loader
Foto

Ўн саккизинчи суҳбат: Ҳикмат ва тавҳид ёнма-ён сифатлардир

Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг бир неча оятида ўзининг солиҳ бандаси Луқмонга ҳикмат ато айлаганини ва у инсоннинг ўз ўғлига ҳикмат тўла қимматли насиҳатлар қилганини баён этади.

Табарий: “Зикри олий Зот айтади: Биз Луқмонга динни тўғри тушуниш, ҳамда сўзда оқиллик ва бехатоликни ато қилган эдик”.

Саъдий: “Аллоҳ таоло Ўзининг фозил бандаси Луқмонга ҳикмат ато этгани ҳақида хабар беради. Ҳикмат бу ҳақни ўз ўрни ва ҳикмати билан англашдир. Демак, ҳикмат ҳукмларни билиш, унинг ичидаги сир-асрорларни, нозик томонларни тушунишдир. Баъзи инсон олим бўлиши, аммо айни вақтда ҳаким бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳикматнинг ўзи эса илмни, балки амални-да тақозо қилади. Шунинг учун ҳикматни фойдали илм ва солиҳ амал деб тафсир қилинган...”

Аллоҳ таоло бошқа оятда ҳикмат таърифида мана бундай деган эди:

“(У) хоҳлаган бандасига ҳикмат ато қилади. Кимга ҳикмат ато қилинган бўлса, унга жуда кўп яхшиликлар берилган бўлади. Бундан фақат ақл эгаларигина фойда оладилар”. (Бақара сураси, 269-оят).

Саъдий: “Барча ишлар фақат ҳикмат билан ислоҳ бўлади. Ҳикмат нарсаларни ўз ўрнига қўя билиш, ишларни ўз маромига йўналтира олиш, илғор бўлиш керак ўринда илғор бўлиш, тўхтаб туриш лозим бўлган ўринда тўхтаб туришдир. Локин бу улкан маънони англаш, бу бебаҳо неъматнинг қадрига етиш фақат тўлиқ ақл соҳибларига, комил тафаккур эгаларигагина насиб бўлади. Фойдани таниб, унга киришадиган, зарарни фаҳмлаб, уни тарк этадиганлар ана ўшалардир”.

“Муфассирлар Луқмон пайғамбармиди ёки Аллоҳнинг бир солиҳ бандасими, деган сўз устида ихтилоф қилишган. Қуръонда Аллоҳ Луқмонга фақат ҳикмат ато қилганини зикр қилган ва унинг ўғлига насиҳат қилишдаги ҳикматига далолат қиладиган айрим нуқталарни баён этган, холос”.

Ибн Касир: “Салафлар Луқмон набиймиди ёки пайғамбарлик берилмаган солиҳ бандамиди, деган икки қавлда ихтилоф қилганлар. Кўпчилик иккинчи қавлни танлаган”.

Муфассирлар Луқмоннинг пайғамбар эмас, солиҳ донишманд инсон эканлигини таъкидлашар экан, унинг номи билан боғлиқ ибратли ҳикояларни ҳам зикр этишади.

Табарий: “Менга Наср ибн Абдурраҳмон ал-Авдий ва Ибн Ҳумайд гапириб берган... Луқмони ҳаким лаблари қалин, қадами ясси, ҳабашалик қора қул эди. У Баний Исроилнинг қозиси бўлган эди.

...У бир мажлисда одамларга ваъз қилаётган пайтда бир одам келди ва деди: “Сен ҳув фалон ерда мен билан қўй боқиб юрган одам эмасмисан?” Луқмон “ҳа” деди. У одам: “Сени бу мақомга етказган нарса нима?” Луқмон: “Рост гапириш ва ўзимга кераксиз сўздан тийилиш”.

Бизга Ибн Вакиъ мана буни айтиб берган... Луқмон ҳабашалик дурадгор қул эди. Унинг хўжайини: “Бир қўй сўйгин-да, бизга ундан иккита энг ширин ерини кесиб олиб келгин” деди. Луқмон қўй сўйди ва унинг тили билан юрагини ажратиб, хожасига олиб борди. Кейин Аллоҳ хоҳлаганча вақт ўтди. Хожаси яна буюрди: “Бир қўй сўйгин-да, бизга ундан иккита энг ёмон ерини кесиб олиб келгин”. Луқмон тил ва юракни ажратиб олиб борди. Хўжайини деди: “Сенга энг яхши ерини келтир десам, шу иккисини олиб келган эдинг. Сенга энг ёмон ерини олиб кел десам, яна шу иккисини олиб келдинг?..” Луқмон унга деди: “Чунки агар бу икки нарса пок бўлса, улардан кўра ширинроқ нарса бўлмайди. Агар бу иккиси айниса, улардан ёмонроқ нарса йўқ”.

...Бир одам Луқмони ҳакимнинг олдида тўхтаб сўради: “Сен Луқмонмисан? Сен Бани Хасхоснинг қулимисан?” Луқмон “ҳа” деди. У одам: “Сен қўй боқувчимисан?” Луқмон “ҳа” деди. У одам: “Сен қорамисан?” Луқмон деди: “Қоралигим кўриниб турган нарса. Сени менинг ишимдан қизиқтираётган нарса нима?” Ҳалиги одам: “Одамларнинг сенинг уйингга бемалол келишлари, эшигингнинг тагида ўтиришлари, сўзингдан рози бўлаётганлари!” Луқмон айтди: “Эй биродаримнинг ўғли, агар сен мен айтадиган нарсаларни қулоғингга олсанг, сен ҳам шундай бўласан. Кўзимни сақлашим, тилимни тийишим, ҳалқумимни пок тутишим, авратимни сақлашим, рост сўзим, аҳдга вафоим, меҳмонга иззатим, қўшни ҳаққига риоя қилишим, менга алоқаси бўлмаган ишга аралашмаслигим. Мана шу нарсалар мени сен кўриб турган ҳолатга етказди”.

Саъдий: “Аллоҳ Луқмонга бундай буюк яхшиликни берган экан, уни бу неъмат учун Ўзига шукр қилишга буюрди. Токи Аллоҳ ушбу неъматни унга баракали қилгай ва Ўз фазли билан яна ҳам зиёда айлагай. Аллоҳ яна хабар бердики, шокирлар шукрларининг манфаати уларнинг ўзларига қайтажак ва кимки кофир бўлса ва Аллоҳга шукр қилмаса, бунинг зиёни ўзига бўлур. Аллоҳ ундай кимсанинг шукронасидан Ғаний – беҳожатдир. Амрига хилоф иш тутганлар устидан тақдир ва ҳукм қилишда Ҳамийд – мақтовларга сазовордир. Аллоҳ таолонинг беҳожатлиги Унинг зотидаги азалий сифат саналади. Унинг камол (комиллик) сифатларида Ҳамийд (мақталган) бўлиши ва гўзал санъатида Ҳамийд бўлиши Унинг зотига лозим бўлган сифатдир. Бу икки сифатнинг ҳар бири камол сифатидир. Бирининг иккинчисига қўшилиши камол устига камолдир”.

Демак, Луқмон Аллоҳнинг солиҳ бандаси, донишманд қули экан, у инсоннинг ўғлига қилаётган насиҳатлари ҳам эътиборлидир.

Саъдий: “(Аллоҳ Луқмоннинг насиҳати ҳақидаги оятларда) ҳикматнинг энг муҳим асослари ва қоидаларини зикр қилди. Аллоҳ айтдики, وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ – “Эсланг, Луқмон ўғлига” ваъз-насиҳат қилди. Ваъз қизиқтириш ва қўрқитиш билан бирга қилинадиган буйруқ ва қайтаришдир. Шунинг учун Луқмон ўғлини ихлосга буюрди, ширкдан қайтарди ва буларнинг сабабини тушунтирди: إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ – “Ширк энг катта зулмдир!” Ширкнинг энг катта зулм бўлишининг сабаби – тупроқдан яралган махлуқни барча бандаларнинг Эгасига тенглаштириб қўйган кимсанинг ишидан ҳам кўра даҳшатлироқ ва хунукроқ иш борми?! Ҳеч бир ишга қодир бўлмаган нарсани жамики ишларнинг эгасига тенглаштирган, ҳамма томонлама муҳтож ва ноқис нарсани комил ва Ғаний Раббга баробарлаштирган, зарра мисқолича неъмат бера олмайдиганни халойиқка унинг дини, дунёси, охирати, қалбу баданларидек неъматларнинг барини ато қилган, ёмонликни фақат Ўзигина даф этадиган Зотга тенглаштириб қўйган кимсанинг ишидан ҳам каттароқ зулм борми? Мана, шу зулмдан ҳам кўра улканроқ ёмонлик борми?

Аллоҳ бандани Ўзининг ибодати ва тавҳиди учун яратган бўлса-ю бу ўзининг ширин нафсини энг тубан ўринга тушириб, арзимас нарсага ибодат қиладиган қилиб қўйса ва шундай қилиб ўз нафсига катта зулм қилса, бундай инсоннинг зулмидан ҳам ортиқроқ иш борми?"

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Динни тўғри ва мукаммал тушуниш, сўзда ва фикрлашда адашмаслик, фойдали илм ва солиҳ амалларга мушарраф бўлиш Аллоҳ берадиган ҳикматдир.

2. Ҳикмат чуқур илм, мукаммал тавҳид ва чиройли амални тақозо қилади. Ҳикмат соҳиби ширкнинг барча турларидан пок, соғлом ақидани маҳкам ушлаган, солиҳ амалларнинг ҳаммасини баробар яхши кўрадиган инсон бўлади.