loader
Foto

АҚШ Афғонистон Марказий банкининг активларини «музлатиб» қўйди

«Марказий банкнинг Афғонистон ҳукумати Қўшма Штатларда эга бўлган ҳар қандай активлари «Толибон»га етиб бормайди», - деди АҚШ маъмурияти расмийси 18 август куни.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ўтган дам олиш кунлари «Толибон» бутун мамлакат бўйлаб яшин тезлигида ҳужум уюштириб, Афғонистон пойтахти Кобулни қўлга олгани ва Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат қулаганидан сўнг бу қарорни қабул қилди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрель ойи охирида Афғонистон Марказий банкининг ялпи захиралари 9,4 млрд. долларни ташкил этган. Захираларнинг аксарияти Нью-Йорк Федерал захира банки ва АҚШнинг бошқа молия муассасаларида сақланади, деб ҳисобланмоқда. Активлар, хусусан, доллар ва олтинни ўз ичига олади.

«Толибон» АҚШ санкциялар рўйхатларига кирганига анча бўлган, шунинг учун, агар Вашингтон ва унинг иттифоқчилари янги ҳукуматни тан олмаса, уларга хорижий маблағларни қайтариб олиш қийин бўлиши мумкин. Вашингтон активларни музлатишдан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки каби халқаро кредиторлардан Афғонистонга ёрдамни тўсиши мумкин.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлиб, давлат бюджетининг тўртдан уч қисмини ташкил қиладиган хорижий ёрдамга қаттиқ боғлиқдир.