loader
Foto

Илмли жоҳиллар ва адашган муллалар ҳақида

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас ўшалардан сўралади. Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Кузатиш, тажриба ёки эксперимент орқали олинган билимлар ва тасдиқланган фактлар ва ишончли маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш орқали олинган билимлар мавжуд. Аллоҳнинг ваҳийсидан олинган илм ҳам бор. Улар ҳар бир фикрловчи кишини ташвишга солаётган энг мураккаб саволларни ёритиб беради. Улар яхшилик ва ёмонлик, фазилат ва иллат, ҳаёт ва ўлим каби қарама-қаршиликларни биргаликда боғлаб, борлиқнинг тўлақонли тасаввурини тиклайди. Улар дунё тарихида рўй берган энг муҳим ҳодисалар ҳақида нотўғри тасаввурларни тузатади ва биринчи галдаги аҳамиятга эга бўлган қатор илмий назариялар ҳақлигини исботлайди. Улар биз яшаётган жамият билан, ўзимиз билан ва биз унга қайтадиган Аллоҳ билан тўғри муносабат ўрнатишимизга ёрдам беради.

Бутун инсоният тарихи давомида бундай билимларнинг йўқ бўлиб кетиши уларни сақлаш олим ва уламоларнинг бурчи бўлган муқаддас китобларни тушириш ва элчилар юборишга сабаб бўлган. Лекин охирги ва якуний ваҳийни сақлашни Аллоҳ ўз зиммасига олди. Унинг матни ва унинг маъноларини бузилишидан ҳимоя қилишга ваъда берди ва шу мақсадда ўзини бутунлай Унинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган кишиларни яратади. Солиҳ ва тақводор, мустаҳкам илмга эга бўлган ва тўғри йўлга даъват этувчи бундай кишиларнинг ғойиб бўлиши Қиёмат кунининг аломатларидандир. Бу даҳшатли кун арафасида ваҳий илми бутунлай йўқолади. Аллоҳ Қуръон ўқиб, унинг амрларига риоя қилган, яхшиликка ўргатган ва гуноҳдан огоҳлантирган солиҳларнинг жонларини олади. Кейин эса ер юзида Муқаддас китобнинг бирорта нусхаси қолмайди. Барча ёзувлар йўқолади. Аллоҳнинг Каломи унга қайтади, чунки ер юзида уни ўқишга лойиқ ҳеч ким бўлмайди.

Лекин бу вақт ҳали келмади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, муқаддас матнларни синчиклаб ўрганиб, уларда сақланаётган ҳикматни англаб етаётган солиҳ уламолар ҳали тирикдирлар. Улар Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ҳақида илмни авлоддан-авлодга етказмоқдалар, мусулмонларни агарда саҳобалар бизнинг ўрнимизда бўлсалар, қандай яшаган ва ҳаракат қилган бўлишларига ўргатадилар. Бироқ бу солиҳ кишиларнинг овозлари ислом душманларининг сохта айблари, бидъатчиларнинг асоссиз уйдирмалари, файласуфларнинг баландпарвоз нутқлари ва шарқшуносларнинг шубҳали далиллари орасида замонавий дунёнинг кўп овозлари орасида ғарқ бўлмоқда. Уларни фақат тингламоқчи бўлган, қалби ҳақиқатни идрок этишга очиқ бўлган ва унга амал қилган кишиларгина эшитадилар. Асримизнинг ахборот ва ахборот технологиялари асри деб номланиши бежиз эмас. Илгари у тез орада барча саволларга жавоб беришига ишониб, илм-фан ғалабаси ҳақида гапириларди. Аммо ҳозир инсониятнинг катта хомхаёллари ва ёрқин умидлари йўқ. У шунчаки ахборотни ўзлаштиради ва ахборотнинг қандай эканлиги аҳамиятсиз, деган фикрга келди... (Ҳадис зоҳиридан кўриниб турибдики, олиб қўйиладиган илм дунёга тааллуқли илм эмас. У фақат диний илм бўлади. Дунёвий илм гуллаб яшнамоқда. Одамлар фазога учяпти, ойни текширяпти. Лекин олинажак илм – дин йўқолиб бораверади. Ҳақиқий олимлар қолмагач, жоҳил кимсалар бошлиқ қилиб олинади ва улар ўзлари билмаган нарсаларга фатво берадилар. Натижада ҳамма адашади.)

Бу ерда гап инсоннинг Аллоҳни билишига яқинлаштирмайдиган илмлар пайдо бўлиши ҳақида боряпти. Дарҳақиқат, инсоният мисли кўрилмаган даражада билимлар тўплади ва атрофимиздаги дунёнинг ташқи томонларини зўр бериб ўрганишда давом этяпти. Олимлар коинот сирлари ичига кириб бормокда, генетик кодни ўқимоқда, катта кутубхоналар мазмунини сақлаши мумкин кристаллар етиштирмоқда, лекин бу кўникмалар фақат технологик тараққиёт қўллаб-қувватлаш учунгина етарли бўлади. Илоҳий ваҳийдан ажралган илмий фактлар, мозийнинг алоҳида парчалари каби, ҳаёт ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди ва ички дунёмизни бойитмайди. "Соф фан" нинг ахлоқий чекланишлари ва унинг турли соҳаларда очиб берилган ички назарий зиддиятлари Ғарбда илмий тафаккурнинг инқирозига ва иррационал, тасаввуфий ва оккультизм руҳидаги қизиқишнинг ортишига олиб келди. Шубҳасиз-ки, бу Ғарб фалсафий ғояларига қизиққан мусулмон модернизмининг умидлари қулашида рол ўйнади. Саволларга жавоб излашда мусулмонлар динга қайтдилар, аммо бу қайтиш осон бўлмади ва ҳар бир мамлакатда ўзига хос шакллар олди.

Илм-фанда, ижтимоий, иқтисодий ва техникавий жиҳатдан орқада қолиш каби муаммолар билан бирга мусулмонлар диний жаҳолатни енгишлари ҳам талаб қилинади. Ислом дунёси учун бу муаммо нафақат диний билим ва солиҳ амаллар инсонни ўлимдан кейин нажот билан таъминлагани учун жуда муҳимдир. Мусулмон жамиятларининг ўзлари ҳаётида дин ва унинг меъёрлари ва қадриятларининг аҳамияти катта. Бу ерда секуляризация Европа сценарийси бўйича бормайди, деб тахмин қилиш мумкин. Европаликлар бир вақтлар насронийлик ва черковдан юз ўгирганларидек, мусулмонлар исломдан воз кечмайдилар. Насронийликнинг ғалабаси зулмат босган Ўрта асрларга тўғри келган Европадан фарқли ўлароқ, мусулмон халқлари тарихида ислом даври буюк ғалабалар ҳамда илм-фан ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши билан боғлиқ. Бундан ташқари, Ислом жуда кучли асос ва ишонарли таълимотга эга ва бошқа ҳар қандай мафкуранинг қаршилигига ён бермайди. Шунинг учун ҳам диний саводсизликни мусулмон давлатлари барқарорлигига таҳдид сифатида ҳам, уларнинг ижтимоий-маданий ва иқтисодий ривожланишига жиддий тўсиқ сифатида ҳам кўриб чиқиш мумкин.

Бизни бу мулоҳазаларга етаклаган ҳадисга қайтадиган бўлсак, яна бир бор таъкидламоқчиманки, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини тўғри англаганларнинг кетиши билан ваҳий илми йўқолади.

Ушбу баёнотнинг ҳақиқати Қуръони каримнинг нусхалари улкан тиражларда нашр этилиб, дунёнинг турли бурчакларидаги масжидлар жавонларида ётган, муқаддас китобнинг маънолари тилларга кўчирилган, замонавий технологиялар туфайли кўплаб ҳадислар тўпламлари бирлаштирилиб, тизимлаштирилган ва ҳар бир Интернет фойдаланувчиси ушбу улкан билимлар омборидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган ҳозирги даврда жуда яхши тасдиғини топади. Лекин Қуръон ўқиётган ҳар ким ҳам унинг маъносини тўғри тушуняптими? Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўқиган ҳар ким уни тўғри қўллай оляптими?

Илгари асл динни моҳир устоз раҳбарлигида пухта ўрганганлар учун мўлжалланган Қуръон тафсирлари, ҳадислар тўпламлари ва ислом ҳуқуқи тўғрисидаги асарларининг ҳамма жойда кенг тарқалиши янги муаммолар ва синовларнинг манбаига айланди. Гўё Пандоранинг қутисидан мусулмонларга узоқ асрлар давомида унутиб юборилган келишмовчиликлар ёмғирдай ёғди, саводсиз одамлар муқаддас матнларни сўзма-сўз ўқиш билан касалланишди, чала-мулла шайхлар эса таниқли имомларнинг хатоларини таъкидлаб, жанжалли мавзуларда арзон обрўга эга бўлиб, атрофларига кўплаб кўрмуридларни тўплай бошладилар. Исломнинг асосий қадриятлари шакл ва ташқи кўринишлар ҳақидаги мунозаралар билан алмаштирилди ва мазҳаблараро фикрлаш уммат орасидаги алоқаларни ва ахлоқий асосларни бузди. Аллоҳ Ўзининг марҳамати билан Қуръон ва Суннатни тўғри тушунишни берган ва нарсаларга тўғри фаҳм билан қарашни ўргатганларгина бу бахтсизликлардан ўзларини қутқара олишган. Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уларнинг садоқатли издошлари йўлида тинимсиз ҳаракат қиладиган солиҳ уламолардир. Бу шубҳаларга қарши турадиган, васвасаларга берилмайдиган ва Аллоҳ Ўзининг мўмин бандалари учун маъқуллаган ўрта йўлдан чиқмаганларнинг нажот топган жамоаси.

Улар Аллоҳнинг розилигини ва охирги ҳаётни ўз интилишларининг энг юқори чўққиси қилдилар ва ер юзидаги неъматлардан ўзлари учун айнан шу тик йўлни босиб ўтиш учун зарур бўлган даражада олдилар. Улар ўзларини Буюк Яратгувчининг бандаси деб билдилар, яратилган олдида сажда қилиш ва кўрмурид бўлишдан сақландилар. Улар Раббиси уларга рухсат берган нарсалар ва У рози бўлган нарсалар билан кифояланиб, У тақиқлаган ва ёмон кўрган нарсалардан воз кечишди. Улар атрофдаги дунёни яхшилаш, унда адолатли тартиб ўрнатиш ва уларни авлодларига энг яхши йўл билан етказиш учун халифалик марҳаматини қабул қилдилар. Улар фақат Аллоҳга сажда қиладилар ва у билан бирга на фаришталарга, на пайғамбарларга ва на солиҳларга ибодат қилмайдилар. Улар Аллоҳни севадилар ва бошқа ҳамма нарсани фақат Унинг ризоси учун севадилар. Муҳтожларга ва етимларга ёрдам бериб, инсон савоби ва шукронаси ҳақида ўйламасдан, фақат Унинг розилигини излайдилар. Улар жоҳиллардан юз ўгирадилар, аҳмоқларга кўнгилчанлик кўрсатадилар, аммо шафқатсизлик ва адолатсизликдан кўз юммайдилар. Улар гуноҳлардан нафратланадилар ва энг аввало, Аллоҳнинг ишончини оқламаслик ва Унинг ғазабини уйғотишдан қўрқадилар. Улар умидсизликни ёмон кўрадилар ва барча қийинчиликларга қарши турадилар. Улар ўз олдиларига юқори мақсадларни қўядилар, лекин улар бошини қуйи солиб, кўзларини юмган ҳолда уларга бепарволарча шошилишмайди, балки оқилона ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади.

Уларнинг ҳаётдаги дастуриламали Қуръони Карим ва идеаллари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Парвардигорларининг китобида замондан ўзиб кетадиган ҳикматни топадилар, Расулуллоҳнинг суннатларида эса  - унинг амалий ифодасини. Улар мусулмонлар томонидан тўпланган кўп асрлик ҳикматдан энг қадрли нарсаларни оладилар ва дунё бўйлаб тарқалган фойдали илмларга бепарво бўлмайдилар. Улар ўтмишдан сабоқ олишади, уларнинг қарашлари келажакка йўналтирилган, лекин энг аввало, бугунги кунни қадрлайдилар, уни тўғри, ўзлари ва бошқалар учун фойда билан яшашга ҳаракат қиладилар. Мана шунинг учун улар замон билан ҳамнафас бўлиб, пуч хаёлларга ва ёлғон умидларга берилмайдилар, балки дунёни барча афзалликлари ва камчиликлари, имкониятлари ва қийинчиликлари билан ўз ҳолича қабул қилишади. Улар бу ер учун ва унда яшовчи ҳар қандай жонзот учун ўзларининг масъулиятини, ҳақиқатни билмайдиган ва Худонинг нурига муҳтож одамлар учун ўзларининг масъулиятини англайдилар. Ахир улар Унинг марҳамати билан - Парвардигор бу дунёни ўйин-кулги учун яратмаган ва инсонни ўзига қолдирмаган, балки унга ақл бериб, иймон келтирганларни кечириш учун ва кибрланиб, юз ўгирганларни жавобгарликка тортиш учун унга ҳидоят берган...

Абу Муслим таржимаси