loader
Foto

Бокс ҳақида

Жавоб: Инсониятни унга рўбарў бўладиган ҳар қандай ёмонликлардан муҳофаза этиш шариатнинг мақсадларидан ҳисобланади. Зеро, зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ. Шунингдек фиқҳий қоидага кўра, зарар кетказилади. Булар фиқҳнинг олтин қоидаларидандир.



Бокс танани кучайтирадиган, қувватли қиладиган спорт турларидан саналади. У билан шуғулланадиганлар доимий соғлик ва мустаҳкам жисмга эга бўлишади. Бу шариатда севилган ишдир. Зеро кучли мўмин, Аллоҳга, заиф мўминдан яхшидир.

Аммо профессионал боксчилик Ислом шариатида кариҳ кўриладиган ишлардан ҳисобланади. Чунки унинг асоси рақибга зарар бериш устига қурилган. Шунингдек, у ҳар қандай озор бериш наҳий қилинган юзга уришга йўналтирилгандир. Яна у инсон ҳурматини ерга урадиган, уни масхаралайдиган ҳолатлардан холи эмас.

Илгари ҳаваскорлар бокси ҳам мавжуд бўлиб, у билан шуғулланадиганларга барча хавфсизлик қоидалари кафолатланган эди. Шунинг учун унинг фиқҳий ҳукми олдингисидан бироз фарқланарди. Аммо айни пайтда бу йўналиш йўқ қилиниб, ўрнига ярим профессионал йўналиш жорий этилди. Илгари хавфсизлик мақсадида кийилган шлемлардан воз кечилди. Шунга кўра, бу йўналишнинг ҳукми ҳам профессионалдан фарқланмай қолди.



Ислом таълимот ва қоидалари бокснинг юқоридаги шафқатсиз кўринишини бир неча сабабларга кўра қоралайди:



1. "Зарар кетказилади" қоидасига кўра, кўп хатар ва зарарларга боис бу спорт турининг шафқатсиз кўринишига барҳам бериш керак.

2. Бокс иложи борича юзга кучли зарба беришга асосланган ва фақатгина юзга зарба бериш орқалигина очко йиғилади. Тана қисмига қанчалик аниқ ва кучли зарба берилмасин, бунга очко берилмайди. Ваҳоланки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар бировингиз уришсангиз, юздан эҳтиёт бўлинг”, деганлар. Имом Бухорий ривояти. Ҳофиз айтадилар: “Бу наҳийга ҳад, таъзир ёки одоб бериш учун уришлар киради. Имом Абу Довуд Абу Бакра ва бошқалар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисларида айтилишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) зино қилган аёл қиссасида уни тошбўрон қилишга буюра туриб: “Отинглару, юздан қўрқинглар!”, дедилар. Демак, ҳалок этилиши маълум аёл ҳақида шундай бўлгач, ундан бошқаларда юздан эҳтиёт бўлиш аъло тариқда лозим экан.

Имом Нававий айтадилар: “Уламолар юзга уриш наҳий қилинишининг сабабини изоҳлаб шундай дейдилар: Чунки у гўзалликларни ўзига жамлаган нозик аъзодир. Идрок қилиш воситаларининг аксари унда жойлашган. Уни уришда ўша воситалар ишдан чиқиши, хунуклашиши мумкин. Юз ҳамиша кўриниб турганидан, унга берилган кучсиз зарба ҳам билиниб, ошкор бўлиб қолади. Шундан имом Муслим ривоят қилган ривоятда болани урган кишини кўрганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кўриниш эҳтиромли эканини билмасмидинг?!”, дедилар.

Баъзи тақво эгаларининг бокс залига қатнаб, жиддий шуғулланган ҳолда мусобақаларда чиқмагани, ҳатто машғулот залидаги спарринг жангларида ҳам қатнашмаганини эшитганмиз.

Шундай экан, бокс юқоридаги иллатлардан холи ҳолдагина жоиз.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад