Афғонистонда 20 йиллик ҳарбий операцияни тугатиши кутилаётган АҚШ Афғонистондан барча қўшинларини сентябрь ойига қадар олиб чиқишни режалаштирган бир пайтда уруш ҳаракатлари яна кучайди.
Якшанба куни эрта тонгда, исёнчилар Ғилманд вилояти маркази Лашкаргоҳ четидаги назорат пунктига ҳужум қилгандан кейин “Толибон” ҳаракати билан Афғонистон ҳукумати ўртасидаги уруш ҳаракатлари яна бошланди, дейди маҳаллий кенгаш раиси Аттаулла Афғон.
Афғон армиясининг жанубдаги вакили уч кунлик сулҳ шанба куни тугаганидан кейин уруш ҳаракатлари бошланганини тасдиқлади.
Ғилманд ҳокими вакиллари тонгги жангларда 21 нафар “толибон” аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилди.
Жанглар бир неча соат давом этиб, кундузи якун топди, деди афғон армияси вакили ва тунда исёнчиларнинг янги ҳужумлари кутилаётганини қўшимча қилди.
«Улар (Қобул маъмурияти кучлари) операцияни бошлашди ... айбни бизга ағдарманг», - деди “толибон” ҳаракати матбуот котиби Забихулла Муджахид AFB агентлиги билан суҳбатда.
Вашингтон Американинг энг узоқ давом этган урушини тугатишга ваъда берган, бироқ ўтган йили Толибон билан хавфсизлик кафолатлари ва Афғонистон ҳукумати билан музокаралар очиш ваъдаси эвазига келишилган 1 майда кўзда тутилган муддатини ўтказиб юборди.
Президент Джо Байден америка қўшинларини олиб чиқишни Вашингтон Афғонистонга бостириб кириш учун баҳона сифатида фойдаланган Қўшма Штатлардаги террорчилик ҳужумлари рўй берган санани 11 сентябрга - айнан шу воқеанинг 20 йиллигига кўчирди.
Шундан бери ўн минглаб афғонлар ҳалок бўлган, миллионлаб одамлар яшаб турган уйларидан кўчиб кетишга мажбур бўлган.
Сулҳ тугаяпти
Қобул чеккасидаги “толибон” ҳаракати томонидан сулҳдан олдин қўлга олинган ҳудудни қайтариб олиш бўйича якшанба куни афғон армияси кучлари махсус операция бошлади.
Қобулдан тахминан 40 километр масофада қўшни Вардак вилоятида жойлашган Нерх тумани узоқ вақт пойтахт томон дарвоза ва исёнчилар қўрғони сифатида фойдаланилган, у ердан улар ҳалокатли зарбалар бериларди.
«Бугун бизнинг қўшинларимиз стратегик ҳудудни қайтариб олди», -деди мудофаа вазирлиги вакили Рохулла Ахмадзай.
Ҳукумат кучлари хорижий қўшинлар олиб чиқилганидан кейин ҳам америкаликлардан ҳаво ёрдамини олишда давом этмоқда, бироқ улар Вашингтоннинг ёрдамисиз исёнчиларни ушлаб туришига ишониш қийин.
АҚШ қўшинлари бир пайтлар коалиция кучларининг иккинчи ўринда турадиган йирик базаси бўлган Қандаҳор аэродромини тўлиқ тарк этгач, «Эндиликда биз операцияларни амалга оширимиз жуда қийин бўлади», - деди афғон армияси офицери.
«Бизнинг самолётлар тунда уча олмайди, шунинг учун тунги операциялар қийин бўлади».
Толибон ташаббуси ва Қобулнинг розилиги билан қабул қилинган уч кунлик сулҳ асосан Рамазон ҳайити кунлари риоя қилинди.
Бироқ жума куни Қобул яқинидаги масжидда 12 киши, жумладан, имом ҳам ҳалок бўлгач, тинчлик яна бузилди.
Толибон бу ҳужумга алоқадорлигини инкор қилди, жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.
Сулҳ 20 йилдан бери давом этаётган тўқнашувда тўртинчи бор келишиб олинган танаффус бўлди.
Сентябрь ойида урушаётган томонлар Қатарда мисли кўрилмаган тинчлик музокараларини бошлашди, бироқ бу музокаралар сўнгги ойларда тўхтаб қолди.
Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракатидан айрим музокарачилар жума куни Доҳада учрашиб, музокараларни жадаллаштириш ҳақида гаплашган.