loader
Foto

Оятлар ва баднафс уламолар

Аллоҳ таоло ҳақиқат ва адолат меъёрларини, динига омонатдор қилиб қўйган раббоний уламолар ва ҳидоятдаги имомлар қўлида мезон қилиб қўйди. У меъёрлардан бошқа барча нарса ҳалокатга элтувчи нафсу ҳаво, қоронғу зулмат, зўравонлик, зулм, бўҳтон ва тажовуздир. Уламоларнинг илк вазифалари одамларга ҳақиқат ва адолатнинг меъёрларини эълон қилиш, ўргатиш, ёйиш, ҳар бир воситадан фойдаланиб мужда бериш ҳамда одамларни уларга риоя қилиб, бошқалардан афзал кўришга чорлашдир.

Раббоний уламолар бу чақириқларида Аллоҳнинг Тўғри Йўли ва мустаҳкам ҳидоятида маҳкам турадилар, бу йўлдан башорат бериб, унга чорлайдилар. Агар бунга кучлари етмаса жим турадилар, одамлардан узлат қиладилар. Улар ҳеч қачон золимнинг зулми ва зўравоннинг зўравонлигига ёрдамчи бўлмайдилар!   

Ҳидоятдаги ва раббоний уламолар ҳар замон ва ҳар маконда рози қилиш ёки нафс ҳаволардан устун туриш учун халқ тарафида ёки халққа яқин турмаганлар балки кўп ҳолатларда халқнинг ҳуқуқи поймол бўлгани, ҳурматли нарсаларига тажовуз қилингани, зулм ёйлари золим ва тажовузкорлар тарафидан отилгани, кучсиз инсонлар ўз ҳуқуқларини талаб қила олмай қолгани: зулматларда яшаб, зулмдан инграгани ва бу ҳаддини билмаган бузғунчиликларга сабаб бўлганида халқнинг ёнида бўлганлар. Шонли тарихимиз бунинг яққол далилидир. Чунки халқ бундай пайтларда уламоларига кўз тикади. Зеро уммат мазкур уламоларни  йўлбошчи деб ҳисоблайди ва улардан ёрдам беришлари, ҳуқуқларини олиб беришларини умид қилишади. ...Ахир ўзига ишонган ва умидвор бўлган умматнинг орзуларини пучга чиқариш уламоларнинг масъулиятими?!

Уммат, уламоларининг тилида ҳақиқат янграши, қалбида иймон ва ҳидоят жўшиши, ақли эса Аллоҳнинг динини яхши тушунадиган, воқеъга чор қирраси билан тўғри баҳо берадиган даражада тафаккурли бўлишини, таълим бериши, одамларнинг онгини оширишини, бошларига кулфат ёки мусибат келганида кўмакчи, эзгуликнинг барча майдонида пешқадам бўлишини хоҳлайди... Биз бу гапларни хаёлпарастлик қилиб айтаётганимиз йўқ. Исломий тарих ва ҳозирги кунимизда бунинг яққол ўрнаклари бор...

Сиз баднафс уламоларни тавсифлаган ҳамда қаттиқ ва аламли азоблар баён қилинган оятларни Аллоҳнинг розилигини барча нарсадан устун қўядиган, Аллоҳнинг фармойишларини улуғлайдиган, Аллоҳдан қўрқадиган ва Аллоҳ:

«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» дея тавсифлаган (Фотир: 28) уламоларнинг аҳволига таққослаб кўришингиз ва бундан қўрқув маърифат билангина рўёбга чиқишини кўришингиз мумкин. Оятда зикр қилинган уламолар, Аллоҳни таниган олимлар экани, Аллоҳдан қўрқиш эса барча эзгуликларнинг калити экани маълум бўлмоқда. Чунки, Аллоҳдан қўрққан банда доимо яхшилик қилади. Хотиржам юрган одам эса Аллоҳга қарши мағрурланади ва барча қабоҳатни қилишга журъатли бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким тунашдан қўрқса, йўлда давом этади. Ким кечаси (ҳам) йўл юрса, манзилига етади»– деганлар (Термизий 2450; Ҳоким 7851).

Қўрқишнинг шарти қўрқилаётган Зотни билиш, унинг сифати ва ишларидан бохабар бўлишдир. Ким Аллоҳ таолони таниса, Ундан қаттиқроқ қўрқади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқққан ва тақволироқман»– деганлар (Имом Бухорий 5063).

Имом Розий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» (Фотир: 28) оятини шундай тафсир қилади: Аллоҳ таоло уламоларни Қуръон Каримда бешта манқиба билан тавсифлади:



Биринчиси: иймон.

«Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар» (Оли Имрон: 7).



Иккинчиси: тавҳид ва шаҳодат.

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар» (Оли Имрон: 18).



Учинчиси: йиғи.

«Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар» (Исро: 109).



Тўртинчиси: хушуъ.

«Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар» (Исро: 107).



Бешинчиси: қўрқув.

«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).

Қўрқув қўрқилаётган зотни танишга боғлиқдир. Олим Аллоҳни танийди ва Ундан қўрқади, умид қилади. Шунинг учун ҳам унинг мақоми обидникига қараганда баланд бўлади. Чукни Аллоҳ таоло: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13) деди ва эҳтиром тақвога қараб, тақво эса билимга қараб эканини баён қилди. Аллоҳнинг эҳтироми амалниинг миқдорига қараб эмас, билимнинг миқдорига қараб бўлади. Ҳа, олим бирон амални тарк қилса бу унинг билимига зарар қилади. Уни кўрган одам: Агар билсайди амал қилган бўлар эди,– дейди. Сўнгра Аллоҳ таоло: «Дарҳақиқат, Аллоҳ азиз ва мағфират қилгувчи Зотдир»– деди (Фотир: 28) ва қўрқув ва умидни тақозо этадиган сабабни баён қилди: Аллоҳ таолонинг интиқом олгувчи Азиз бўлиши Аллоҳдан бутунлай қўрқушни, Мағфират қилгувчи бўлиши эса етук умид қилишни тақозо этади.  

Тақво – билимнинг самарасидир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» деди (Фотир: 28). Мукаммал билим соҳиби бўлган олимнинггина тақвоси бўлади. Тақво қилмайдиган одам мева бермайдиган дарахтга ўхшайди. Мевали дарахт эса мевасиз дарахтдан кўра эътиборлироқдир. Чунки мевасиз дарахт ўтиндан бошқа нарсага ярамайди. Бинобарин тақвосиз олим ҳам жаҳаннамга ўтин бўлади.

Аллоҳ таоло: «Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир» деди (Баййина: 8) ва унга Аллоҳнинг ушбу: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28)оятини қўшилса, буларнинг йиғиндиси илм ва уламоларнинг фазилатига ҳужжат бўлади. Сабаби, Аллоҳ таоло олимнинг қўрқув эгаси эканини баён қилди. «Бу – Роббисидан қўрққан одам учундир» ояти, юқоридаги оят ва иккисининг йиғиндисидан Аллоҳдан қўрққан одамлар – уламоларнинг жойи жаннат экани маълум бўлади.

Уламолардан Аллоҳни ва Унинг шариатини таниган олимлар назарда тутилмоқда. Уларда билимларига кўра қўрқув тақвоси бўлади. Аммо Аллоҳни, Аллоҳнинг савоби ва азобини танишга ёки юзаки ўрганишга тааллуқли билимлар, Аллоҳдан қўрқишга олиб бормайди. Чунки шариатни билган олим шаръий номларнинг ҳақиқатларини, ўринларини жуда яхши билади ва ўз ўрнида амал қилиб, унинг яхшилик ва ёмонликларининг оқибатларидан бохабар бўлади. Шунинг учун Аллоҳнинг муроди ва шариатининг мақсадлари бўлган ишларни ё қилади ёки тарк этади. Агар у айрим вақт ва ҳолатларда шаҳват ёки нафсу ҳаво туфайли шариатга хилоф ишларни қилса ёки дунёвий манфаатларни устун кўрса, оқибати яхши бўлмаган ишни қилган мухолиф эканига ишонади. Бу ишонч унинг аста–секин мухолифликдан айрилишига сабаб бўлади. Олим бўлмаган одам ҳам олимларга эргашса унинг ҳаракатлари ҳам олимларникидек бўлади ва қўрқувси уламоларнинг қўрқувсидан вужудга келади. Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд бу ҳақда шундай дейди: «Билим яхшиликларга далил ва унга етаклайди. Уламоларнинг Аллоҳга энг яқини Аллоҳни яхши таниганлари, Аллоҳдан кўпроқ қўрққанидир. Ундан бошқаси қизиқишдан бошқа нарса эмасдир».

Аллоҳ таолодан қўрқиш – Қалбнинг Аллоҳга бўлган муҳаббат, жазоларидан қўрқиш ва савобларидан умид қилиш билан тўлиши, Аллоҳни доимо эслаш, берган неъматларига шукр қилиш, қилаётган тоату ибодатларининг қабул бўлишига ишонишдир. Аллоҳни билган уламолар, Унинг зоти ва сифатларини, қадри ва буюклигини бошқалардан кўра яхшироқ билган одамлардир.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Олим – Аллоҳдан ғоибона қўрққан, Аллоҳ рағбатлантирган нарсаларга ошиққан, Аллоҳ ғазаб қилган нарсалардан йироқ турган сўнгра Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Дарҳақиқат, Аллоҳ азиз ва мағфират қилгувчи Зотдир» (Фотир: 28)оятини ўқиган одамдир».

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди: «Аллоҳдан қўрқиш –  билим, ғурурланиш эса жаҳолат экани кифоядир».

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳу айтди: «Қўрқув – сиз билан Аллоҳнинг гуноҳи ўртасини тўсган нарсадир».

Молик разияллоҳу анҳу айтди: «Билим ривоятни кўп қилиш эмас балки Аллоҳ таоло қалбга қўйган нурдир».

Сўнг ...

Охират уламолари билан баднафс уламолар ўртасидаги мезон – қалбни Аллоҳ учун холис қилиш, Аллоҳнинг розилигини исташ, охиратнинг қилаётган ёки қилмаётган барча ишлари: билими ва амалида кўз олдида гавдаланишидир. Шунинг учун ҳам ҳаракатлари дунё манфаати учун, мақсади риё, обрў, мансаб ва тирикчилик учун рақобатлашиш бўлган илм толиби учун қўрқинчли таҳдид ва оғир ваъдалар бор.

Сулаймон ибн Ясор разияллоҳу анҳу айтди: «Одамлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг олдидан тарқалишганида шомлик Нотил (ибн Қайс): Ҳой шайх, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисингизни айтиб беринг,– деди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Хўп. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёмат куни илк сарҳисоб қилинадиган одам Аллоҳ йўлида ўлдирилган кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ таоло уни (берган) неъматлари билан таништиради. У бу неъматларни танийди. (Сўнгра) Аллоҳ: Бу неъматлар билан нима қилдинг?,– деб сўрайди. У: шаҳид бўлгунимча Сенинг йўлингда жанг қилдим,– деб жавоб беради. Аллоҳ: Ёлғон гапираяпсан! Чунки сен: Жасоратли!,– дейилишинг учун жанг қилдинг ва шундай дейилди ҳам,– дейди ва буйруқ келиб, у одамни юзи билан судраб жаҳаннамга отилади.

(Сўнгра) билим олган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган одамни олиб келинади ва Аллоҳ уни (берган) неъматлари билан таништиради ва: Бу неъматлар билан нима қилдинг?,– деб сўрайди. У: Билим олиб, ўргатдим. Сен учун Қуръон ўқидим,– дейди. Аллоҳ: Ёлғон гапираяпсан! Сен сени олим дейилиши учун билим олдинг, қори дейилиши учун Қуръон ўқидинг ва шундай ҳам дейилди,– дейди ва буйруқ келиб, у одамни юзи билан судраб жаҳаннамга отилади.

(Сўнгра) Аллоҳ турфа бойликдан кўп улуш берган одамни олиб келинади ва Аллоҳ унга (берган) неъматларини танитади ва у танийди. Аллоҳ: Бу бойликларни нима қилдинг?,– деб сўрайди. У: Сен суйган қандай йўл бўлса унга харажат қилдим,– деб жавоб беради. Аллоҳ: Ёлғон гапирма! Сен уларни «танти» дейишлари учун ҳаражат қилдинг ва шундай дейилди ҳам!,– дейди ва буйруқ келиб, у одамни юзи билан судраб жаҳаннамга отилади»» (Имом Муслим 5032).

Баднафс уламолар учун Қуръондан намуналар

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, сўнгги пайғамбарга салавоту саломлар, Унинг суннатига эргашган, йўлидан айрилмаган ва динига ёрдам берганларга ризоликлар бўлсин!

Сўнг ...

Аллоҳ таоло илм омонатини кўтарган барчани билимнинг масъулияти катта, ҳақиқат омонати оғир эканини, ўзларига Аллоҳнинг муаззам неъмати берилгани, агар бу масъулиятнинг ҳаққини беришмаса Қиёмат кунида ҳалокатга учрашларидан огоҳлантириб, Қуръон Каримда иккита қўрқинчли мисолни келтирди. Аллоҳ таоло айтди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у Ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг.

И з о ҳ. Ушбу икки оят гарчи Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир яҳудий «олим» ҳақида нозил бўлган эса-да, бу оятларнинг ҳукми билган илмига амал қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган «уламолар»нинг барчасига тааллуқлидир. Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат — илмсизликдир» (Аъроф: 175, 176);

«Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!» (Жума: 5).

Сиз биринчи оятдаги: «Бас, у ўша (билдирган) оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди» жумлалари ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Сиз ушбу мўъжизавий илоҳий таъбирга боқинг: «Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди ...». Бу – ҳақиқат ва ҳидоятдан озган, ўз динларини сариқ чақага арзимас дунёга сотган ёки динларини бошқаларнинг, тўғрироғи, дин душманларининг дунёлари эвазига сотган баднафс уламолар синфидир. Бу оятда уларнинг энг хунук мисоли келтирилди. Келинг, мен бу мисолни тушунтириш учун айрим тафсирларда келганидек унинг ғоя ва мақсадлари ҳақида бир оз қалам тебратай...

«Манор» тафсирининг муаллифи шайх Муҳаммад Рашид Ризо раҳимаҳуллоҳ (мазкур оят тафсирида) шундай дейди: «Бу – Аллоҳ таолонинг Аллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қувватлаш учун нозил қилган ақлий ва коинавий ҳужжатларини рад этган каззоблар учун келтирган мисолидир. Бу – Аллоҳ таоло оятларини берган ва уни билган, уларни асос ва аҳкомларига риоя қилган, уларни тушунтириш ва улар билан баҳс қилишга қодир бўлган, бироқ, била туриб уларга амал қилмаган балки қилаётган амаллари билимига бутунлай зид бўлган, натижада, билимлари тортиб олинган «олим»нинг мисолидир. Чунки, амал қилинмайдиган билим тез кунда тортиб олинади. Аллоҳ таоло бундай билимни пўстидан айрилган илонга ўхшатди. Илон ташлаган пўст ерда қолиб кетсада, илон судралиб кетаверади. Ёки билими билан амали ўртасидаги масофа худди билимига эътибор бермай ўзидан «шилинган тери»га ёхуд эскиргани учун кийилмай қўйган кийимга ўхшайди. Зеро илон ўзидан ажраган пўстига бошқа эҳтиёжманд бўлмайди. ... Бундай олимга Шайтон ёпишган ва унга васваса қилган. Чунки бу «олим»да шайтон васвасасини қабул қилишга монеъ бўладиган билим ва онг нури қолмагандир. Бундан кейин эса унинг адашган – бузғунчи ва фасод одамга айланиши муқаррардир» (Манор тафсири).

Имом Фахруддин Розий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Мафаатиҳул Ғайб» тафсирида мазкур оятларни шундай изоҳлайди: «Ушбу оят билимли одамлар учун энг қаттиқ жазолар борлигини ифодалагандир. Чунки Аллоҳ таоло мазкур кишига Ўз оятлари ва ҳужжатларини танитиб, Исми Аъзамини билдириб, дуоларини мустажоб қилишини ифодалади. Бироқ бу «олим» нафсу ҳавосига эргашгач диндан айрилиб, итнинг ҳолига тушиб қолганини айтиб ўтди. Бундан устида Аллоҳнинг неъматлари кўп бўлишига қарамай ҳидоятдан воз кечса, нафсу ҳавоси ортидан югурса, Аллоҳдан жуда ҳам узоқ бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси (ёки унинг маъноси) ҳужжатдир: «Илмни кўпайтириб ҳидоятни кўпайтирмаган кимса, Аллоҳдан узоқлашишни зиёда қилади, холос»(Ўта заиф ҳадис. Аллома Албоний «Силсилатул аҳадисиз–заъифа» 4541).

Сўнгра Аллоҳ таоло:

«Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади»– деди. «Итнинг тилини осилтириб туриши»: итнинг узоқ югуриш ёки ўта ташналик пайтида қийналганидан рўй беради. Унутмангки, бу ташбиҳ барча итлар учун эмас, балки тилини осилтириб турган итлар учун қилинди. Ҳайвонларнинг энг хасиси – итдир, итларнинг энг хасис эса тилини осилтирганидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло билим ва диндорлик ато этган бироқ дунёга муккасидан кетган одам, энг хасис ҳайвон – тилини осилтирган итга ўхшаб қолади.

Ушбу ташбиҳнинг бир неча қирралари бор:

Биринчидан: барча ҳайвон чарчаганида ёки ташна бўлганида тилини осилтирсада, ит чарчаганида ҳам, чарчамаганида ҳам, чанқаганида ҳам, чанқамаганида ҳам тилини осилтираверади. Бу унинг одати ва табиатидир. У, бошқа одатлари каби эҳтиёжи бўлсин ёки бўлмасин бу одати – хасислигига ҳам мудом давом этаверади. Бинобарин, Аллоҳ таоло билим ва дунё ато этган инсонни бошқалар мулкининг кирига яқинлашишидан беҳожат қилган бўлсада, у, дунёнинг орқасидан қувиб, ўзини дунёнинг оғушига отади ҳамда ифлос ва хасис табиати туфайли қурумсоқлик ва разолатга давом этгани учун ҳолати тилини осилтирган итга ўхшаб қолади.

Иккинчидан: агар олим ўз билимини дунё топиш учун ишлатса, одамларга турфа билимларини билдириб, ўзининг фазилати ва унвонларини кўрсатади. У, бу нарсаларни баён қилар экан кўнглидаги ҳирс ҳароратини кўрсатиш ва дунёга ташналигини ифодалаш учун тилини осилтиради! Унинг бу ҳолати ҳам хасис табиатига кўра, заруратсиз ёки эҳтиёж нуқтаи назаридан тилини осилтирган итнинг ҳолатига ўхшаб қолади.

Учинчидан: тилини осилтирган ит доимо акиллаб туради. Ҳарис инсон ҳам дунёга бўлган ҳаваси билан энтикиб туради.

Аллоҳ таолонинг:

«уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади» қавлига келсак, унинг маъноси: у итни ҳайдасангиз ҳам, ҳайдамасангиз ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу қабиҳ иш ҳам, унинг аслий табиатидандир. Бинобарин, манави ҳирсли адашган кимса ҳам насиҳат қилсангизда адашганича тураверади. Чунки адашиш ва хасислик унинг ажралмас табиати ва бўлагига айлангандир».

Оташин даъватчи Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ бу оятни шундай тафсир қилади: «Бу, дунёқараш атамаларининг захираси учун бутунлай янги бўлган ҳайратомуз манзарадир... Аллоҳ таоло инсонга ўз оятларини беради, илму фазилатларни кийим қилиб кийдириб, ҳидоят, Аллоҳга ибодат билан боғланиш ва юксалиш имкониятини ато этади... Бироқ, инсон буларнинг барчасидан бутунлай айрилади. Гўё оятлар унинг мускулларини қоплаган териси–ю, у худди тирик инсоннинг ўзига ёпишган терисидан ажралиб чиққанидек, шиддат ва машаққат билан суғурилиб чиқади... Ахир одамзотнинг вужуди тери билан қопланганидек, Аллоҳга бўлган иймон билан қопланган эмасми?!

... Ана, у одам Аллоҳнинг оятларидан айрилиб, қоплаб турган ҳимоя терисидан ажралиб, нафсу ҳавосига эргашиш ва нурафшон уфқдан маҳрум бўлиш учун тим қора балчиққа тушиб, шайтонга ем бўлмоқда. Ҳимоясиз қолмоқда. Шайтон унинг ортидан бориб, унга салтанатини жорий қилмоқда. ... Демак, биз энди ўта даҳшатли манзара олдида турибмиз... Чунки, биз бу махлуқнинг ерга думалаб, балчиққа беланганини ва шу алфозида ҳайдалса ҳам, ҳайдалмаса ҳам тилини осилтириб турган итга ўхшаб турганини кўрмоқдамиз... Ушбу жонли манзара такрорланаверади... Хаёл эса уни ҳайрат ва таъсирланиш билан гавдалантиради... Энди хаёл охирги манзара – тинмай тилни осилтириб туриш манзарасига етиб келди ва бу манзаралардан дарак бергувчи даҳшатли иловага қулоқ солди:

«Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг.

И з о ҳ. Ушбу икки оят гарчи Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир яҳудий «олим» ҳақида нозил бўлган эса-да, бу оятларнинг ҳукми билган илмига амал қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган «уламолар»нинг барчасига тааллуқлидир. Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат — илмсизликдир.

Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди ва улар ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар» (Аъроф: 176, 177).      

Ҳа, бу уларнинг мисолидир. Ҳидоят оятлари ва иймон нафаслари уларнинг фитратларига, таналари ва атрофларидаги борлиққа ўралиб турибди... Улар эса бундан суғурилиб чиқмоқдалар... ва оқибатда Коинотнинг ахлатига айланиб, «инсон» мақомидан ҳайвон мақомига ... Балчиқларга беланаётган кўппак мақомига қуламоқдалар... Аслида уларнинг Иллиййинга қадар уча олишадиган иймон қанотлари бор эди... Улар илк фитратлари билан энг яхши қоматда эдилар... Бироқ улар асфала софилийнга ўзларини улоқтира бошладилар:

«Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди ва улар ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар» (Аъроф: 177)...

Бундан кўра ёмонроқ мисол борми?! Ҳидоятдан суғурилиб яланғоч бўлишдан кўра ёмонроғи–чи?! Ёки дунёга берилиб, нафсу ҳавонинг ортидан кетишдан кўра ёмонроқ нарса борми?! Бундай ишларни қилган одамдек бошқа биров зулм қилиши мумкинми?! Шайтоннинг айрилмай устига миниб олиши учун ҳимоя қобиғи ёки зирҳини ечиб, дунёга берилган, беқарор ва итдек тилини осилтирган ҳайвон оламига ким ҳам тушиши мумкин?! Ушбу ҳолатни сўзлар шодаси ҳайратомуз бўлган Қуръон Каримдан бошқа бундай нодир услубда маромига етказиб тавсифлаган ва тасвирлаган бирон кимса борми?!» (Қуръон сояларида, 3/1397).

«Бу – башарият ҳаётида энг кўп такрорланган хабардир: Аллоҳ динининг илми берилган сўнгра эса ҳидоятланмаган балки бу илмни сўзларни ўрнидан алиштириш ҳамда ўзлари ва уларга мусаллат бўлганларнинг нафсу ҳавосига эргашиш учун дунё матоҳларини қўлга киритиш учун восита қилиб олган одамларнинг сони оз эмас.

Қанча–қанча олим борки Аллоҳ динининг ҳақиқатини билгани ҳолда ундан оғади ва бошқа нарсаларни (дин ўлароқ) эълон қилади. Ўз билимини мақсадли қинғирликлар, Ернинг ўткинчи ҳукмдорларини рози қилиш учун фатволар беришга восита қилади. Аллоҳнинг Ер юзидаги салтанати ва ҳурматларига тажовуз қилган тажовузкор султонларни устивор қилишга ҳаракат қилади...

Уларнинг ичида шундай инсонларни кўрдикки, бир йил судхўрликнинг ҳаром эканини ёзсалар, иккинчи йил унинг ҳалол эканини ёздилар... Уларнинг айримлари одамлар орасида фисқу фужур ва ҳаёсизликнинг ёйилишига «оқ фотиҳа» бериб, дин кийимини ўша балчиқ ва унинг аломатлари устига ечишган эди. Бу:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди» (Аъроф: 175) оятининг тасдиғидан бошқа нарса эмасдир.

Бунинг оқибати эса, Аллоҳ таолонинг хабар тааллуқли бўлган одамнинг бошқа махлуққа айланиши ҳақида қилган ҳикоядир:

«Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у Ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади» (Аъроф: 176).

... Агар Аллоҳ хоҳласа уни оятлари ҳақида берилган билими билан юксакларга кўтарар эди. Лекин, Аллоҳ буни хоҳламади. Чунки Аллоҳнинг оятларини билган одам дунёга муккасидан кетиб, оятларга эмас, нафсу ҳавосига эргашди.

Бу – Аллоҳ таоло Ўзининг илмини берган бўлсада амал қилмаган, иймон йўлида устивор турмаган, шайтонга издош бўлиш ва ҳайвон мартабасига тушиш учун Аллоҳнинг неъматларидан айрилган ҳар бир одамнинг мисолидир.

Аллоҳнинг ҳаёт дастурига эргашмаган одамнинг ҳаёти, гарчи боён бўлсада, беқарор бўлади. Чукни у, Аллоҳдан йироқдадир. Модомики Аллоҳдан йироқда экан мудом ўзига: Бу неъматлар менда давомий бўладими ёки йўқми?,– дея саволлар беради, беқарор бўлиб, қўрқиб яшайди. Унинг мисоли роҳат ва безовта ҳолатида тилини осилтириб турган итга ўхшайди.

Хўш, тинмай давом этаётган тилни осилтириш нимаси?! Бу, бизнинг ҳиссиётимизда Қуръонда хабарнинг оҳанглари ва манзаранинг тасвири дарак берганидек гавдаланади... Ушбу тилни осилтириш ортида Аллоҳ таоло оятларини билдирсада, оятлардан воз кечиб дунё орқасидан чопиш бордир... Бу тилни осилтириш – ҳеч тинчлик бермайдиган, сиз насиҳат қилсангиз ҳам, қилмасангиз ҳам эгасига фойда бермайдиган безовталикдир! Бундай одам ҳаётини безовталик ичида ўтказади. Албатта, ҳар жой, ҳар замон ва ҳар муҳитда бундай одамга кўзимиз тушавермасада, вақтлар ўтиши билан бундай баднафсларни учратиш мумкин.

Бироқ шундай оз сонли, Аллоҳ асраган, Аллоҳнинг оятларидан сидирилиб чиқмаган, дунёга муккасидан кетмаган, навсу ҳавосига асир бўлмаган, шайтоннинг асоратига кирмаган, подшоҳлар эга бўлган «садақа»лар орқасидан итдек тилларини осилтириб ошиқмаган олимлар ҳам бор... Бундай олимларнинг мисоли бирон замонда рўй берган ҳодисалар ҳикоясига чекланмаган суратда мудом давом этаверади. Аллоҳ таоло расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг оятлари нозил бўлаётган ўз қавмига ўрганган оятларидан айрилмасликлари учун Қуръонни тиловат қилиб беришга буюрганидек, ушбу оятларни билган олимларнинг мазкур аянчли ҳолатга етиб бормасликлари, тинмай тиллари осиғлиқ қолмасликлари, жумладан, ўзларига ашаддий душманлари ҳам қилмайдиган бундай зулмга қўл урмасликлари учун, келгуси авлодларга ҳам ўқиб беришга буюрди. Чунки бу ишга қўл урганлар ўз жонларига шундай шафқатсиз жабр қиладилар. Биз, Аллоҳ сақласин, ўз замонамизда ўз жонига жабр қилишга ошиққан ёки жаҳаннамдаги жойини кўргач бармоқларини тишлаган одамдек (султонларнинг) зебу зарларидан қуруқ қолмаслик учун «мусобақалашган» баднафсларнинг кўпини кўрдик. Улар жаҳаннамдаги ўрнига маҳкамроқ жойлашиш учун мазкур нарса ортидан эрта тонгдан ишга тушиб, чарчоқдан тилларини осилтирганини ва бутун ҳаётини шундай ўтказганига гувоҳ бўлдик. Аллоҳим, бизни Ўзинг асра, пойимизни устивор қил! Устимиздан сабрлар ёғдир ва жонимизни мусулмон ўлароқ ол!

Сўнгра, ушбу хабар ва унинг қуръоний таъбири олдида бир оз турамиз... Бу – эгасини шаҳватлар бўронидан тўса олмагани боис дунёга муккасидан кетган, дунёнинг жозибасидан воз кеча олмаган, нафсу ҳавосидан тўсмагани учун шайтонга мудом асир бўлиб, истаклар тузоғидан чиқа олмайдиган қилиб қўйган билимнинг мисолидир...

Қуруқ билимнинг ўзигина қуръоний дастурни мусулмон қалблар ва исломий ҳаётни амалга ошириш учун йўл олишига етарли емасдир. Билим – маърифатдангина иборат эмас. Қуръоний дастур билимни ҳароратли, ўз моҳиятини виждон ва воқеъ оламида рўёбга чиқариш учун интилтирувчи эътиқодга ҳам айлантиради...

Қуръоний дастур эътиқодни ўрганиш учун «назарий» суратда тақдим этмайди. Шунингдек, динни «исломий тузум», «исломий фиқҳ», «исломий иқтисод», «коинот билимлари», «руҳиятшунослик» ёки қандайдир бошқа бир маърифий дарслар суратида тақдим этмайди. Балки, бу динни интилтирувчи, жўшган, жонлантирувчи, огоҳлантирувчи, юксак ва юксалтирувчи эътиқод ўлароқ тақдим қиладики, қалб ва ақлга ўрнашиши биланоқ (инсонни) шу эътиқоднинг амалий мазмунларини рўёбга чиқариши учун ундаб, ўлик қалбларни жонлантиради, ҳаракатлантиради, интилтиради, фитратда мавжуд бўлган келажак ва ижобат унсурларини уйғотади. Натижада, фитрат ҳам Аллоҳни илк таниган пайтига қайтади ҳамда ғоя ва мақсадларни юксалтади, дунё матоҳлари уни асир қила олмайди ва у дунёга муккасидан кетмайди.  

Қуръоний дастур инсонга башарий дунёқарашлардан фарқли ва нодир тафаккур дастурини тақдим этади. Чунки у, инсониятни башарий тузумлар қасри, турли нафсу ҳаволар ўйини, баданлар оғирлиги ва шайтоннинг оғдириши таъсирида содир бўлган хато ва қинғирликлардан қутқариш учун келган!

Қуръоний дастур башариятга одамларнинг ақллари ва идрокларини тутиб турадиган, уларнинг йўналишлари, ҳаракатлари ва дунёқарашлари ўлчанадиган ҳақиқат мезонини тақдим этади. Натижада, ушбу мезон қабул қилган барча нарса тўғри бўлиб, у билан бирга йўлида давом этади. Мезон қабул қилмаган нарса эса хато бўлиб, ундан айрилиши лозим бўлади.

Қуръоний дастур Аллоҳнинг тақдири ва башариятнинг босаётган қадамларига кўра инсониятни ҳар бир одимида олий чўққиларга етаклайдиган ҳаракат низомини тақдим этади. Амалий ҳаракат асносида одамларнинг ҳаётларини, қонун асосларини, иқтисодлари, жамиятлари ва сиёсатларининг пойдеворини шакллайди. Сўнгра эса ушбу пойдеворларга боғланган ақллари билан одамларнинг қонуний–фиқҳий шариатларини, коинот ва руҳият ҳақидаги билимларини ва бошқа амалий ҳаётий воқеъларини шакллайдики, уларнинг кўнгилларида эътиқод ҳарорати, интилиши, шариатнинг жиддийлиги ва амалийлиги, амалий ҳаёт матлаблари ва дастурлари мудом қолади.  

Мусулмон нафслар ва исломий ҳаётни шакллашдаги қуръоний дастур мана шундайдир... Қуръоний дастурни юзаки – назарий ўқиш ёки ўрганиш эса на дунёнинг жозибаси, нафс ҳавонинг истаклари ва шайтоннинг оғдиришларидан сақлайди ва на башарият ҳаёти учун эзгуликлар бахшида этади!».    

Доктор Абдулмажид Байянуний

Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий