loader
Foto

Ўн иккинчи суҳбат: Иймон келтирдик, бўлдими?..

Саъдий: “Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати ниҳоятда комил эканидан хабар беради. Унинг ҳикмати “мен мўминман” деган ва ўзлари учун иймонни даъво қилган кишиларнинг ҳаммалари ҳам бир хил ҳолатда қолишларини ва фитна-синовлардан саломат бўлишларини, уларнинг иймонлари ва амалларини издан чиқарадиган нарсаларга тўқнаш келмасликларини тақозо қилмайди”. Яъни мана шу санаб ўтилган нарсалар мўминларнинг ҳаётида содир бўлади ва улар шундай йўл билан синовдан ўтказиладилар.

Саъдий: “Бас, агар ўшандай синовлар бўлмаганда ёлғончидан ростгўйни, ноҳақ кимсадан ҳақ одамни ажратиб бўлмасди. Локин Аллоҳ таолонинг суннати ва бу умматнинг аввалгиларида ўтган одати шуки, уларни хурсандлик ва хафалик билан, оғирлик ва енгиллик билан, ёқимли ва ёқимсиз ишлар билан, бойлик ва камбағаллик билан имтиҳон қилади. Айрим вақтларда уларнинг устларидан душманларни ғалаба қозонтириб қўйиш билан, душманлар қаршисида сўз ва амалда курашиш (мажбуриятини юклаш) ва ҳоказо фитналар билан синайди. Буларнинг ҳаммаси ақидага тескари келадиган шубҳалар фитнаси ва иродага тескари турадиган шаҳват-истаклар фитнасига боғланади.

Кимнингки иймони шубҳалар келган пайтда собит турса ва ўрнидан қалқиб кетмаса, шубҳаларни ўзида мавжуд бўлган ҳақ билан даф эта олса, шунингдек, маъсият ва гуноҳлар қилишга олиб борувчи ва ундовчи, Аллоҳ ва Расул буюрган ишлардан буриб юборувчи кучли истаклар келганда иймон тақозоси билан амал қила олса, кучли хоҳиши, шаҳватига қарши жиҳод қилса, бу унинг иймони рост ва соғлом эканига далолат қилади.

Кимнингки иймони шубҳалар келган вақтда шак ва гумонга берилса, ҳамда ўзи ҳам кучли хоҳишлар пайдо бўлганда маъсиятларга бурилиб кетса ёки зиммасидаги вожиботларни бажаришдан чекинса, бу унинг иймони соғлом ва рост эмаслигига далолат қилади.

Одамлар бу мақомда турли хил даражаларда бўладиларки, уларнинг ҳисобини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бас, кимдир қуйироқ даражада, кимдир юқорироқда. Аллоҳ таолодан бизни дунё ҳаётида ҳам, Охиратда ҳам барқарор ҳақ сўз билан мустаҳкам қилишини, қалбларимизни Ўзининг динида собит айлашини сўраймиз. Синов ва имтиҳон нафс учун худди темирчининг босқони кабидирки, у нафснинг кирини кеткизади ва поклайди”.

Ибн Касир: “Одамлар “Биз иймон келтирдик, деб айтамизу кейин синовларга дуч этилмасдан ўз ҳолимизга қўйиб қўйиламиз”, – деб ҳисоб қилдиларми?!” Бунинг маъноси – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўмин бандаларини уларнинг иймонлари даражасига қараб синовдан ўтказиши муқаррардир. Ҳадисда келганки, “Одамларнинг балога энг қаттиқ дучор бўладиганлари анбиёлар, кейин солиҳ бандалардир. Кейин шуларга яқин турганлар, яна яқин турганлар. Инсон динининг даражасига қараб синалади. Агар динида мустаҳкамлик бўлса, бало ҳам зиёда бўлади”. ...Аллоҳ Бақара сурасида айтганки: “Сизлар жаннатга кирамиз деб ҳисоб қилдингизларми, ваҳоланки сизлардан аввал ўтганларга келгани каби ишлар ҳали сизларга келгани йўқ. Уларни фақирлигу касалликлар эгаллаган ва уларга шу даражада қаттиқ синовлар келганки, ҳатто Расул ва у билан бирга иймон келтирганлар “Аллоҳнинг нусрати қачон келади?” деб айтганлар”. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бу ерда айтдики, “Биз улардан аввалгиларни ҳам албатта имтиҳон қилганмиз, бас, мана шундай қилиб, Аллоҳ ростгўйлар ва ёлғончиларни ажратиб олади". Яъни иймон даъвосида рост турган инсонни сўзи ва даъвосида ёлғончи бўлганлардан ажратиб олади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бўлган ва бўладиган ишларни ҳам, бўлмаган ишларни ҳам билади. Агар бўлса қандай бўлишини ҳам билади. Бу аҳли сунна вал-жамоа имомлари наздида иттифоқ қилинган эътиқоддир. Ибн Аббос ва бошқа олимлар “إِلاَّ لِنَعْلَمَ مَن يُؤْمِنُ بِالأٌّخِرَةِ مِمَّنْ هُوَ مِنْهَا فِى شَكٍّ” - “...Биз фақат ким Охиратга иймон келтирадию ким унга шубҳа билан қарайди, шуни билиш учун" (синов юборамиз) қабилидаги оятларга “Биз кўришимиз учун” деб маъно берганлар".

Яъни Аллоҳ аслида бу синовларга ким қандай бардош беришини азалий илми билан яхши билади. Бироқ ана ўша Ўзи биладиган, аммо Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган, ҳали ҳеч ким кўрмаган яширин ҳақиқатнинг кўз билан кўриладиган ушбу оламда намоён этилишини, халққа маълум бўлишини истайди ва бу мақсаднинг амалга оширилишига сабаб бўладиган мана шу бало-имтиҳонларни юборади. Бу бало ва синовлар жараёнида махфий ҳақиқатлар юзага чиқади.

Қуртубий: “Ибн Аббос ва бошқалар айтишган: “Одамлар “Биз иймон келтирдик, деб айтамизу кейин синовларга дуч этилмасдан ўз ҳолимизга қўйиб қўйиламиз”, – деб ҳисоб қилдиларми?!” деган оятда Аллоҳ Маккада бўлган мўминларни назарда тутган. Қурайш кофирлари уларга озор берар ва Исломга кирганлари учун азоблар эдилар. Жумладан, Салама ибн Ҳишом, Айёш бин Рабийъа, Валид ибн Валид, Аммор ибн Ёсир, унинг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва Бани Махзум ва бошқа қабилалардан бир қанча кишилар кофирлардан азият чекар эдилар. Шу сабабли уларнинг қалблари сиқилар эди. Эҳтимол, Аллоҳнинг кофирларга мўминлар устидан кенг имкон яратиб қўйганлигидан баъзилар ҳайрон бўлардилар. Мужоҳид ва бошқалар дедилар: “Бу оят мўминларга тасалли бўлиб ва бундай азиятлар Аллоҳнинг бандалар ичидаги қонуни эканини, ҳамда мўминлар учун синов, имтиҳон бўлишини маълум қилиб нозил бўлган”.

Ибн Атийя айтади: “Бу оят гарчи мана шу сабаб билан ёки шу каби бошқа воқеа туфайли нозил бўлган бўлса ҳам, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичида боқий қолади. Унинг ҳукми то дунё тургунча амалда бўлади. Чунки Аллоҳ таоло томонидан бўладиган фитна мусулмонларнинг чегараларида (заиф, нозик нуқталарида) доимо мавжуддир. Бу асир тушиб қолиш, душманнинг ҳужумига учраш ва бошқалар сабабли бўлади. Яна эътибор берилса, бу синов ҳар қандай ўринда турли касалликлар ва машаққатлар кўринишида топилади. Лекин (аввалги) мусулмонларнинг Қурайш билан бўлиб ўтган можароларига ўхшаб кетадиган жиҳати шуки, биз юқорида айтиб ўтган ҳар бир нозик ва заиф нуқтада душман хавфи мавжуддир”.

Муқотил айтади: “Бу оят Умар ибн Хаттобнинг озод қилган қули Миҳжаъ ҳақида нозил бўлган. У Бадр жангида мусулмонлардан биринчи бўлиб ўлдирилган одам бўлди. Уни Омир бир Ҳазрамий камондан ўқ отиб ўлдирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шаҳидлар саййиди – Миҳжаъ, у бу уммат ичидан жаннат эшиги олдига энг биринчи чақириладиган одам бўлади” дедилар. Ўшанда унинг ота-онаси ва аёли дод-фарёд кўтаришган эди. Шунда “Одамлар “Биз иймон келтирдик, деб айтамизу кейин синовларга дуч этилмасдан ўз ҳолимизга қўйиб қўйиламиз” – деб ҳисоб қилдиларми?!” ояти нозил бўлган”.

“Биз улардан аввалгиларни ҳам албатта синовларга рўпара қилганмиз”.

Ибн Можа ривоят қиладилар: Абу Саид Худрий дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кирдим. У киши бемор ётар эдилар. Устларига қўлимни қўйдим. Шунда у кишининг иссиқларини кўрпа устидан ҳис қилдим. Мен дедим: "Ё Расулуллоҳ, иссиғингиз шунақа ҳам баландми?!" У киши дедилар: “Бизга шундай, бало икки баробар қилиб берилади, ажр ҳам икки баробар орттириб берилади”. Мен сўрадим: "Ё Расулуллоҳ, одамларнинг қайси бирлари энг қаттиқ синалади?" У киши дедилар: “Анбиёлар”. Мен сўрадим: "Кейин кимлар?" У киши айтдилар: “Кейин солиҳлар. Улардан баъзилари фақирлик билан синалар эди, ҳатто устига ўраб олган бир қават кийимидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмас эди. Яна баъзилари бало-синов келса шунақа хурсанд бўлардики, бу сизлардан бирингизга фароғатли кун келганда хурсанд бўлганингизга ўхшарди”.

Абдурраҳмон бин Зайд ривоят қилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир вазирлари бор эди. У бир куни сафарга чиқди. Йўлда бир ваҳший ҳайвон дуч келиб қолди ва у одамни еди. Ийсо Аллоҳга дедилар: “Эй Раббим, бу одам мен учун Сенинг динингдаги вазирим эди. Баний Исроилда ёрдамчим, улар ичида ўринбосарим эди. Унга бир ваҳшийни устун қилдинг – унга ем бўлди”. Аллоҳ деди: “Ҳа, Менинг ҳузуримда унинг юксак мартабаси бор эди.. Унинг амаллари ўша мартабага етгулик эмас эди. Уни ўша мартабасига етказиш учун шу йўл билан имтиҳон қилдим”.

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Иймон келтирганлар турли бало-офатлар билан синалишлари аниқдир.

2. Тинч ва хотиржамлик билан ҳаёт кечираётган мусулмон “мен ҳақ йўлда бўлганим учун тинч ҳаёт кечираяпман, йўли нотўғри бўлганлар мусибатларга дучор бўлаяпти” деб мағрурланиши катта хатодир. Чунки ҳали ҳеч кимнинг имтиҳондан озод қилиниб, мукофот оладиган вақти келмаган. Ҳар бир инсон синов муддати ичида яшаётганини унутмаслиги керак.