loader
Foto

Жосия сураси, 17 ("Тафсири Ирфон"дан)

Аллоҳ таолонинг Бани Исроилга юборган дин иши, яъни шариати очиқ-ойдин, равшан, ғуборсиз, ҳеч бир ихтилофсиз, ҳамма амал этиб кетаверадиган ҳужжатлар билан юборилган эди. Аммо Бани Исроил ўша шариатга иттифоқ бўлиб амал қилмади. Ана шу илм келганидан кейин ҳам ўзаро ҳасад-адоватга бориб, ихтилофга, баҳс-тортишувларга тушди. Бу ихтилоф қавм бошига асло кутилмаган бало-офатларни олиб келди: уларнинг Ер юзидаги афзалликлари тугади, бошқалардан устунликлари барбод бўлди. Шу тариқа Бани Исроилнинг золимлиги ва ихтилофи туфайли улар ичидан пайғамбар чиқариш ва уларга шариат юбориш тўхтади.

Бу оятларда очиқ-ойдин баён қилиняптики, инсонлар бир-бирлари билан билимсизликлари ёки ҳақиқатни билмаганлари учун ихтилофга бормайдилар, балки улардаги талашиб-тортишишларнинг сабаби - ўзаро ҳасад ва адоватдир. Ҳақиқатни билиш унга ишониш ва уни сақлаш, дегани эмас. Фойдали илм (илми нофеъ) шундай нарсаки, у ботил хислатларни тарк этиб, ҳақиқат йўлида курашишга доимо тайёр бўладиган мухлис қалблардан отилиб чиқадиган илмдир. Илм ёмғир кабидир, зеро, ёмғирни фақат тоза ва пок ергина қабул қилади. Шу каби илмдан фақат соф вужуд, пок қалб, ростгўй тил эгалари фойдалана оладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида шундай деганлар: “Илм икки хилдир: қалбдаги илм - илми нофеъдир. Тилдаги илм эса Аллоҳ таолонинг Одам болаларига ато этган ҳужжатидир”. Демак, одамлар орасида содир бўладиган тортишув ва ихтилофлар кўпинча мавзу-моҳиятни, воқеъликни атрофлича ўрганмаслик ва тушунмасликдан келиб чиқади. Ёки самарасиз тақлиддан ё таассубга берилиш, ҳою ҳавас кетидан қувиб шахсий манфаатларга қул бўлиш, фахрланиш ва обрў-шуҳратпарстликни яхши кўриш ёки тушунмай-фаҳмламай бошқаларга кўр-кўрона эргашиб кетиш, хатоларни яшириш каби номақбул сабаблардан келиб чиқади.

"Тафсири Ирфон", Жосия сурасидан

Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий