loader
Foto

Нафснинг ислоҳи шайх ва байъатга боғланмаган

Аллоҳ таоло Китоби, Расулининг Суннати, хулафои рошидийн ва салафи солиҳлар сийратига илм йўли билан амал қилган ҳар бир мустаршид (тўғри йўлни кўзлаган мурид) ҳидоят йўлига юрган, Аллоҳ таоло томон тўғри йўл ва ҳидоятни топган ҳолда юзланган бўлади. Зеро, Қуръони карим ва Суннатнинг ўзи Аллоҳ таоло томон бошлайди, руҳ ва нафсни поклайди. Бу борада оят ва ҳадислар жуда кўп келтирилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Албатта, бу Куръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳаҳида башорат берур” (Исро сураси, 9-оят).

“Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз” (Ҳашр сураси, 21-оят).

"У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Куръон) ваҲикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир” (Жума сураси, 2-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг поклашлари, сўзлари, феъллари ва тақрирлари билан Қиёматга қадар давом этади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, феъллари ва тақрирлари олдин ҳам, кейин ҳам ўргатувчи ҳидоятдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, улар китобларда тинимсиз ёзилади, ёдланади, сақланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан бири муаллиф зикр қилган ушбу ҳадис: “Бас, менинг суннатимга ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифалар суннатига эргашингиз! Уни ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар”. Яна у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳадислари ҳам мисолдир: “Сизларнинг ичингизга иккита нарсани қолдирдим. У иккисидан кейин ҳаргиз залолатга кетмайсизлар. (Улар) Аллоҳнинг Китоби ва суннатим”. “Ким суннатимдан юз ўгирса, бас, у мендан эмас”.

Баъзилар: “Ким ўзи учун қалб касалликларини Қуръони карим қироати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўқишнинг ўзи билан муолажа қила олади, деб ўйласа хато қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари нафсларини Қуръон қироатининг ўзи билан поклай олмаганлар”, дейишган.

Бу Аллоҳ таоло ва Расулига қарши тўқиб чиқарилган нарса, Аллоҳ таоло Каломи ва Расулининг сўзини йўққа чиқариш ва бекор қилишдир. Аллоҳ таолодан ҳидоятдан сўнг адашишдан паноҳ тилаймиз.

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан