loader
Foto

Фаластин: музокаралар шароитида сулҳ

Миср воситачилари шу кунларда Исроил ва ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо сектори ўртасида қатнаб, ўт очишни тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. Улар босиб олинган Ғарбий соҳилда Фаластин маъмурияти Президенти Маҳмуд Аббос билан ҳам учрашган.

Миср ташқи ишлар вазири, шунингдек, якшанба куни Яқин Шарқда тинчлик жараёнини жонлантириш йўлларини муҳокама қилиш учун Иордания расмийлари билан учрашди.

Якшанба куни Ғазо шаҳрининг қаттиқ зарба берилган ҳудудида кўнгиллилар вайрон бўлган биноларнинг бўлакларини тозалаб, бошқалар эса чиқиндиларни эшак араваларда ташишди.

Шу билан бирга, оғир қуролланган Исроил махсус кучлари ҳамроҳлигида ўнлаб яҳудий кўчкиндилари босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига кириб, кескинликни янада оширди. Бу фаластинлик диндорлар калтакланган ва Исроил полицияси томонидан ҳужум қилинганидан атиги бир неча соат кейин руй берди.

Фаластиннинг WAFA  ахборот агентлиги гувоҳларга таяниб хабар беришича, аввалроқ якшанба куни Исроил полицияси масжидда бомдод намозини адо этаётган фаластинлик мусулмонларга ҳужум қилиб, исроиллик яҳудий кўчкиндиларга жой ажратиш учун уларни "ҳаддан зиёд дўппослаган".

Фаластин ҳудудида гуманитар масалалар бўйича БМТ координатори Линн Хастингс якшанба куни БМТ COVID-19 янада тарқалиши хавфи бўлган, аҳоли зич яшайдиган, қамал қилинган Ғазо секторидаги етказилган зарарни бартараф қилиш ҳақида баёнот берди.

"Эскалация Ғазодаги қарийб 14 йиллик қамал ва ички сиёсий бўлинишлар, шунингдек, такрорий жанглар оқибатида юзага келган мудҳиш гуманитар вазиятни ёмонлаштирди",-дейилади Хастингс баёнотида.

"Биз, шунингдек, мавжуд бўлган эҳтиёжларни, шу жумладан, давом этаётган пандемия билан боғлиқ бўлган эҳтиёжларни қондиришни давом эттириш учун ёрдам беришимиз керак."

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, минтақага бўлажак сафари олдидан гапираркан, Исроил ва фаластинликлар «бир хил хавфсизлик, тинчлик ва қадр-қиммат чора-тадбирлар билан» яшаши мумкин бўлиши учун икки давлат ташкил қилиш борасида Вашингтоннинг фикрларини такрорлади.

Бироқ ABC This Week янгиликлар дастурига берган интервьюда у АҚШ аввалгидек, «Исроилга ўзини ҳимоя қилиш учун воситалар тақдим этиши»ни такрорлади.

Айни пайтда, Иордания қироли Абдулла Ғазодаги вақтинчалик сулҳни давомли сулҳга айлантириш муҳимлигини таъкидлаб, Исроил ва фаластинликлар ўртасида икки давлат ташкил қилиш ечимига муқобил вариант йўқлигини айтди.

Қирол Абдуллоҳ "фаластинликларнинг қонуний ҳуқуқларига жавоб берадиган сиёсий ечимни илгари суриш учун тўхтамларни кенгайтирилган сулҳга айлантириш бўйича араб ва халқаро саъй-ҳаракатларни кўпайтиришга чақирди", - дейилади Қироллик саройи твиттерида.

Ҳукумат шанба куни Ғазо секторида чодир ва замбил тарқатишни бошлади, чунки Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, бомбардимон оқибатида камида 6 минг киши бошпанасиз қолган.

Исроил томонидан қайта очилганидан кейин Карем Абу Салом ўтиш пункти орқали жума куни Ғазо секторига зарур дори-дармон, озиқ-овқат ва ёқилғи ортилган юк машиналари кириб келди.

Фаластин расмийлари ҳудудни қайта тиклаш харажатларини ўн миллионлаб долларга баҳоламоқда.