1960 йил 14 декабрь куни Эроннинг Машҳад шаҳрида таваллуд топган. 1980 йил Иброҳим Раисий диний таълим олганидан сўнг Эрон ислом инқилобидан кейин юзага келган янги ҳуқуқий тизимда ўз фаолиятини бошлади. 1985 йил Теҳронга кўчиб келиб, бу ерда шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди. 1988 йил режимга қарши бўлганлар, жумладан, Эрон халқ мужоҳидлар ташкилоти аъзоларини қатл қилишда иштирок этди. 1989 йилдан 1994 йилгача Теҳрон бош прокурори лавозимини эгаллаган. 1994 йил Эрон Бош инспекцияси бошлиғи даражасига кўтарилган.
2004 йил Иброҳим Раисий Эрон прокурори ўринбосари этиб тайинланган. 2005 йил президент Махмуд Ахмадинажод Раисийга хавфсизлик вазири лавозимини таклиф қилди, лекин у рад жавобини берди. 2014 йил августида Иброҳим Раисий Эрон бош прокурори этиб тайинланди. 2016 йил мартида бу лавозимдан истеъфо берди ва ислом дунёсининг энг бой жамғармаларидан бири - Астан-и Кудс Разавийга бошчилик қила бошлади. 2017 йилнинг май ойида Эрон президенти лавозимига номзод бўлди, бироқ амалдаги президент Хасан Рухонийга мағлуб бўлди.