Афғонистон телекоммуникациялар бўйича тартибга солувчи органнинг собиқ раҳбари Муҳаммад Нажиб Азизийнинг нашрга маълум қилишича, «Толибон» интернетдаги ахборотларга уланишни чеклаб қўйиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, «Афғонистонда интернет хавф остида».
Access Now рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти вакиллари томонидан ҳам худди шундай фикр билдирилмоқда. Уларнинг фикрича, «Толибон» Хитой каби кенг қамровли назорат тизимини яратиш учун етарли кўникмага эга эмас, бироқ стратегик муҳим жойларда интернетга киришни чеклаб, муайян сегментларга ва фуқароларнинг айрим гуруҳларига чеклов қўйиши мумкин.
Ҳозирда мамлакатда интернетга кириш нисбатан очиқ қолган бўлса-да, кўплаб афғонлар «Толибон» томонидан жазоланишдан қўрқиб, ижтимоий тармоқлардан уларнинг собиқ ҳукумат ва НАТО билан алоқаларини кўрсатувчи маълумотларни ўчириб ташламоқда.
Шу билан бирга, аҳоли «Толибон» Афғонистон ҳукумати маълумотлар базаларига кира олиши ва бу маълумотлардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши, жумладан, аввалги расмийлар билан ишлаган афғонларни таъқиб қилишидан ҳам хавотирда.
Таъкидлаш жоизки, толибларнинг ўзи интернетда фаол бўлиб, ижтимоий тармоқлардан тарғибот учун фойдаланади. «Афганистан.Ру» хабар килганидек, аввалроқ Facebook, WhatsApp, Instagram ва Tik-Tok «Толибон» аккаунтларини ўчира бошлади. Ўтган ҳафта хавфсизлик сабабли Facebook Афғонистондан фойдаланувчилар учун дўстларни кўриш функциясини чеклаб қўйди.