loader
Foto

Маҳдийнинг чиқиши тўғрисидаги ҳадислар

«Мутақо» асарида шундай ёзилади: «Маҳдийнинг чиқиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор. Уларни Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар. Масалан, Ибн Масъуддан ривоят этилган маъруф ҳадис:  «Агар дунёдан фақат бир кун қолганида ҳам Аллоҳ таъоло уни узун қилиб қўйган бўларди. Ҳатто (токи) исми менинг исмимга, отасининг исми отамнинг исмига тўғри келадиган бир киши чиқади. У дунёни (олдин) қандай жабру зулмга тўлган бўлса, (энди) шунчалик адлу адолатга тўлдиради».

Абу Довуд ва Термизийлар Умми Саламадан ривоят қиладилар: «Маҳдий менинг авлодимдан, Фотиманинг болаларидан (бўлади)».

Абу Довуддан: «Ерга етти йил эгалик қилади».

Али (р.а)дан: У Ҳасан (р.а)га қараб шундай деди: «Унинг пушти камаридан (авлодидан) ҳали бир киши чиқади. У Набийларингиз исми билан номланган бўлади. Пайғамбарга тузилишда эмас, хулқ-атворда ўхшайди. Ер (юзи)ни адолатга тўлдиради».

Аммо «Ийсо ибн Марямдан ўзга Маҳдий бўлмас» ҳадиси заифдир. Шу сабабли бу бошқа ҳадисларга муораза қила олмайди (яъни қарши тура олмайди)». (Ибн Таймия сўзи тугади.)

Табароний Қайс ибн Жобир йўлидан, отасидан, бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ҳали мендан сўнг халифалар бўлади. Халифалардан кейин амирлар бўлади. Амирлардан сўнг подшоҳлар, подшоҳлардан сўнг эса зўравонлар бўлади. Сўнг аҳли байтимдан бир киши чиқади. У ер (юзи)ни (олдин) қандай жабр-зулмга тўлган бўлса, (энди) худди шундай адолатга тўлдиради. Сўнг қаҳтоний амир қилинади. Мени ҳақ билан юборган Зотга қасамки, у (аҳли байтдан чиққан киши) ундан (қаҳтонийдан) кейин эмас».

Ибн Халдун айтади: «Асрлар давомида аҳли ислом орасида машҳурки, охир замонда аҳли байтдан бир киши аниқ чиқади. Динни қуватлайди, адлу-адолат ўрнатади. Мусулмонлар унга бўйсунадилар. Ислом ерларига эгалик қилувчи бу киши Маҳдий номи билан танилади. Дажжолнинг чиқиши ва саҳиҳ ҳадисларда айтилган Қиёматнинг бошқа шартлари ундан кейин бўлади».

Ибн Халдун айнан мана шу мавзуга тааллуқли бир қанча ҳадисларни ҳам келтирган. Қуйида биз уларнинг саҳиҳ ва ҳасанларини айтиб ўтиш билан кифояланамиз. Аллоҳ мададкор!

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Аҳли байтимдан бўлган бир киши арабга эгалик қилмагунича дунё кетмайди (яъни битмайди). Исми менинг исмим билан бир (хил) бўлади». ( Термизий «ҳасан, саҳиҳ» деган)

22. Али (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Агар дунёнинг фақат бир куни қолса ҳам, албатта Аллоҳ таъоло аҳли байтимдан дунёни (олдин) жабру-зулмга тўлганидек адолат билан тўлдирадиган бир кишини юборади».( Абу Довуд ривояти)

23. Абу Саид ал-Худрийдан: Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйидаги сўзларини эшитганман: «Маҳдий мендандир. У пешонаси очиқ (яъни бошининг ярмигача сочи йўқ), бургут бурун (яъни узун, ингичка бурнининг ўртаси кўтарилганроқ) киши. Ер жабру-зулмга қандай тўлган бўлса, (энди у) адлу-адолатга шундай тўлдиради. Етти йил подшоҳлик қилади». (Абу Довуд ривояти. Санади ҳасан)

24. Абу Саид ал-Худрийдан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Маҳдий менинг умматимда (натурал) чиқади. Беш ёки олти ёки етти яшайди (аниқ сон ровий хотирасидан кўтарилган. Валлоҳу аълам!).

Биз «У (яъни 5, 6лар) нима?»- деб сўрадик. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар:

-Бу йиллар. Унинг (Маҳдийнинг) олдига бир киши келиб: «Эй Маҳдий, менга (бирон нима) бергин»,- дейди. Маҳдий унинг кийими (этаги)га кўтарганича нарса тўкади». (Термизий ривояти. Ўзи ҳасан деган)

Ибн Можаҳ ва Ҳоким қуйидагича ривоят этганлар: «Умматимда Маҳдий бўлади. Агар кам (ҳукм сурса) етти, кам турмаса тўққиз (йил туради). Унинг даврида умматим мисли сира эшитилмаган даражада неъматланади. Ер ўз (ҳазинаю дафиналарини) меваларини чиқаради. Ҳеч нарсани олиб-заҳира қилиб қолмайди. Мол у кунда топталган нарса (тупроқ) каби бўлади. Киши туриб «Эй Маҳдий! Менга бергин»,- деганида Маҳдий «Ол»,- дейди».

Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ер жабру зулмга, адоватга тўлиб кетмагунича Қиёмат бўлмайди. Сўнг (яъни ер жабру зулмга тўлгач) аҳли байтимдан бир киши чиқиб (олдин) қандай жабр-зулмга тўлган бўлса, (энди) шундай адлу-адолат билан тўлдиради». (Ҳоким ривояти. У ҳадисни Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ деган.)

Қуйидаги ҳадисни ҳам Ҳоким ўз «Мустадрак» ида келтирган. Ҳоким гувоҳлик беришича, ҳадис Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ.

Али (р.а)дан. Абу Туфайл ривоятидан. Муҳаммад ибн Ҳанафийдан: -Биз Али (р.а) ҳузурида ўтирар эдик. Бир киши Али (р.а)дан Маҳдий ҳақида сўраб қолди. Шунда Али (р.а) қуйидагича жавоб берди:

- Бу охир замонда бўлади. (У даврда) «Аллоҳ! Аллоҳ» деган киши ўлдирилади. Аллоҳ таъоло у (Маҳдий)нинг атрофига худди булут бўлакларидек гуруҳларни жамлаб қалбларини бир-бирларига дўст-ошно этади (Яъни улар ҳар ер, ҳар ердан тўпланадилар. Аллоҳ қалбларга ўзаро муҳаббат-дўстликни солади). Улар ҳеч кимга нафрат билан қарамаслар (ёки бировнинг ташлаб кетиш билан ёлғизлик, ғарибликни ҳис қилмаслар. Валлоҳу аълам!) ва бирон кишининг сафларига кириши билан қувониб кетмаслар. Сонлари Бадр аҳли сонига тенг бўлади. Аввалгилар Улардан ўзмаганлар, кейингилар уларга етмаганлар. Яна улар Толут билан бирга дарёдан ўтган жангчилар - Толут асҳоблари ададида бўлишади.

Абу Руфайл айтади: Муҳаммад ибн Ҳанафий (Али (р.а)нинг ўғли) «Уни (Маҳдийни) хоҳлайсанми» деб сўради.

Ҳа- дедим.

- У (Макканинг) мана бу икки тоғи орасидан чиқади.

- Ҳечқиси йўқ,- дедим мен, -То ўлгунимча Маккани тарк этмайман .

Муҳаммад ибн Ҳанафий хабар беришича, Абу Туфайл Маҳдий чиқишини кута-кута Маккада ҳаётдан кўз юмган.

Маҳдий асҳобларининг сони Бадр аҳли ададича, яъни 313 киши. Ибн Қаййим «Зодул маъод»да Одам алайҳис-саломдан то Муҳаммад (с.а.в)гача бўлган пайғамбарлар сони ҳам 313та деган.

Ибн Халдун айтади: Мазкур ҳадис фақат Муслим шартига кўра (саҳиҳ)дир.

Умми Салама (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Халифа ўлганида ихтилоф бўлади. Мадина аҳлидан бир киши қочиб Макка (томон)га чиқади. Уни ўзи хоҳламаган тарзда чиқарадилар. Рукн билан Мақом ўртасида унга байъат беришади. Унга Шомдан бир гуруҳ юборилади. Макка билан Мадина оралиғидаги чўлда гуруҳни (ортга) қочиради. Кишилар буни кўрганларидан сўнг унинг олдига Шом абдол (солиҳ киши)лари ва аҳли Ироқ асоиб (бирлашган гуруҳ)лари келиб байъат беради. Сўнг қурайшдан бир киши чиқади, унинг тоғалари Калб (қабиласи). Уларга қўшин юборилади ва бу қўшин ғолиб бўлади. Бу Калб юриши (гуруҳи дейилди). Калб ғанимасига қатнашмаган кишилар ҳайбат-омадсизликда (умидсизликда) қолади. (Сўнг) у молни тақсим қилади. Кишилар ўртасида Набийлари суннати билан иншааллоҳ юритади. Исломни ер юзида барқарор ўрнатади (маъноси шундай). Етти йил туриб сўнг вафот этади. Унга мусулмонлар жаноза ўқийдилар». (Абу Довуд ривояти. Санади ҳасан)

Муҳаммад Саламат Жабарнинг

"Қиёмат аломатлари" китобидан