loader
Foto

Москвада энг яхши қорилар ўз маҳоратини намойиш этди

Финалдан икки кун олдин Россиянинг бош масжидида саралаш тури бўлиб ўтди. Минглаб томошабинлар олдида конкурснинг якуний қисмида иштирок этиш ҳуқуқи учун дунёнинг 33 мамлакатидан келган қорилар даъвогарлик қилди. Россия номидан Тула вилоятидан Айемиддин Фархудинов қатнашди.

Ҳамма қорилар «Хифз» (Қуръонни ёддан билиш) номинациясида мусобақалашди. Уларни баҳолаган жюри таркибига Индонезиядан Саид Оқил Ал-Мунавар, АҚШдан Валид Идрис Ал-Мениси, БААдан Али Хасан Ал Али, Қувайтдан Абдулазиз Матар Ал-Анзи ва Россиядан Ислам Дашкин кирган.

XIX Москва халқаро қорилар конкурси финалининг бошланишида РФ Мусулмонлар диний идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси муфтий Равил Айнутдин табрик сўзи билан чиқди. «Бундан қарийб 20 йил олдин бу конкурс илк маротаба Москва жоме масжидида бўлиб ўтгани ёдимда, бугун эса Муқаддас Қуръон оятлари Москванинг энг йирик майдонида 6 мингдан ортиқ киши тинглаш бахтига муяссар бўлмоқда! Муқаддас Қуръон – Аллоҳ ато этган энг олий инъомдир. Муқаддас Қуръонни ўқиш қалбларни юмшатади, бутун дунёни уйғунлик ва осойишталик билан мунаввар қилади», - деди у.

Дубай Муқаддас Қуръон халқаро мукофоти раиси номидан унинг муовини Саид Абдулла Хареб Ал-Мхейри сўзга чиқди.

Турли мамлакатларадн ташриф буюрган Аллоҳнинг Китоби энг яхши қорилари чиқишларидан ташқари, томошабинлар учун маданий-маърифий дастур ҳам тайёрланди. «Афғонистоннинг олтин овози» Абдул-Кабир Хайдари ва Саудиялик машҳур қори шайх Амир ал-Мухалхал Қуръон байрамининг махсус меҳмонлари бўлди.

Шунингдек, Умра (кичик Ҳаж), Туркия ва БААга сафарлар ютуғи ўйналди.

XIX Москва халқаро қорилар конкурси якунлари бўйича Яманлик Абдулхаким ал-Аусаджи ғолиб бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Тунислик Мухаммад Абдулқодир ва БАА вакили Валид ал-Марзуки эгаллади. Улар дипломлар билан тақдирланди. Қуръон байрамининг барча қатнашчиларига қимматбаҳо совғалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, байрам тантаналари доирасида Қуръон тамойилларини ҳаётга татбиқ этганлиги, Қуръонни ўрганишни ривожлантиришда кўп йиллик ва сермашаққат меҳнатлари учун россиялик исломшунос, Буюк Петр номидаги антропология ва этнография Музейи (Кунсткамера) директори муовини Ефим Резван, Новый Костек қишлоғи (Доғистон) мадрасасида Қуръондан сабоқ берувчи Магомед Рабаданов ҳамда гиёҳвандликка қарам кишиларни реабилитация қилиш ва тузатиш уйининг асосчиси Руслан Корнев тақдирланди.