loader
Foto

Оли Имрон сураси, 123-126 ("Тафсири Ҳилол"дан)

Бадр урушида мушрикларнинг сони минг киши атрофида эди. Темир совутлар кийишган, қуроллари олий даражада, безалган отларни минишган, бой-задагон араблардан иборат эдилар.  

Мусулмонлар эса, бор йўғи уч юз ўн уч киши бўлиб, иккита от ва етмишта туя бор эди. Қолганлар пиёда эдилар. Қуроллари ҳам шунга яраша эди.  

Бадр уруши иккинчи ҳижрий санада, ўн еттинчи рамазон, жума куни бўлиб ўтган. Бу урушда мусулмонлар сонлари ва қуроллари оз бўлишига, ҳамма томондан душман уларга ёмон кўз тикиб турган бўлишига қарамай, Аллоҳнинг нусрати билан ғолиб келдилар. Аллоҳ уларнинг ихлослари, мустаҳкам иймонлари, садоқатлари, тақволари, фақат Ўзидангина ёрдам кутганлари туфайли ва бошқа сабабларга кўра, ғолиб қилди.   

Доимо шундоқ бўлади.

Ярмук урушида мусулмон жангчилар ўз халифалари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан мадад юборишни сўрадилар. Умари Одил уларга: «Мендан мадад юборишни сўраб ёзган мактубингизни олдим. Мен сизларга, азиз ва нусрат берувчи, жангчиларни сақловчи зот бўлган Аллоҳдан мадад сўрашга чақираман. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Бадр урушида сиздан қувватлари оз бўлса-да, нусрат топганлар», деб жавоб ёздилар. Жавобни олган жангчилар уруш қилиб, душманга ғолиб келдилар.

«Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз».

Шоядки тақво қилишингиз ҳар бир ҳолатда Аллоҳдан ўзга ёрдамчи, нусрат берувчи зот йўқлигини тушуниб етишингизга, барча қувват ва султон унинг қўлида эканини билиб, унга доимо шукр қилишингизга сабаб бўлар.

124. Мўминларга: «Сизга Роббингиз туширилган уч минг фаришталар ила мадад бермоғи кифоя қилмасми?!» деганингни эсла!

Аслида, Бадрга мусулмонлар мушрикларнинг савдо карвонини кўзлаб чиқишган эди. Жанг қилиш ниятлари йўқ эди, тайёр ҳам эмас эдилар. Бирданига уларнинг қаршисидан катта кучга эга душман чиқиб қолди. Шунда уларнинг қалбларини тинчитиш, ўзларини шижоатлантириш учун Аллоҳнинг амри билан Пайғамбар алайҳиссалом мазкур гапларни айтган эдилар.

Келаси оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг Бадрда саҳобаларга айтган гапларининг давоми бўлиб, аввалги оятдаги ваъда қилинган мададнинг берилиши учун зарур бўлган шартларни зикр қилади:

125. «Ҳа (кифоя қиладир)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам,  Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир».

Демак, сабр ва тақво Аллоҳдан келадиган мададга қўйилган асосий шарт экан. Агар мусулмонларда сабр-тоқат ва тақво бўлса, мушриклар ҳозир, шу пайт уларнинг устиларига бостириб келиб қолсалар ҳам, Аллоҳ уларга белгиси, аломати бор беш мингта фариштани юбориб, мадад беради. Ҳазрати Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинишича, Бадр куни фаришталарнинг белгиси оқ жун кийим ва отларининг пешонасидаги оқлиқ бўлган экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Бадр куни фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, пешини орқаларига тушириб олишган экан.

126. Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир.

Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир зот. Хоҳласа, Бадр урушида мўмин бандаларига  фаришталарсиз ҳам, бевосита ёрдам бера оларди. «Бўл!» деса, тамом, бўлар эди. Жуда лозим кўрса, биргина фаришта Аллоҳнинг изни ила ҳар нарса қилиши мумкин эди. Нимага энди уч минг дона, сўнгра беш минг дона фаришта зарур бўлиб қолди? Бунинг сабаби ушбу оятда баён қилинмоқда:

«Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик бўлиши ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди».

Яъни, фаришталарни белгили қилиб осмондан мусулмонларга ёрдам бериш учун тушириши суюнчилик бўлиши учун, уларни кўриб, бизга Роббимиз тарафидан нусрат келибди, деб севинишингиз учундир. Душман сонининг кўплигини, жангга тайёргарлигининг ортиқлигини кўриб кўнглингизга тушган ғулғулани кўтариш, ўрнига сокинликни солиш учун туширдик, дейилмоқда. Саҳобалар ҳар қандай жиҳатда юқори даражага эришган бўлсалар ҳам, одам наслидандирлар. Улар ҳам бошқа инсонлар қатори ўз тасаввурлари, ҳис-туйғулари доирасидаги сувратда ёрдамга муҳтожлар. Демак, одамлар кўрсинлар ва ҳис этсинлар учун, уларга яхшироқ етиб борсин, деб ўзларига мос муомала қилинган, холос.

«Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир».

Нусратнинг ҳақиқий масдари Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ундан бошқа ёрдам берувчи йўқ. Фаришталар эса унинг лашкарларидан бир лашкардир, холос. У азиз–ғолиб, ҳеч бир зот иродасини қайтара олмайдиган сифатга эга. У ҳаким–ҳар бир ишни ҳикмат билан қилиш сифатига эга.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Тафсири Ҳилол”, Оли Имрон сурасидан