loader
Foto

Жо Байден яқин кунларда «арманлар геноциди»ни тан олиши мумкин

Албатта, бу қадам сезиларли даражада рамзий бўлади, лекин у ўн йилликлар давомида диққат билан тайёрланган Оқ уй фикрларини рад этишни англатади ҳамда Анқара ва Вашингтон бир қатор масалалар бўйича зиддиятга келган бир вақтда юзага келади.

Байден, эҳтимол, «геноцид» сўзидан бутун дунёда ўша ҳодисалар қурбонлари хаотираси ёдга олинадиган кун, 24 апрелдаги баёнотида фойдаланади, хабар қилади Reuters агентлигига ушбу масала билан таниш бўлган учта манба.

«Тушунишимча, у қарор қабул қилган ва «геноцид» сўзидан ўзининг шанба кунги баёнотида фойдаланади», - деди бу масала билан таниш бўлган манба. Манбаларнинг огоҳлантиришича, Туркия билан икки томонлама муносабатлар муҳимлигини ҳисобга олиб, Байден сўнгги дақиқада бу атамадан фойдаланишдан воз кечиши мумкин.

Бу ҳақида биринчи бўлиб Wall Street Journal газетаси номи ошкор қилинмаган АҚШ расмий шахсларига таяниб эълон қилган.

Оқ уй матбуот ходими Жен Псаки чоршанба куни репортерларга баёнот беришича, Оқ уйда шанба куни бу борада «айтадиган нарсаси кўп» бўлади, лекин у тафсилотларни маълум қилмади.

Давлат департаменти бу борада Оқ уйга сўровлар жўнатди, Миллий хавфсизлик кенгаши эса Псаки айтган гапга қўшимча ҳеч қадай изоҳ бермади.

Бир йил олдин, президентликка номзод бўлиб юрган пайтлри Байден 1915 йил воқеаларини «арманлар геноциди» деб тан олишга қаратилган ҳаракатларни кучайтиришга ваъда берган эди.

«Бугун биз арман халқининг Мец Егернда - арманлар геноцидида юз берган зулмларни эслаймиз. Агар мен сайланадиган бўлсам, арманлар геноцидини тан олиш ҳақида резолюцияни қўллаб-қувватлашга ваъда бераман ва умуминсон ҳуқуқларини энг устувор қилиш мажбуриятини зиммамга оламан», - деганди у ўшанда Twitter орқали.

Шуни айтишим керакки, Байден бундай ваъдаларни биринчи бўлиб бераётгани йўқ. Деярли ҳар бир бўлажак АҚШ президенти арманлар геноцидини тан олишни ваъда қилади. Ҳозирча эса Туркия билан амалдаги сиёсий ҳамкорлик туфайли бу ваъдани ҳеч ким бажармади. Ўн йиллар давомида арман геноцидини тан олиш ҳаракатлари АҚШ Конгрессида тўхтаб қолди ва АҚШ президентлари Туркия билан алоқалар ва Анқара томонидан кучли лоббичилик билан боғлиқ хавотирлар туфайли буни қилишдан бош тортди.

Аммо Байден бу ваъдани бажарган биринчи АҚШ президентига айланиши мумкин, чунки Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ўн йиллар ичида биринчи марта энг паст даражада. Вашингтон энди Туркия АҚШга муҳтож бўлганидан кўра, АҚШ Туркияга муҳтож, деб ҳисобламайди.

Гарчи АҚШ ва Туркия расмийлари Байден сайланганидан сўнг музокаралар олиб борган бўлсада, унинг маъмурияти Туркияга босимни кучайтириб, Туркияда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва бошқа кўплаб масалалар, жумладан, Туркиянинг Россияда ишлаб чиқарилган қуролларни сотиб олиш масаласи борасида кўп норозилик билдирди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу сешанба куни Байденнинг арманлар оммавий қирғинини геноцид, деб тан олишга қаратилган ҳар бир қадами шундоқ ҳам кескин бўлиб турган НАТО бўйича иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар таранглашувига олиб келади, деб баёнот берди.

Eurasia Group тадқиқотчилик ва консалтинг компанияси асосчиси Ян Бреммернинг айтишича, Байдендан кутилаётган қадам НАТО бўйича иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар кескинлашувини акс эттиради, лекин Эрдўғаннинг жавоби, афтидан, чегараланган бўлади.

«Эрдўған… Туркиянинг заиф иқтисодига янада путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар билан АҚШни қўзғатиш даргумон», - деди у.

2019 йил АҚШ Сенати арманлар геноцидини тан оладиган мажбурий бўлмаган резолюция қабул қилиб, бу Туркияни дарғазаб қилган тарихий қадам бўлганди.

Эслатиб ўтамизки, Туркия Усмонийлар империясида яшаган кўп арманлар биринчи Жаҳон уруши пайтида Усмонийлар кучлари билан жанглар пайтида вафот этганини тан олади, лекин бир ярим миллион киши деб даъво қилинган рақамларни, низолар ва қотилликлар тизимли ташкил этилган геноцидни ифодалашини инкор қилади.