«Биз бир томонлама санкцияларни ўзбошимчалик билан жорий қилиш ёки улардан фойдаланиш таҳдидига қаршимиз», — деди Венбин.
Унинг таъкидлашича, Хитой ва Россия бир-бири билан умумий ҳамкорлик муносабатларини сақлаб келмоқда. Улар давлат суверенитетини ҳимоя қилиш масаласида бир-бирига кўмак беради.
15 апрель куни Америка президенти Жо Байден Россияга қарши янги санкциялар киритди. Янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловларига аралашиши, АҚШ ҳукумат идораларига қилинган киберҳужум ва Россиянинг Афғонистондаги америкаликларга қарши «Толибон» жангарилари билан тил бириктиргани билан боғлиқ.
Шунингдек, АҚШ ўнта россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Польша, Британия ва НАТО АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлади. Хитой эса санкцияларини «бир томонлама» деб атаб, уларни қоралади.
АҚШ янги санкцияларни қўллаганидан кейин Россия дарҳол жавоб чоралари кўрилишини эълон қилди. Москва АҚШ маъмуриятининг олти нафар амалдаги ва икки нафар собиқ юқори лавозимли амалдорларига мамлакатга киришни тақиқлаб қўйди.
Бундан ташқари, Москва АҚШ элчиси Жон Салливанга «маслаҳатлашиш учун» Вашингтонга жўнаб кетишни маслаҳат берганидан кейин элчи ҳам ватанига қайтиб келди. Давлат департаментининг хабар беришича, Салливан бир неча ҳафта АҚШда бўлади. Элчининг сўзларига кўра, у Путин ва Байденнинг эҳтимолий учрашувидан олдин Москвага қайтишни режалаштирмоқда.