loader
Foto

Тошкентда «Бессмертний полк» акциясини ўтказишга рухсат йўқ

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Муҳтор Муҳитдинов пойтахтда «Ўлмас полк» акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган. Бироқ интернетдаги хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга «Принят к исполнению в установленном порядке» тарзида эмас, балки «Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин», яъни «Рассмотрет в установленном порядке» дея имзо чекилган.

Таъкидланишича, мутасадди раҳбарнинг топшириғини нотўғри таржима қилиш оқибатида англашилмовчилик юзага келган. Натижада кенг жамоатчиликка «мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда» деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилмоқда.

«‘Ўлмас полк’ акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган», — дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда турли оммавий тадбирлар, хусусан, концерт дастурлари, байрам томошалари ва оммавий юришларни ўтказиш вақтинчалик тўхтатилган.

«Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бу йил мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларни карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ихчам шаклларда ўтказиш чоралари белгиланган. Бундай чекловлар юзлаб одамлар иштирок этиши кўзда тутилган ‘Ўлмас полк’ оммавий тадбирига ҳам дахлдор эканини унутмаслик лозим», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳам шаҳар маъмурияти рухсат бермаганига қарамай, 9 май куни юзлаб одамлар Тошкентдаги «Биродарлар қабристони»даги ҳайкал олдига келиб, қўлларида портрет ушлаган ҳолда «ғалаба» қўшиқлари садоси остида «Ўлмас полк» акциясини ўтказган эди.