Туркия Олий миллий мажлис раиси Мустафо Шентоп Ганжада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бирлашган Турк армияси тузиладими, деган саволга жавоб берар экан, Туркия ва Озарбайжон ҳарбий ҳамкорлик борасида музокара олиб бораётганини айтди. Бу жавоб кўплаб оммавий ахборот воситалари томонидан умумий туркий армия яратиш истаги сифатида қабул қилинди.
«Ҳарбий ҳамкорлик соҳасида ҳам қўшма тадбирлар режалаштирилган. Ушбу шартномалар бўйича ишлар олиб борилмоқда. Асосий шиоримиз - бир миллат ва икки давлат. Бу атрофда кўплаб музокаралар ва келишувлар бўлиб ўтди», - дейди Мустафо Шентоп.
Шентопнинг сўзларига кўра, Покистон ҳам келажакда Туркия ва Озарбайжон ҳамкорлигига қўшилиши мумкин: «Уч мамлакат ўртасида нафақат давлатлараро, балки миллатлараро муносабатлар ҳам мавжуд».
15 июнь куни президентлар Ражаб Эрдўған ва Илҳом Алиев ҳарбий иттифоқ тузиш тўғрисида битим имзоладилар. Қорабоғнинг Шуша шаҳрида рамзий тарзда имзоланган меморандум учинчи томондан Туркия ёки Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солган ҳолда ўзаро ҳарбий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мудофаа саноатидаги ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.