Ибн Касир: “Аллоҳ таоло Луқмоннинг ўғлига қилган васияти ҳақида хабар беради... Аввалда Аллоҳ Луқмонни ниҳоятда чиройли суратда зикр этган, унга ҳикмат ато қилганини эслатган эди. Луқмон ўғлига насиҳат қилар экан, шубҳасиз, унга энг меҳрибон ва энг суюкли кишидир. Шундай бўлгач, ўғлига ўзи биладиган нарсаларнинг энг яхшисини тортиқ этиши муносиб ишдир. Шунинг учун ўғлига энг биринчи Аллоҳга ҳеч нимани шерик қилмасдан ибодат қилишни буюрди. Сўнг уни огоҳлатириб дедики: “Ширк энг катта зулмдир” ...Кейин Аллоҳга ибодат қилиш ҳақидаги бу насиҳатига ота-онага яхшилик қилиш вазифаси илова этилишини баён этди”.
Саъдий: "وَوَصَّيْنَا الإِنْسَانَ – Биз инсонга амр қилдик, унга худди бир васият қолдирдикки, унга қандай амал қилгани ҳақида, яъни уни бажардими ёки йўқми, деб яқинда албатта сўраймиз. Ота-онаси ҳақида таъкидлаб, унга дедикки, аввало Менга бандаликни қоим қилиб, ҳуқуқларимни адо эт. Мен берган неъматлардан Менга маъсият қилишда истифода этма. Сўнг ота-онангга ширин сўз, мулойим муомала ва чиройли ишларинг билан яхшилик қил. Олдиларида тавозе билан туриб, уларни иззат-икром эт, улуғла. Таъминотларини адо эт. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хоҳ сўз, хоҳ иш билан уларни хафа қилиб қўйишдан эҳтиёт бўл.
Биз унга мана шу “васият”ни топширдик ва унга хабар қилдикки, “Қайтиб бориш Менинг ҳузуримгадир”. Яъни эй инсон, яқинда сенга бу “васият”ни топширган ва ушбу ишларни устингга юклаган Зотнинг ҳузурига қайтасан. У сендан сўрайди: бу вазифани бажардингмики, У сени мўл-кўл савоблар билан мукофотласа? Ёки ташлаб қўйдингмики, У сени ҳалокатли азоб билан жазоласа?
Ота-онага яхшилик қилишни вожиб этувчи сабаб шуки, “Унинг онаси машаққат устига машаққат билан кўтариб юрди”. Яъни “нутфа” (томчи сув) бўлган пайтидан бошлаб, бошқоронғилик, касаллик, кучсизлик, оғирлик, ҳар хил ҳолатлар юз бериши, сўнг энг қийини – кўз ёриши каби машаққат кетидан келадиган машаққатларга рўпара бўлаверди.
“Уни кўкракдан ажратиш икки йил ичидадир”. Инсон бу муддат ичида доимо онасининг қўйнида, унинг тарбияси остида ва эмизишига боғланган бўлади...
“Агар у икковлари сендан ўзингнинг илминг етмаган ишда Менга ширк келтиришингни қаттиқ талаб қилсалар, бас уларга итоат этма”. Бундай итоат уларга яхшилик қилишнинг доирасига киради деб ўйлама. Чунки Аллоҳнинг ҳаққи ҳар қандай инсоннинг ҳаққидан муқаддам туради. “Холиққа маъсият бўладиган ўринда махлуққа итоат йўқ”.
Аллоҳ “Агар у икковлари ... Менга ширк келтиришингни қаттиқ талаб қилсалар, бас уларга оқ бўлгин” деб айтмади. Балки ширкда “итоат этма”, аммо уларга яхшилик қилишда давом эт, деди. Шунинг учун “Дунёда улар билан яхши муомалада бўл” деб қўшимча қилди. Яъни уларга яхшилик қилиш мақсадида бирга бўл, аммо улар куфр ва маъсият ҳолатида бўлсалар, итоат этма”.
Ибн Касир: “Саъд ибн Молик айтади: Мен онамга жуда ҳам меҳрибон киши эдим. Исломга келганимда онам деди: “Эй Саъд, сен топган бу янгилик нимаси?! Ё бу динингни ташлайсан ёки мен еб-ичишдан воз кечаман. То ўлгунимча шундай ҳолда давом этаман ва сен менинг ўлимим учун жавоб берасан! Кейин сенга эй онасини ўлдирган қотил, деб айтишади”. Мен унга: “Эй онажон, унақа қилманг, мен бу динимни бирор нарса учун тарк этмайман”, дедим. Онам овқат емасдан бир кеча-кундуз турди ва жуда қийналиб қолди. Кейин яна бир кеча-кундузни ҳеч нима емасдан ўтказди ва жуда ҳам қийналиб кетди. Буни кўрганимдан кейин айтдим: “Эй онажон, билингки, Аллоҳ номига қасам, агар сизнинг юзта жонингиз бўлсаю ҳаммаси битта-биттадан чиқса ҳам, бу динимни тарк этмайман. Шунинг учун хоҳласангиз овқат енг, хоҳламасангиз, майли”. Шундан сўнг у овқат ейишни бошлади”.
Саъдий: “Менга тавба қилган кишиларнинг йўлларига эргаш”. Улар Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, элчиларига иймон келтирган, Раббиларига таслим бўлган, Унга тавба қиладиган кишилардир. Уларнинг йўлларига эргашиш, Аллоҳга тавба қилишда уларнинг маслакларига киришдир. Бу дегани қалб ҳиссиётлари ва иродасининг Аллоҳ томонига интилиши, кейин эса Аллоҳни рози қиладиган, Унга яқинлаштирадиган амалларда бадан билан ҳаракат қилишдир.
“Кейин қайтиб келишларингиз Менинг ҳузуримгадир”. Яъни яхши ҳам, ёмон ҳам, тавба қилган ҳам, бошқаси ҳам келади.
“Бас, ўшанда сизларга қилиб ўтган ишларингизнинг натижаси ҳақида хабар беражакман” ва сени иймонинг учун мукофотлайман, уларни куфрлари учун ҳам жазо бераман. Кейин сизларнинг ҳар бирингиздан содир бўлган яхшилик ва ёмонлик учун алоҳида мукофот ёки жазо бераман”.
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:
1. Ота-она фарзанд тарбияси устида жиддий ҳаракат қилиши лозим. Унга энг аввал Аллоҳнинг ҳақларини адо этишни таълим бериш зарур.
2. Мусулмонларнинг бир-бирларига насиҳат қилишлари, айниқса катталар кичкиналарга, ота-оналар болаларига доимо чиройли насиҳат қилиб боришлари талаб этилади.
3. Инсоннинг зиммасида Аллоҳнинг ҳаққидан сўнгги вожиб ҳақ ота-она ҳаққидир. Онанинг ҳаққи отаникидан кўра кўпроқдир.
4. Агар ота-она кофир бўлсалар ҳам, уларга яхши муносабатда бўлиш, аҳволларидан доимо хабардор бўлиб, хизматларини қилиш фарз.