Уларда уламолар сафига қўшилиш истаги йўқ. Бундайлар мақсадини янгиласин, вақтни бой бермай амин бўлиши учун аҳд қилсин. Албатта, бу осон эмас. Бу йўл ҳамманинг йўлимас, олимлар оммадан ўзгача фикрлайди. Олимлар ҳамма еганда емайди, ҳамма ухлаганда ухламайди, ҳаммадай яшамайди, улар ўзгармайди, балки ўзгартиради. Олимлар таъсирланмайдилар, балки таъсир қиладилар. Ҳақиқатда бу ўзгача ҳаёт!
Бу ўзгача ҳаётнинг босқичлари, турлари бор. Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
Олимнинг мавқеи
Нарсалар қийматига қараб баҳоланади. Шундай бўлмаса, яхши-ёмон, оқ-қора ажралмайди, ҳаётнинг маъноси қолмайди.
Ўтган бобда илмнинг қиймати ва аҳамияти билан танишдик. Билдикки, илм билан инсоният ҳаёти тўғри бўлади. Пайғамбарларнинг энг улуғ сифати ҳам илмдир.
Пайғамбарлардан кейин Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан илм йўқолиб кетмади. Аллоҳнинг элчилари вафотларидан олдин маълум бир тоифага ўз илмларини қолдирдилар. Уларга бу илмни бошқаларга тарқатишни буюрдилар. Мана шу тоифа кишилари олимлардир.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннатга олиб борадиган йўл қилиб қўяди. Фаришталар қанотларини илм толиби учун бажонидил ёзадилар, олимлар учун Еру осмондаги барча нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ойнинг юлдузлардан афзаллигидекдир, олимлар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар тилла-кумуш қолдирмадилар, илм қолдирдилар, ким уни олса, улкан насибага эришибди” (Термизий, АбуДовуд ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У Узи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сураси, 269-оят).
Илмнинг фазилати нақадар юксак экани фаришталарнинг илм йўлига чиққанларга қанотларини ёзишидан билсак бўлади. Бу каромат улуғлик, шараф эмасми?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олимларга фазилат ваъда қилдилар. Еру осмондаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам олим учун истиғфор сўрайди!
Абу Умама Боҳилийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши ҳақида гапирилди: бири олим, иккинчиси обид эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг сизлардан афзаллигимдек, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ер аҳли, инидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам инсонларга яхшилик ўргатувчига дуо қилиб туради ” (Термизий ривояти).
Айрим кишиларга олимнинг олий ҳурмат эътибори ошириб юборилгандек туюлиши мумкин. Бироқ тафаккур қилган одам олимларнинг афзаллигини англайди. Илмсиз обид ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Макка мушриклари “биз ҳам Аллоҳга ибодат қиламиз” дерди-ю, ибодат қилиш илми йўқ эди. Ўзлари Аллоҳга кофир бўлиб, Унинг йўлидан адашиб кетганларини англашмасди. Аллоҳ улар ҳақида шундай дейди: “(Эй, инсонлар,) огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга “дўстлар”ни (“илоҳ”) қилиб олган кимсалар: “Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз” (дерлар)” (Зумар сураси, 3-оят).
Агар обиднинг эътиқоди ёмон бўлса, ибодати қабул бўлмайди, у зиён кўрувчилардан бўлади. Аллоҳ айтади: “Раббингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди. Бас, сизлар зиён кўрувчиларга айланиб қолдингизлар” (Фуссилат сураси, 23-оят).
Имом Доримий ривоят қилишича, Умар ибн Абдулазиз Мадина аҳлига ёзган мактубида шундай дейилган: “Илмсиз ибодат қилган одамнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлади” (Имом Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).
Олимлар даражасини фақиҳлар ва мужоҳидлардан ҳам баланд қўювчилар бор. Энг буюк саҳобий олимлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганлар ҳам ўзларини олим қилиб тирилтиришини хоҳлайдилар, чунки улар олимларнинг кароматини кўрадилар” (Абу Хомид Ғаззолий. “Иҳёу улумид-дин”).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимлар сиёҳи шаҳидлар қони билан тарозига қўйилади, олимлар сиёҳи оғир келади” (Абу Хомид Ғаззолий. “Иҳёу улу-миддин”).
Айримлар буни ғалати ҳисоблашса ҳам бу гаплар кучли ҳужжатларга асосланган. Жиҳоднинг фазли ҳам бошқа амаллар каби илм билан билинади. Ахир, мужоҳид жиҳод фазлини олимлардан ўрганмаганми?! Фарзи айн билан фарзи кифояни ажратиш учун ҳам илм керак. Гоҳида обид фарзни тарк қилиб, нафлларни бажариб юради, бу тўғри эмас. Илмсиз мужоҳид фитнани жиҳод деб, ноҳақдан одам ўлдириши мумкин.
Жиҳод қилиш қай вазиятда тўғри-нотўғрлигини буни илм аниқлайди. Шуни унутмаслик керакки, ҳақиқий олимларсиз ҳақиқий мужоҳидлар бўлмайди. Мусулмон киши гоҳида жиҳод деб фитнага аралашиб қолиши мум-кин. Хаворижлар фитнаси бунга ёркин мисол эмасми?!
Хаворижлар ҳам намоз ўқирди, рўза тутарди, ўзларича жиҳод қиляпмиз деб ўйлардй, лекин илмсиз бўлганлиги учун адашишди. Ўзларини ҳаммадан устун ҳисоблашиб, тўғри йўлдан тойишди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу улардан бирини ўлдирмоқчи бўлганларида, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга шундай деган эдилар: “Уни тек қўй, унинг шундай шериклари борки, уларнинг намози олдида сизнинг намозингиз оз кўринади, уларнинг рўзаси олдида сизнинг рўзангиз оз кўринади, ўқиган Куръонлари бўғизларидан ўтмайди, ўқ камондан чиққандай диндан тез чиқадилар ” (Бухорий, Муслим ривояти).
Хаворижларнинг энг катта фожеасии илмсизлик билан “ижтиҳод” қилиши эди. Шу сабабли кўп ноҳақ қон тўкилди, уларнинг етакчиси бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжим мўминлар амирини ўлдириб савоб оламан, деб ишонарди. Ахир у тўртинчи рошид халифа, Пайғамбар куёви, бир неча бор жаннат башорати берилган саҳобий Али ибн Абу Толиб эди.
Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳу ҳақида Хайбар куни шундай деганлар: “Эртага байроқни бир кишига бераман, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради ” (Бухорий, Муслим ривояти).
Қотил Абдурраҳмон ибн Мулжим илмсизлик касофатидан шу ҳолга тушди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад,) айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар” (Каҳф сураси, 103-104-оятлар).
Ислом уммати жиҳодга интиқ бўлган қизиққон диндорлари сабаб анча-мунча озор чекди. Илмсизлик орқасидан хато фатволар, нотўғри ҳукмлар чиқарилди. Натижада мусулмон жамияти кофирга чиқарилиб, бегуноҳ одамларнинг қони ҳалол саналди. Жиҳод сабаб ҳурматлар поймол қилинди, қотиллик, зулм, зўравонлик авж олди. Аммо Исломнинг буларга зиғирча алоқаси йўқ.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Кимки илм учун жидду жаҳд қилиш жиҳод эмас деб ўйласа, унинг ақлида ва фикрида нуқсони бордир”.
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм талаб қилган одам Аллоҳга байъат қилгандир”.
Аллоҳ таоло олимларнинг қадрини улуғлаб айтади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Саҳобалар, тобеъинлар, солиҳлар илм ҳақида шундай фикрларди, олимларини ҳурмат қиларди, қадри баланд деб биларди. Ирқи, насли, жинси, мансабидан қатъи назар, олимларни иззат-икром қилишарди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ёши кичик бўлса ҳам саҳобалар жуда ҳурмат қилишарди, кўзларига тик қарамасди. Вафот этганида ёши ўттиз бешдан ошмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зот ҳақида “Ҳалол ҳаромни энг яхши билувчи Муоз ибн Жабалдир”, деганлар (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Тобеъин Абу Муслим Хавлоний айтади: “Дамашқ масжидига кирсам, ёши улуғ саҳобийлар ҳалқа бўлиб илм мажлиси қилишаётган экан, кўзларига сурма қўйган, оппоқ тишли бир йигит уларнинг саволларига жавоб берарди, унинг жавобига ҳеч ким эътироз билдирмасди. Ёнимдаги кишидан бу ким деб сўрадим, у “Муоз ибн Жабал”, деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ривояти).
Муоз ибн Жабал ёш йигит бўлса-да, ёши улуғ саҳобалардан ҳеч ким унга сен ёшсан деб эътироз билдирмади. Чунки улар илмнинг фазилатини билиб, аҳли илмнинг ҳурматини жойига қўярди (Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).
Зайд ибн Собит жаноза ўқиб бўлганидан сўнг у кишига хачири келтирилди, Ибн Аббос хачирнинг узангисини ушлаб турди. Зайд: “Эй, Расулуллоҳ амакисининг ўғли, узангини қўйворинг”, деди. Ибн Аббос: “Олимларни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деди (Муттақий Ҳиндий. “Канзул уммал”).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума Зайд ибн Собитни илми учун ҳурмат қилиб, уловининг узангисини ушлаб турди. Бу илм аҳлига бўлган катта ҳурмат белгиси эди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Олимнинг ҳаққи унга кўп савол бермаслик, жавобда уни қийнаб қўймаслик, чарчаганида безовта қилмаслик, турганида кийимидан тутмаслик, унга бировларнинг сирини фош қилмаслик, унинг олдида бировларни ғийбат қилмаслик, унинг айбини изламаслик, хато қилса, узрини қабул қилишдир. Олим, модомики, илмига амал қилар экан, Аллоҳ учун ҳурмат қилинади, унинг олдида беодоблик қилинмайди, бирор эҳтиёжи бўлса, имкон қадар хизмат қилинади. Олим кечалари қоим, кундузлари соим бўлган мужоҳиддан афзалдир. Агар бир олим вафот этса, ўша минтақа динида кемтиклик пайдо бўлади, уни янги олимдан бошқаси боса олмайди” (Абу Ҳомид Ғаззолий. “Иҳёу улумиддин”).
Имом Ғаззолий “Иҳёу улумиддин” китобида ёза-ди: “Устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан улуғроқдир. Чунки ота-она фоний дунё сабабчиларидир, устоз эса боқий дунё сабабчисидир. Устоз охират илмлари муаллимидир”.
Ибн Муборакдан сўрашди: “Кимлар инсонлар?” “Уламолар”, деб жавоб берди. “Кимлар подшоҳлар” деб сўралди, “Зоҳидлар” деб жавоб берди. Имом Ғаззолий изоҳ беради: “Инсонлар олимлар дейилишининг сабаби ҳайвондан илм билан ажралиб турганлигидир, шу сифати билан азиздир. Инсон кучи билан азиз эмас, чунки туя инсондан кучли. Инсон катталиги билан азиз эмас, чунки фил инсондан каттадир. Инсон шижоати билан азиз эмас, чунки йиртқич ҳайвон инсондан шижоатли. Инсон ейиши билан азиз эмас, чунки ҳўкиз бу борада инсондан устун. Инсон жимоъ (жинсий яқинлик) билан азиз эмас, чунки кичкина чумчуқ инсондан кўп жимоъ қилади. Инсон илм учунгина яратилгандир” (“Иҳёу улумид-дин”).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Катталарни улугламаган, кичикларга раҳм қилмаган, олимларнинг қадрини билмаган менинг ҳақиқий умматим эмас " (Имом Аҳмад, Ҳоким ривояти).
Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом билан кечган қиссалари илм ва олимни ҳурмат қилишга ёрқин мисолдир. Мусо алайҳиссалом “улул азм” пайғамбар бўлсалар ҳам “Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди” (Каҳф сураси, 66-оят). Хизр алайҳиссаломни ҳурмат-иззатини жойига қўйдилар, изн сўрадилар, тавозеъ кўрсатдилар.
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳума ўғлига насиҳат қилиб шундай деган: “Эй, ўғлим, олимлар билан ўтирганингда, кўп гапирмай кўп эшит, чиройли сукут сақлаб ўтиришни ва чиройли эшитиб ўтиришни ўрган, ҳеч кимнинг гапини бўлма ва сўз беришмагунча сўзлама”.
Мусулмонлар шу тариқа олимлар ҳурматини сақлашди, уларнинг қадри баланд бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўн олти ёшида дарс ўқитганида минглаб инсонлар уни тингларди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади:
Гар қавмнинг кичиги олим бўлур,
Мажлис йиғилганда кабир ўлур.
Олимларнинг ҳурматини амирлар, султонлар ҳам жойига қўярди. Шунинг учун уммат бошқалардан азиз, бахтли эди.
Мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик икки ўғли билан ҳажга борди. Маккада ҳажга алоқадор айрим масалаларни билмай қолишади. Шунда масала сўраш учун аллома Ато ибн Абу Рабоҳ ҳузурига йўл олдилар.
Аллома намоз ўқиётган эди. Улар намозни тугатгунча кутиб туришди. Намозини тугатгач, саволни бердилар. Аллома ўтирган жойида уларга жавоб берди, ортиқча мулозамат қилмади. Саволларига жавоб олишганидан сўнг қайтиб кетишди. Бир неча кундан сўнг халифа ўғиллари билан суҳбатлашиб ўтирганида шундай деди: “Эй, ўғилларим, илм излашдан чарчаманглар, бир қора қулнинг олдида хор бўлиб турганимиз ҳануз эсимдан чиққани йўқ” (Ибн Жавзий. “Сифатус софва”).
Халифа Маъмун наҳв олими Фаррони икки ўғлига муаллим қилиб тайинлади. Бир куни, навбатдаги сабоқдан сўнг, икки шаҳзода устозининг оёқ кийимини тўғрилаш учун талашиб қолди. Бир мунча тортишувдан кейин ҳар бири бир дона оёқ кийимини тўғрилаб қўйишга келишди. Бу хабар халифага етиб борди. Халифа Фаррони ҳузурига чақиртириб, сўради: “Инсонларнинг энг азизи ким?”. Фарро жавоб берди: “Амирул мўмининдан азизроқ кишини билмайман”. Шунда Халифа деди: “Энг азиз инсон шундай кишики, ўрнидан турганида шаҳзодалар оёқ кийимини тўғрилаш учун уришиб кетади”. Фарро хижолат тортди: “Эй, мўминлар амири, мен уларни тўхтатмоқчи бўлдим, лекин яхши ишдан қайтарган бўлиб қолмай, шариат қизиқтирган ишдан тўсиб қўймай дедим”. Халифа деди: “Агар қайтарганингизда сизни айбдор ҳисоблаб жазолардим, улар қилган ишлари билан пастга тушганлари йўқ, балки қадрлари ошди, қалбларининг салимлиги билинди. Киши уч нарсада ҳеч қачон манманлик қилмайди: султонга, отасига, устозига ҳурмат кўрсатишдан...”
Халифа Маъмуннинг жавоби ўша даврда Ислом умматининг илмга ва олимларга қандай эътиборда бўлганини билдиради. Халқ ҳам, раҳбарлар ҳам илм ва аҳлини эъзозларди. Дарҳақиқат, олимлар энг азиз инсонлар эди, уммат олимларини қадрлар, иззат-ҳурматини жойига қўярди. Олимлар йўл кўрсатувчи чироқ эканини ҳамма яхши биларди, омманинг бу тушунчаси инсониятга “Ислом ҳазораси” деган улуғ ҳазорани берди.
Доктор Роғиб Саржоний