loader
Foto

Жинсларни ўзгартириш (+ фатво)

Яқин Шарқдаги араб мамлакатларидан фарқли ўлароқ Эронда жинсни ўзгартириш рухсат этилган ва қисман мамлакатнинг ўзи сарф ҳаражатларини ҳам қилиб беради. Қизиқ тарафи шундаки, 1979 йилги Эрондаги инқилобдан сўнг исломий бошқариш тури ўрнатилган бўлиб, мамлакатда вилояти фиқҳ услуби жорий қилинган. (Шиалардан бўлган уламоларнинг бошқаруви). Яъни, бу концепцияга кўра, шиаларда олий иқтидор Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбарига тегишлидир. Одатда бу раҳбар фатволар чиқаради ва мазкур фатволар Эронда қонун кучига эга. Чиқарилган фатволарнинг бирида расмий равишда транссексуалларни тан олинишига олиб келган.

Бу фатвонинг тарихи қуйидагича.  Ислом инқилобининг раҳбари бўлишидан олдин Руҳуллоҳ Ҳумайни ўзининг 1965 йили чоп қилинган “Таҳрир ал-Васила” деб номланган сараланган фатволар китобида жинси ўзгартириш ҳақида қуйидагиларни ёзгган: “Илоҳий ваҳийда эркакни аёлга ва бунинг акси - жинсни ўзгартириш ҳақида тақиқ йўқ”.

Шундай қилиб, рухоний жинсни ўзгартириш Аллоҳ яратган нарсани ўзгартириш эмаслиги, балки хунасалик касаллигини даволлашнинг зурурий услуби деб айтган. Фатвода алоҳида гермафродитлар (хунаса) жинсларини алмаштириши мумкинлигии айтилган. Умуман олганда Исломда инсоннинг жинсини аниқлаш ўта муҳимдир, масалан намозда. Шундай бўлса ҳам Ҳумайни гомосексуализмга қарши гапириб, уни ҳаром деб айтган.

1978 йил, Эрон шохи Муҳаммад Рози Пахлавий ағдарилишидан ва ўзининг иқтидорга келишидан бир йил олдин шиалар учун муқаддас бўлган Ироқнинг Нажафида истиқомат қилаётган оятуллоҳга ўзининг хотин бўлиши кераклигига ишонган Ферейдун Хотун Мулкаро деган одам савол билан мурожаат қилади. Бироқ унинг бу муржаатидан сўнг аниқ бирон амалий нарса бўлмайди, аммо бир йилдан сўнг Эрондаги Ислом инқилоби юз бергач Ҳумайнининг гомосексуализм ҳақидаги тасаввурлари, яъни уни ҳаром қилиниши ва бу жиноят учун ўлим жазосинини жорий қилиниши амалга киритилади.

Шу тарзда, Мулкаро ўша вақтда трансвестит бўлган ҳолда: аёлларнинг пардозларидан фойдаланган ёки аёллар либосидан фойдаланиб баччабозликда айбланиш хавфида бўлган. Бироқ, 1987 йили у Ҳумайнийнинг Аҳмад исмлик яқини  орқали Раҳбар билан учрашишга мувоффиқ бўлади. Мулкаронинг эслашича, имом гермафродит ва транссексуаллар фарқига бормаган экан. Ўзининг шахсий шифокорлари билан маслаҳатлашиб, масалага ойдинликлар киритиб бўлганидан сўнг, Мулкаронинг айтишича, Ҳумайни уни “Худонинг хизматичиси” деб атаган ва жинсини ўзгартириш учун рухсат берган экан. Сўнг, Эрон адлия вазирлигининг суд-тиббиёт ташкилоти, юқорида зикр қилинган оятуллоҳ Ҳумайнининг фатвосига асосланган ҳолда жинсни ўзгартириш Исломга мувоффиқ эканини тан олиб қонунлаштирган. 1997 йил Тайланда ўтказилган жароҳлик амалиётидан сўнг Мулкаро аёлга “айлантирилган” ва исмини Марямга ўзгартирган. Шундай қилиб, Марям Эрон Ислом Республикасидаги биринчи тан олинган трассексул бўлган.

Эроннинг Қум шаҳридаги диний марказда жинс ўзгартириш муаммолари Ислом меъёрларига мувофиқ тарзда ўрганилади. Бу масала бўйича мутахассис ҳужжатул-Ислом Муҳаммад Кариминия бўлиб, ушбу мавзуда илмий иш ёқлаган ва "Ислом ҳуқуқи ва қонунчилиги нуқтаи назаридан жинс ўзгартириш" номли китоб муаллифидир. Афсуски, китобнинг форсча нусхасини Интернетдан қидириб топишнинг иложи бўлмади (бошқа тилларга ҳали таржима қилинмаган бўлса керак). Жорий олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаийга кўра, "агар инсоннинг жинсини аниқлашга имкон берса", бундай амалиётни ўтказиш мумкин.

Давлат бу ишларни молиялаштириши билан бирга бу жараённи тўлиқ ўз назоратига олган. Психотерапевтга ташриф қилишдан бошлаб, энг сўнгги босқич, яъни жарроҳлик амалиётигача ярим йил вақт кетади, ҳар бир одам учун 3-3,5 минг доллар сарф қилинади. Бугунги кунда Эронда тахминан ўн мингдан ошиқ транссексуаллар истиқомат қилишади. Қилинаётган жарроҳлик амалиётларига кўра, Ислом республикаси Таиландга етиб қолди. (Турли хил ҳисоб-китобларга кўра, Эронда бир йилда 500 дан 700 гача одам ўз жинсини ўзгартирар экан). Эрон мамлакати жинсни ўзгартиришни қўллаб-қувватлайди. Яъни, бу амалиёта кетадиган эллик фоиз сарф-ҳаражатларни ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам ғарб мамлакатларига қараганда Эронда жинсни алмаштириш 7 баробар кўпдир. Мутахассисларнинг айтишича, Эронда бу қадар жинсни ўзгартиришга сабаб, мамлакатдаги баччабозлик учун ўлим жазоси эканидадир. Баччабозлар ўлим жазосидан қутилиши ва нафсини қондириб яшаши учун жинсларини ўзгартирар экан.

Генетик нуқтаи назардан жароҳлик амалиёти чоғида жинс барибир ўзгармайди. ХХ хромосома ҳар бир ҳужайрада қолаверади. Бу ерда "жинс" тушунчаси биологик эмас, фақат психологик аҳамият касб этади. Трансгендер (ёки транссексуал) тикилган жинсий аъзо (ёки маҳрум қилинган аъзо) билан ҳам анчадан бери ўзини ўз жинсида эмас деб билади. Демак, унинг нафси ҳам ўзини идентификация қилган ҳолга ўзгариб бўлган бўлади.

Жинснинг биологик тушунчаси бор (айнан маълум ХХ ёки ХУ хромосомалар билан), ҳамда ўзини қайси билогик турга мансублигидан қатъий назар, яъни ўзини ким деб хис қилиш - гендер тушунчаси бор. Ҳеч қандай жарроҳлик амалиёти жинсни генетик ўзгартира олмайди (аёлдан эркакка "айланган" транссексуал барибир генетик жиҳатдан аёллигича қолади). Эркаклик аъзосининг имитацияси учун қилинган жарроҳлик амалиётидан олдин бундай аёл ўзини аёл танасидаги эркак деб ҳисоблаб юрган бўлса, амалиётдан сўнг ҳам у ўзини шундай ҳисоблаб юради.

Биология тарафидан ҳам жинс ўзгармайди. Масалан, эркакка "ўзгариб" олган аёл генлари барибир аёлларники бўлиб қолаверади. Жинсни ўзгартириш бўйича жарроҳлик амалиётини умуман олганда косметик амалиёт деб айтсак ҳам бўлади. Агар янада аниқроқ айтадиган бўлсак, "бемор"нинг ўзига кераксиз деб билган аъзоларини олиб ташлаш орқали нафсидаги нарсани бор деб кўрсатишга эришишдир.

Хулоса ўрнида

Фатво

Робитатул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси

ЭРКАКНИ АЁЛГА АЙЛАНТИРИШ ЁКИ АКСИНЧА ҚИЛИШ ҲАҚИДА

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!

Ортларидан Набий йўқ зотга салавотлар бўлсин!

Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, ҳижрий 1409-сана 13-20 Ражаб (1989-йил 19-26 феврал) кунлари бўлиб ўтган ўн биринчи мажлисида эркакни аёлга айлантириш ва аксинча қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.

Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:



Биринчи: эркаклик ва аёллик аъзолари тўлиқ бўлган шахсларни бир жинсдан иккинчи жинсга айлантириш мумкин эмас. Бундай ишни қилишга уринишнинг ўзи уқубатга лойиқ жиноятдир. Чунки бу, Аллоҳ яратган нарсани ўзгартиришга уринишдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шайтоннинг гапини шундай нақл қилган:

«...ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар» («Нисо» сураси, 119-оят).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни – Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчи аёлларни Аллоъ лаънатласин», – деди.

Бу гап Бани Асадлик Умму Яъқуб исмли аёлга етди, у Қуръон қироат ыиларди. У (аёл) унинг олдига келиб:

«Менга сен ҳақингда етган қанақа гап? Сен ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни – Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчи аёлларни лаънатлабсан?» – деди.

Абдуллоҳ: «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатла-ган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», – деди». Муслим ривоят қилган.



Иккинчи: бирор шахсда аёллик ва эркаклик аломатлари жамланиб қолса, унинг ғолиб тарафига қаралади.

Кимда эркаклик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб эркаклигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади.

Кимда аёллик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб аёллигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади.

Бу даволаш жарроҳлик йўли билан бўладими ёки гормонлар билан бўладими, фарқи йўқ. Бу нарса беморликдир. Беморликни эса даволаш лозим. Бу даволаш Аллоҳнинг яратганини ўзгартириш доирасига кирмайди. Валлоҳу аълам.

(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Зикр аҳлидан сўранг" китобидан)

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади