loader
Foto

Расулуллоҳнинг Жаброил алайҳиссалом билан бирга қилган Қуръон дарслари

Бунга қуйидаги ҳадислар ҳам далил бўлади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима розияллоҳу анҳога сирини айтиб, шундай деганлар: “Жаброил алайҳассалом ҳар йили бир марта менга Куръонни ўқиб берар эди. Бу йил икки марша ўқиб берди. Шубҳасиз, ажалим яқинлашди, деб ўйлаяпман” (Бухорий ривояти, 3624-ҳадис).

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳ алайҳ бу ҳадисни шундай шарҳлайди: “Жаброил алайҳиссалом ҳар йили Расулуллоҳга Рамазондан Рамазонгача нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эди. Расулуллоҳ вафот этган йили эса, бу ҳол икки марта такрорланган” (Фатҳ ал-Борий, 1/42).

Юқоридаги ҳадисларда келган “ўтказиб олмоқ” ва “ўқиб бермоқ” сўзлари бир киши ўқиб, иккинчиси эшитишини англатади. Чунки ҳадисда ишлатилган феъл қолипи ишнинг икки томондан содир бўлишини билдиради. Бу ҳадислар солиҳ ҳамроҳнинг таъсири катта эканини англатади. Агар Рамазондан кўп фойда олишни истасангиз, ўзингизга ҳамроҳ ва дўст изланг!

Шундай муборак ойда ёмон дўстлар сабабли улуғ вақтларни бефойда ўтказаётганлар ҳам оз эмас! Бу каби ёмон дўстлар мусулмонни маъсиятга чорлайди, уни телевизор кўришга қизиқтиради, ўйингоҳларга чорлайди, ошхоналардаги фойдасиз суҳбатларга тортади,уни ибодатдан узоқлаштириб, тоат-ибодатдан бездиришга ҳаракат қилади. Банда бу масалада Аллоҳга тақво қилиши лозим. Зеро, инсонга дўстининг динига қараб баҳо берилади. Шундай экан, ҳар биримиз ким билан дўстлашаётганимизга эътибор берайлик.

Юқоридаги ҳадислар Қуръонни бир-бирига ўқиб берйшнинг мустаҳаб амал эканига далилдир. Шунингдек, тунда ўқилган Қуръон кундузгисидагидан афзаллигини билдиради. Бу вазият ва инсон ҳолатига қараб бўлади, албатта. Агар кундузи Қуръон ўқишни фойдали деб ҳисобласа, бундай кишига кундузи ўқиш афзал бўлади. Аллоҳ билгувчироқдир. Яна бу ҳадисларда шунга ишора борки, Рамазонда кўп Қуръон ўқиш лозим. Қироат қанча кўп бўлса, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам шунча зиёда бўлади. Яна мазкур ҳадислар солиҳ дўстнинг инсонга кўп фойдаси тегишини ҳам англатади.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳ алайҳ юқоридаги ҳадисларни шарҳлар экан, шундай дейди: “Ҳадисдаги тиловатдан мақсад қалб ҳозир бўлган ҳолда маъноларини тушуниб ўқишдир” (Фатҳ ал-Борий, 9/45).

Ибн Баттол раҳматуллоҳ алайҳ эса, қуйидагича шарҳлаган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръонни ўқиб беришлари охиратга рағбатини ва дунёга зуҳдини оширган, холос” (Ибн Баттолнинг “Шарҳ ал-Бухорий” асари, 1/13.).

Ҳозирда кўпчилик мусулмонлар Рамазон ойида Қуръонни бир ёки бир неча марта хатм қилишга жазм қилишади ва буни амалга оширишади. Бу Аллоҳнинг фазли ва қувонарли ҳол, албатта. Лекин аксарият ҳолларда тиловатнинг одоби ва суннатларига риоя қилинмайди. Айримлар Қуръонни таровиҳ намозида ҳудди шеър ўқигандек тез ўқиса, яна баъзилар кибр ва риёга асир бўлиб, гўзал овозига алданиб, тавозеъликни унутади. Аслида, Қуръон маъноларини тафаккур қилиб, ундаги аҳкомларни тушуниб ва хушуъ ҳамда тавозеъ билан тиловат қилиш даркор. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган:

“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).

Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойида вақтни ғанимат билмоқ лозим. Ўтган улуғларимиз Рамазон кирса, намозда ёки бошқа вақтларда Қуръонни кўп ўқишар эди. Ўтган улуғларимизнинг кўпчилиги Қуръонни қисқа муддатда, яъни, ўн, етти ёки уч кунда хатм қилишар эди. Ҳатто баъзилари, ривоятларда келишича, Рамазонда уч кундан оз муддат ичида Қуръон хатм қилишга одатланишган (Ўша манба. Ўтган уломолар Қуръонни уч кундан камида хатм қилиш жоиз эмас, деган қайтариқни доимий хатм қилиб юриш, деб тушунишган. Улар фақат Рамазон ойида вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида Қуръонни уч кундан оз муддат ичида хатм қилишган). Бу олимлар Қуръонни таналарига сингдириб улгуришган эди. Улар Рамазондан бошқа ойларда ҳар бир оятни чуқур тафаккур қил-ган ҳолларида узоқ муддат қироат қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Уч кундан кам муддатда Қуръон ўқиган одам (унанг маъноларннн) тушунмайди” (Абу Довуд ривояти, 1392-ҳадис. Ибн Ҳиббон ривояти, 758-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис), деган ҳадислари эса, фақат Рамазонда Қуръон ўқийдиган ва бошқа вақтлари Қуръонга қарамайдиган кимсаларга нисбатан айтилган. Аллоҳ таоло билгувчироқдир!

Энг муҳими, Қуръон тиловатида ундаги хабарларни тасдиқлаш ва аҳкомларни бажариш талаб этилади. Чунки Қуръон банданинг фойдасига ёки зарарига ҳужжатдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Албатта, Қуръон шафоат қилинган шафотчи, тасдиқланган ҳаракат қилувчидир. Ким уни олдига қўйса, жаннатга етаклайди. Ким уни ортига қўйса, жаҳаннам оловига бошлайди” (Абдураззоқ, 6010-ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғ ва азиз Қуръон оятларини шу тарзда таълим берганлар. Абдураҳмон Суламий розияллоҳу анҳу шундай деган: “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ва бошқа шу каби Қуръон ўқийдиганлар бизга айтиб беришди: “Биз Расулуллохдан ўн оят ўргансак, ундаги илм ва амални ўрганмагунимизча бошқасига ўтмас эдик. Биз Қуръон, илм ва амални бирга ўргандик”. Суютий раҳматуллоҳ алайҳ бу гапларга шундай қўшимча қилади: “Шу боис улар битта сурани ёдлашда узоқ муддат қолиб кетишар эди” (Суютийинг"ал-Итқон” асари, 2/468. Юқоридаги Ҳадисни Аҳмад ривоят қилган (5/130)).

Қуръон тиловат қилувчининг феъллари-ю сўзларида тўғрилик ва ростгўйлик кўриниб туриши лозим. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Ҳофизи Қуръон ўзига хос фазилатлар билан ажралиб туриши лозим. Тунда одамлар ухлаганда, у бедор, кундузи одамлар таомланганда, у рўзадор, одамлар хурсандчилик билан машғул бўлганда, у маҳзун, одамлар орзу-ҳавасга берилганида, у йиғлаган ҳолатда бўлиши даркор” (Байҳақийнинг“Шаъб ал-ийман” асари, 1807-ҳадис). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳу шундай деган: “Ҳофизи Қуръон бекорчи суҳбатларга шўнғиб кетмаслиги ва жоҳиллар билан жаҳолатга ботмаслиги, балки кечиримли ва бағрикенг бўлмоғи лозим” (Қуртубийнинг“Жомиъал-аҳкам”асари, 1/35).

Ҳасан розияллоҳу анҳу шундай деган: “Сизлар Қуръонни бир неча босқичларга бўлиб олиб, тунни туя қилиб олгансизлар. Сизлар уни тунда миниб, бир неча босқични босиб ўтасизлар. Сизлардан олдингилар эса, Қуръонни Аллоҳдан келган мактуб сифатида қабул қилишган. Уни тунлари тадаббур қилиб, кундузлари тарқатиш билан машғул бўлганлар” (Ғаззолийнинг"ал-Иҳё” асари, 1/275).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни қалбларига тўлиқ жамлаган ва маъноларини мукаммал тушунган зот бўлишларига қарамасдан Қуръонни ўқиш ва ўрганишга шу даражада муҳаббатли ва эътиборли бўлганлар. Аллоҳ таоло шундай деган:

“Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 17-19-оятлар). Шундай экан, Қуръоннинг ҳидоятини ўрганиш, унинг маъноларини қалбимизга жойлаш, унга мувофиқ амал қилиш ва унга нисбатан тавозели бўлиш учун биз кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак эмасми?!

Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Қуръонни бир-бирига ўқиб бериб тиловат қилган яхшими ёки ҳар ким ўзи алоҳида ўқиганими? Жавоб шуки, бу ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Агар ўзгалар билан бирга Қуръон ўқиш уни тафаккур қилишга ёрдам берса, бировга ўқиб бергани афзал. Агар ёлғиз ўқиганда кўпроқтафаккур ватадаббур қилса, ёлғиз ўқигани афзал. Аллоҳ билгувчироқдир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръонни бундай тарзда ўқиб беришининг самараси ҳақида кейинроқ суҳбатлашамиз, инша Аллоҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек тавозеъли, зоҳид, тақводор, хокисор ва комил инсонни кўрсата оласизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ишлари ва сўзлари Қуръон бўлган. Қуръон эса энг тўғри йўлга ҳидоят қиладиган Китобдир!

Шунингдек, мазкур ҳадисларда шунга ишора борки, Қуръон тиловати Аллоҳ йўлига даъват қилишда, тоат-ибодатларни ва яхши амалларни кўпайтиришда инсонга ёрдамчи бўлади. Улар Қуръон орқали яхши амалларни бажаришда энг сахий ва энг илдам инсонларга айланадилар.

Файсал ибн Али Баъдонийнинг

"Расулуллоҳ алайҳиссалом Рамазонда" китобидан