loader
Foto

Анбиё сураси, 41 ("Қуръони азим тафсири"дан)

Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.

Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида жуда кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Иўлга даъват этганларида қавмлари худди шундай масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнинг ўзидаёқ бу қилмишлари -кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.

Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳакда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи — осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз”. (Ҳижр сураси, 10-12-оятлар).

Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги ҳушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз”. (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).

Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жанггида Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни ҳам бир кунда ҳалок қилди.

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

Қуръони азим тафсири, Анбиё сурасидан