Хабарга кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини қутлади. Бирга жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларнинг жасорати авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилган. Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича биргаликда қўшимча чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланган.
Мулоқотда президентлар халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган. Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашни фаол давом эттиришга келишиб олинган.