Германиянинг болалар учун энг йирик клиникаси саналган, Штутгарт клиникаси қошидаги Olgahospital охирги икки ҳафта давомида респираторли касалликлар ва RSV инфекциясининг ўсганлиги ҳақида маълум қилди. Ушбу касалликлар туфайли касалхоналарга мурожаат қилган болалар сони одатий мавсумий кўрсаткичларга қараганда икки баравар ўсди.
Штутгарт клиникаси бошқаруви раиси Ян Штеффен Юргенсеннинг айтишича: «Ёзги мавсумда болалар шошилинч тиббий ёрдам бўлимига камроқ, одатда кунига 70 га яқин болалар мурожаат қилади, уларнинг фақат 20 фоизга яқини касалхонага ётқизилади. Аммо, яқинда, бир кунда 130 га яқин бола касалхонага ётқизилди».
Болалик юқумли касалликлари бўйича Германия жамияти (DGPI) раиси Тобиас Тененбаум жаноб Юргенсеннинг сўзларига қўшимча қилиб, «RSV вируси, айниқса, ёш болалар учун COVID-19дан кўра анча хавфлироқ», деди.
Изоляция тақиқларининг юмшатилиши жиддий юқумли касалликлар аҳоли орасида тезроқ тарқалишини англатади. Бу касалликларнинг баъзилари респираторли-синицитиал вирус (RSV) туфайли юзага келади.
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг маълумотларига кўра, RSV одатда енгил, шамоллашга ўхшаш симптомларни келтириб чиқарадиган кенг тарқалган респираторли вирусдир. Кўп одамлар икки ҳафта ичида тузалиб кетишади, лекин вирус, айниқса чақалоқлар ва қариялар учун жиддий бўлиши мумкин.
RSV - бир ёшгача бўлган болаларда бронхиолит ва пневмониянинг энг кўп учрайдиган сабаби. Энди мутахассислар бундай катта кўтарилиш сабабини аниқлашга ҳаракат қилмоқдалар.
Жаноб Юргенсен бу йил изоляция туфайли бутун грипп мавсуми бўлмаганлиги сабабли, кўплаб болалар иммунитетни ривожлантира олмаганлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мактаблар ва кундузги марказлар қайта очилиши билан «болалар патогенларга тобора кўпроқ дуч келмоқдалар».
Бунга қўшимча равишда, Роберт Кох институти (RKI) жамоатчилик «касалликларнинг кўпайиши»га тайёр бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Яқинда "Куз ва қишга тайёргарлик" номли нашрида RKI ёзади, одамлар базал иммунитетнинг пасайиши туфайли Sars-Cov-2, RSV ва гриппнинг кўпайишини кутишлари керак.
Институт, шунингдек, ушбу юқумли касалликларнинг биргаликда пайдо бўлиши клиникаларга катта юклама бўлиши, профилактика ва даволаш усулларини олдиндан буюртма қилиш кераклигини тахмин қилди.
Шундай бўлиши ҳақида биз Швейцариядаги чақалоқлар ўлати ҳақидаги материалда айтган эдик. Навбатда ҳамма бўлади. Швейцария негадир биринчи қалдирғоч бўлди. Исроил ва АҚШ нинг жанубий штатларидан хабарлар келди, у ерда шифокорлар ёз ўрталарида RSVнинг авж олишини ва ҳатто касалхонага ётқизишни, кейин ИВЛга улашни талаб қиладиган ҳолатларни кўриб, кузлари чиқиб кетаёзди. Энди Германиянинг навбати, ундан кейин эса Европанинг қолган давлатларининг гали келади. Шундан кейин бошқа ёки унутилган ёки илгари зарарсиз деб ҳисобланган касалликлар эпидемияси бўлади шекилли, шундай экан, воқеалар ривожини кузатиб қоламиз.