ёнингга муҳтож кимса келса, қалбинг билан уни ёмон кўрасан. Бу ҳолат кўз ёшинг ва итоатинг Аллоҳ учун холис бўлмаганидан далолат. Итоат аввало қалб, сўнгра яхши амалларда йўналган аъзолар билан бўлади. Агар ҳузуримга кирсанг, илминг, амалинг ва насабингни бир четга қўйиб, молу дунё ва аҳлингни унутган ҳолингда кир. Қалбингни Аллоҳдан бошқа нарсалардан холи қилгинки, ҳатто Аллоҳ таоло ўзининг қурбати, фазли ва раҳмати ила қалбингни безайди. Ҳузуримга кириш жараёнида бу ишларни қилсанг, эрта саҳарда қорни оч ҳолатда парвоз қилиб, кечаси тўқ ҳолатида қайтган қуш каби бўласан. Қалб Ҳақ азза ва жалланинг нуридан жилоланади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом: «Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, чунки у Аллоҳнинг назари билан боқади», - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Эй фосиқ, мўминдан қўрқ! Уни гуноҳ ва маъсиятлар нажосати булғаган сафга қўшма. Зеро, у сенинг ҳолатингни ширк ва нифоқингни Аллоҳнинг нури ила кўриб туради. Кийиминг тагида яширинган амалингни ҳам, ҳалокатли ва шармандали ҳолатингни ҳам кўради. Сен аҳли нодонларга аралашувинг туфайли нодонликни ихтиёр этдинг. Бир киши: «Кўз ожизлиги қачонгача давом этади?» - деб сўради. «Табиб ҳузурига бориб, унинг остонасига бош қўйиб, у ҳақда яхши гумон қилиб, қалбингдаги унга нисбатан бўлган туҳматни кетказиб, фарзандларинг билан унинг эшиги ёнида ўтириб, аччиқ дориларига сабр қилсанггина кўзингдаги ожизлик йўқолади. Аллоҳ учун хокисор бўл ва Ундангина ҳожатларингни сўра. Ифлосликларга етаклайдиган ишларни ўзинг учун амал санама. Халқлар эшикларини беркитиб, ўзинг билан Аллоҳ орасидаги эшикни оч. Гуноҳларингни эътироф қилиб, нуқсонларинг учун Ундан афв сўра. Шуни аниқ билки, Аллоҳдан бошқа зарар-фойда берувчи ва тўсувчи йўқдир. Шундагина қалбинг кўрлиги завол топиб ва онг ҳаракатга келади», - деб жавоб берилди.

Эй йигит, ейиш ва кийиниш асосий иш эмас, балки қалбнинг зуҳдидир. Ростгўй кишининг либоси, аввало, ботинида бўлиб, сўнг зоҳирига кўчади. Кейин қалби, нафси ва аъзоларига либос кийдиради. Агар қўпол инсонга айланса, меҳрибон ва раҳмат қўли келиб, унинг бу мусибатини ўзгартиради. Қоралик либосини ечиб, хурсандлик либосини эгнига илади. Азият ўрнига неъмат, адоват ўрнига шодлик, қўрқув ўрнига омонлик, узоқлик ўрнига яқинлик, муҳтожлик ўрнига бойлик бадал бўлиб келади.

Эй йигит, насибаларни рағбат қўли билан эмас, зуҳд қўли билан қабул қил. Насибаларни истеъмол қилиб йиғлайдиган кимса уларни еб куладиган киши каби эмас. Қалбинг Ҳақ азза ва жаллага боғланган ҳолда насибаларни егин. Шунда ёмон насибалардан саломатда бўласан. Табибнинг қўлидан ейишинг, аслини билмай туриб ёлғиз еганингдан кўра хайрлироқдир. Нақадар қалбингиз қотган, ўртангизда омонат кўтарилган, раҳмат йўқолган. Шаръий ҳукмлар сизларга омонатдир, аммо сизлар унга хиёнат қилиб, тарк қилдингиз.

Ҳолингга вой бўлсин! Агарда омонатни лозим тутмасанг, тез кунда кўзингдан сув қуйилади. Қўл-оёғинг кишанланиб, Ҳақ азза ва жалла раҳматини сендан тўсади. Махлуқотлари қалбига сенга нисбатан адоват ташлайди ва уларни сенга яхшилик қилишдан ман қилади. Бошларингизни Раббиларингиз воситасида муҳофаза қилинг. Ундан огоҳ бўлинг, чунки унинг огоҳлантириши шиддатлидир. Осмонлару ернинг Рабби бўлган Аллоҳдан қўрқинг. Унинг неъматларига шукр қилинг. Унинг амр ва қайтариқларига итоат этинг. Қийинчиликни сабр, енгилликни шукр ила қабул қилинг. Бу иш сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ва солиҳларнинг ҳолати бўлиб, улар неъматларга шукр, мусибатларга сабр қилишар эди.

Мусибат дастурхонидан туриб, итоат дастурхонидан тановул қилинг. Аллоҳнинг ҳудудларига риоя этинг. Агар енгиллик келса, шукр қилинг. Бордию машаққатга йўлиқсангиз, гуноҳларингиздан тавба қилиб, нафсингизни танқид этинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига асло зулм қилмас. Ўлим ва унинг ортидан келадиган нарсаларни, Парвардигор ва У зотнинг ҳисоб-китоб қилишини ва сизларга назар қилмоғини ёдда тутинг. Уйғонинг, жаҳолат, ботил нарсалар хусусида тараддуд, нафс ва ҳаво ортидан эргашиш, Аллоҳ таолонинг ибодати ва шариат одобини қоплаб қолган бу уйқу қачонгача?!

Эй йигит, инсонларга кўр-кўрона, ғафлат ва жаҳолат билан эмас, балки ақл, илм ва уйғоқлик ила эргаш. Уларда макталган нарсани кўрсанг, қабул эт. Агар ёмонлик томон олиб борадиган сифатларга гувоҳ бўлсанг, улардан узоқ бўл ҳамда уларни бу йўлдан қайтар. Сизлар барчангиз Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан ғафлатдасизлар. Сизларга Аллоҳдан ғофил бўлмаслик, масжидларга кўп бориш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот айтиш вожиб бўлади. Зеро, у Зот марҳамат қилганлар: «Агар осмондан олов тушса, масжид аҳлидан бошқа ҳеч ким нажот топмайди» (Табароний, Ҳайсамий, Баззор ривояти).

Агар намозда сусткашлик қилсангиз, Ҳақ азза ва жалла билан бўлган алоқангиз кесилади. Шунинг учун Набий алайҳиссалом: «Банданинг Раббига энг яқин бўлган пайти, сажда ҳолатидир», - деб айтганлар (Суютий, Табароний ривояти).

Ҳолинга вой бўлсин, қанча нарсани ўзингча тавил этиб, рухсат қилиб олдинг. Тавил қилувчи адашади. Қани энди, азимат кемасига чиқиб, ижмоъ билан боғлансак ва амалларимизда холис бўлсак, Ҳақ тарафидан ихлосга эришар эдик. Тавил қилиб, рухсат олмоғимизни қандай баҳолаш мумкин. Азимат ва унинг аҳли бизни тарк этди. Бу ҳамон азиматлар замони эмас, рухсат замони, риё, нифоқ, молни ноҳақ олиш замони бўлиб қолди. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа яхши амалларни Холиқ учун эмас, балки халқ учун қиладиганлар кўпайди. Бу замоннинг улуғлари Холиқнинг эмас, халқнинг хулқи билан хулқландилар. Барчангиз қалблари ўлик, нафс-ҳаволари ҳаёти дунё талабида бўлган инсонсизлар. Қалбнинг тириклиги халқдан чиқиб, Ҳақ билан қойим бўлишдадир. Чунки бу масала зоҳирий суратнинг эътибори йўқ.

Қалб ҳаёти Ҳақ азза ва жалланинг амрларига бўйин эгиш, қайтариқларидан қайтиш ва қазо-қадарига, синовларига сабр қилиш билан бўлади.

Эй йигит, У зотнинг ўлчаб қўйган тақдирларига таслим бўл. Бирор-бир иш аввало асосга, сўнг бинога муҳтож бўлади. Ҳолингга вой бўлмасидан ишинг ҳақида тафаккур қил. Тафаккур қалб ишларидандир. Агар тафаккур туфайли яхшилик кўрсанг, Аллоҳга шукр эт, ёмонлик кўрсанг, бу тафаккурдан тавба қил. Шунда дининг тирик, шайтонинг ўлик бўлади. Шунинг учун ҳар бир соатлик тафаккур бир кечалик ибодатдан афзал, дейилган. Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари, Аллоҳга шукр этинглар. Чунки У зот субҳанаҳу сизларнинг озгина амалларингизга ҳам қаноат қилади. Сизлар дунёда охиргилардан, қиёмат куни эса аввалгилардан ҳисобланасизлар. Сизлар пешвосизлар, сизлардан бошқа умматлар оддий халқ кабидир. Модомики, нафс-ҳаво уйида ўтирар экансан, ҳеч қачон камол топмайсан. Модомики, халқнинг қўлидаги нарсалардан тама қилиб, нифоқ ва риё ила ўзингга жалб этсанг, ҳаргиз соғлом инсон бўла олмайсан. Модомики, дунёга рағбат қилиб, қалбингда Аллоҳдан ўзгага ишонч бўлса, сенга нажот йўқдир.

Эй Аллоҳим, бизларни ўзингнинг суҳбатинг ила ризқлантир. Эй Раббимиз, бизларга дунё ва охират яхшилигини бер.

Абдуқодир Жийлоний

"Фатҳур Раббоний" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР