Ахир, ўлим ёшлар ичида кўпроқ бўлгани учун ҳам қариялар сони кам-ку?! Агар солиштирилса, битта кекса кишининг вафотига қадар мингга яқин гўдак ва ўспирин ҳаёт билан видолашади. Инсон ҳали жисмонан соғлом бўлгани учун ўлимни, ўлимнинг дафъатан келишини гўё узоқ муддатлардан кейин содир бўладиган ҳодиса деб билади, унинг яқинлигини ҳис қилмайди.
Гарчи, “ўлимнинг шарпаси ҳали узоқда”, деб ўзни ишонтирилса-да, дард, дарднинг тўсатдан келиши асло эҳтимолдан узоқ эмас. Балки, дафъатанлик ҳар қандай дард, ҳар қандай хасталикка хос хусусиятдир. Хасталикка чалинган кишининг соғлом кишига нисбатан ўлимга яқинлиги кўпчиликка аён ҳақиқат.
Кимки мана шулар ҳақида фикр юритса, ғафлатдан огоҳлик сари қадам ташлаган бўлади. Огоҳ инсон ўлим учун йигитлик, қарилик, ўрта ёш ва ёз-қиш, куз-баҳор, эрта-кеч каби махсус вақт-лар тайинланмаганини яхши билади. Ўлимни кўз олдида тутиб, доимо унга тайёргарлик билан машғул бўлади.
Аммо жаҳолат ва дунёга муҳаббат инсонни узун дунё ҳавасига, ўлимнинг яқинлигидан ғофил қолишга ундайди.
Тўғри, баъзан нималардир сабаб бўлиб, у ўлимни эслай бошлайди. Лекин инсон бу ҳодиса айнан ўзи билан содир бўлишига, бир кун ўзи ҳам албатта бу дунё билан хайрлашиши аниқ эканига жиддий қарамайди. У жаноза намозларига чиқади, марҳумларни сўнгги манзилига кузатади. Аммо ўзи ҳам яқинда шундай кузатилишини хаёлига келтирмайди. Чунки оёқлар ўзгаларнинг жанозаларига юришга одатланган, кўзлар ўзгалар ўлимини кўриб ўрганган. Шундай экан, инсон қандай қилиб ўзининг ўлимини тасаввур эта олсин?! Бу унга нотаниш ҳиссиёт. Негаки, у ҳали ўлмаган. Баъзан ўлимни эслаб қўйиш масаласига келсак, бу ўткинчи ҳолат. Инсон бу ҳолатдан тез чиқиб кетади, уни дарҳол унутади. Шунинг учун ўлимни англаш йўлида пайдо бўлган бу ҳолат ҳар сафар биринчи ва охирги ҳолат бўлиб қолаверади.
Банда бошқалар тақдиридан ўзи учун ибрат ола бошласа, унга маърифат эшиги очилади. Бу эшикдан кирган ориф эртага тобути кўтарилишини, жасади совуқ ва қоронғу лаҳадга қўйилиб, қаро ерга топширилишини, қабр оғзи хом ғишт билан ёпилиб, одамлар қабрдан аста узоқлашишини тасаввур қилади. Буни англамаслик, англашни кечиктириш жаҳолатдан бошқа нарса эмас.
Дунёга муҳаббат оғир дард. Бу дарднинг муолажаси аввалгилару охиргиларни қийнаб келади. Шубҳасиз, бу дарднинг ягона давоси охират кунига, охиратда бериладиган қаттиқ азоб ва улуғ савобларга иймон келтиришдир. Ишонч “яқийн” даражасига етганида, яъни шак-шубҳадан батамом халос бўлганида дунёга ҳавас туйғуси қалбдан кетади, қалбда ҳавасга жой қолмайди. Чунки қалбни ундан улканроқ муҳаббат эгаллайди.
“Ўлимни эслаш китоби” дан
Абдурашид ЗОҲИД таржимаси