Шунингдек, у мухолифат қўлида бўлиб турган шимолий-ғарбий Сурия ва Туркия ўртасидаги ҳозирда ягона ўтиш йўлининг тақдири нима бўлиши ҳақида хабар беришдан ҳам бош тортди. У Дамашқнинг розилигисиз Сурияга чегаралараро гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича БМТ рухсатномаси охир-оқибат тўхтаб қолади деб айтди, лекин муддат ҳақида гапирмади.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасида иккала пункт орқали ёрдам ўтказиш таклиф қилинган, лекин Василий Небензянинг матбуот анжуманида айтишича, Россия фақат Суриянинг шимолий-шарқий қисмида, Идлибдаги Баб-ал-Ҳаво ўтиш пункти орқали ёрдам етказиб бериш эҳтимолини муҳокама қиляпти. У Россиянинг ушбу пунктни очиқ қолдириш учун овоз бериши ёки уни ёпиш учун вето ҳуқуқидан фойдаланиши ҳақида ҳеч нарса демади.
Небензя ўтган жума тарқатилган, Баб-ал-Ҳаво ўтиш пунктини очиқ қолдириш ва яна 2020 йилнинг январида ёпилган Ироқ билан шимолий-шарқий чегарадаги ал-Ярубий чегарадан ўтиш пункти ҳам очилишига имкон берадиган Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасига изоҳ берди.
Хавфсизлик Кенгаши 2014 йилда, яъни Сурия можароси бошланганидан уч йил ўтиб, ёрдам етказиб бериш ишлари бошланганда тўртта чегарадан ўтиш пунктини маъқуллади. Лекин 2020 йил январида Россия дастлаб шимоли-ғарбдаги иккита чегарадан ўтиш пункт орқали ёрдам етказиб беришни чеклаш учун, кейин эса ўтган йилнинг июлида яна бир пунктни ёпиш учун кенгашда ўз вето ҳуқуқидан фойдаланди.
Шундай қилиб, ҳозирда фақат Баб-ал-Ҳаво ўтиш пункти орқали ёрдам етказиб берилиши мумкин, унинг мандати эса 10 июлда тугайди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказиб берувчи асосий давлатлар саналган ғарб донорларини Москвани «шантаж қилиш»да айблади, чунки улар агар Баб-ал-Ҳаво ўтиш пункти мандати узайтирилмаса, унинг энг яқин иттифоқчиси – Дамашқ режимини инсонпарварлик ёрдами билан молиялаштиришни қисқартириш билан таҳдид солмоқда.
«Биз бундай ёндашувларга қарши туриш лозим деб ҳисоблаймиз», - деди у БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга берилган ва ўтган ҳафта Associated Press (AP) олган оғзаки баёнотида.
«Биз молиявий таҳдидлар босими остида америкаликлар ва европаликларга ён беришни давом эттириш БМТ нуфузига, унинг Устави ва Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига зид келади, деб ҳисоблаймиз».
Небензия Россиянинг чегаралараро ёрдам ҳақидаги танқидларини такрорлади ва Асад режимининг бутун мамлакат устидан суверенитетини мустаҳкамлаш учун Суриядаги можаро линиялари орқали гуманитар ёрдам етказилиши кераклигини айтди.
Яқинда Баб ал-Ҳаво ўтиш пунктига ташриф буюрган АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд жума куни резолюция лойиҳаси учта ўтиш пункти, жумладан, ўтган йилнинг июль ойида ёпилган Туркиядан шимолий-шарққа иккинчи ўтиш пункти – Баб-ас-Салом орқали ёрдам етказиб беришни кўзда тутмаганлигидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.
«Миллионлаб сурияликлар азият чекмоқда, шошилинч ҳаракатларсиз яна миллионлаб кишилар озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, дори-дармонлар ва COVID-19 га қарши вакциналардан маҳрум бўлади», - деди у.
Чоршанба куни Туркия чегарадан ўтиш ягона пункти очиқ қолишини исташини маълум қилди ва Россиянинг норозилигини бартараф қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашида музокаралар олиб борилаётганини қўшимча қилди.
Шундай килиб, Туркия ва Сурия чегарасидаги Баб-ал-Ҳаво назорат-ўтиш пункти, агар Россия вето ҳуқуқига эга бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашидан яна бир йил очиқ қолишга рухсат олмаса, 10 июлда ёпилади.
«БМТ Хавфсизлик Кенгаши ушбу чегарадан ўтиш пункти мандатини узайтириши лозим», - деди Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чаушоглу Анталия курортида россиялик ҳамкасби Лавров билан музокаралардан кейин.
«Россиянинг шубҳаларини йўққа чиқариш учун нималар қилишимиз мумкин? Биз шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз, -деди у. - Бу инсонпарварлик масаласи, сиёсий масала эмас».
Душанба куни АҚШ агар Россия БМТдаги вето ҳуқуқидан чегарадан ўтиш пунктини ёпиш учун фойдаланадиган бўлса, янада конструктив муносабатларга бўлган умидларни хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирди.
Ўтган ҳафтада Гутерриш Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлган барча мамлакатларни Суриянинг Идлиб минтақасида истиқомат қиладиган 3 миллионга яқин кишининг ёрдам олишига имкон берадиган ўтиш пунктини сақлаб қолиш бўйича муросага келишга чақирди.
Шу аснода, Идлибнинг тинч аҳолиси хавотирга тушган. Туркия билан шимолий-шарқий Сурия чегарасидаги лагерларда яшаётган фуқаро шахслар уларнинг кун кўриши учун зарур бўлган инсонпарварлик ёрдами ўтказиш учун Баб-ал-Ҳаво ўтиш пунктини очиқ қолдиришга даъват қилмоқда.
Асад режими ва унинг тарафдорлари ҳужумларидан паноҳ топган миллионлаб тинч аҳолининг бошига тушган кулфатлар Россия бу мамлакатга ёрдам етказиб беришни фақат Баб-ал-Ҳаво ўтиш пункти орқали рухсат беришни талаб қилганидан сўнг оғирлашди.
Сурияда фаолият олиб бораётган ўнлаб ноҳукумат ташкилотлари 3 миллиондан ортиқ сурияликлар учун сўнгги халос ва нажот йўли бўлган Туркия ва Сурия ўртасидаги Баб-ал-Ҳаво ўтиш пункти ёпилишига қарши апелляция берди.