loader
Foto

«Толибон» ўзи нима учун курашган: Ҳалқаро тан олиниш учунми ёки Хитойга қарамлик учунми?

Янги ҳукумат таркиби тақдим этилди, хорижий давлатлар вакиллари билан музокаралар бошланди.

Шу билан бирга, янги давлатнинг истиқболи кўриниб турганига қарамай, биз бир неча ҳафта олдин кўтарган саволимиз, яъни у халқаро ҳамжамият томонидан расмий тан олинадими ёки фақат "кулранг зона" сифатида мавжуд бўладими, деган савол тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Ғарб мамлакатлари билан ҳаммаси тушунарли - ҳеч ким уларни янги ҳукуматни тан олганлар сафида кўришни кутмаганди, шудай экан, улар ҳақида кейинроқ гаплашамиз. Ҳозирча, кўпчилик АИАнинг асосий иттифоқчиси сифатида кўришни истаган Туркиядан бошлайлик. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли «Толибон» Афғонистоннинг қонуний ҳокимияти сифатида расман тан олиниши ҳақидаги саволга шундай жавоб берди:

«Туркия «Толибон»ни тан оладими? Шошма-шошар қарорлар қабул қилмайлик. Инқирозга дош бера оладиган, фуқаролар урушига ўтишнинг олдини оладиган ҳукумат тузиш керак. Бунинг учун аёлларни унутмасдан, барча сиёсий кучлар ва аҳоли қатламлари иштирокида инклюзив ҳукумат керак. Дунё «Толибон»ни тан олиши учун ҳам шундай ҳукумат ташкил қилинишини таъминлаш керак. Дунёга намойиш этилган Афғонистон ҳукумати аъзолари орасида фақат «Толибон» вакиллари бор. Биз улар учун ҳукумат тузмоқчи эмасмиз, лекин биз ўз фикримизни тўғридан-тўғри толибларга етказамиз. Биз бу масалада аниқ позицияга эга бўлмаган ҳолда, вазиятни кўриб чиқамиз ва ҳаракат қиламиз».

АИАни расман ҳали биронта мусулмон мамлакат, жуладан, Қатар ва Покистон каби унинг амалдаги иттифоқчилари ва қайсидир маънодаги ҳомийлари ҳам тан олмаган.

Энди Ғарб мамлакатлари ҳақида. Тегишли саволга жавоб бераркан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шундай деди:

«Толиблар халқаро тан олинишни кутяпти, лекин ҳар қандай тан олиниш, ҳар қандай қўллаб-қувватлашга сазовор бўлиш керак».

ЕИ амалдаги ҳукумати (Еврокомиссия) вакили Петер Стано эса, анча негатив фикр билдирди: “Толибоннинг биринчи ҳаракатлари кутилганидек бўлмади. Афғонистоннинг янги ҳукумати Афғонистоннинг бой этник ва диний хилма-хиллигини акс эттирувчи инклюзив ва репрезентатив тузилмасидан фарқ қилади. Брюссел доимий ҳукумат инклюзив бўлишини кутади".

Мана шу ерда, аксинча, толибларнинг ҳаддан ташқари либераллиги ва "маданиятли дунёни" хушнуд этиш истаги уларни безовта қиладиган баъзи ўқувчиларимизнинг изоҳларида тез-тез сўраладиган савол туғилади.

"Менга шундай туюляптими, ёки ростдан ҳам Афғонистон ўжарлик билан Ғарбга содиқ ва либерал эканликларини исботламоқчими? Мен тушунолмайман, нима учун Ғарбнинг фикри ёки баҳоси ҳамма учун шунчалик муҳим? Шунча йил курашдилар, жуда кўп синовлардан ўтдилар, шунча одамларни (шу жумладан болаларни ҳам) бу лаънатланган, мағрур Ғарбнинг айби билан дафн этдилар. Мана бугун Аллоҳ уларнинг сабр-тоқати учун уларга ғалаба ва жирканч босқинчилардан озодлик берганда толиблар гўёки уларнинг олдида ўзини оқлаётгандай. Ахир, мусулмонлар ўз динидан воз кечмагунча, улар ҳеч қачон рози қила олмайди. Ғалаба фақат Аллоҳдан келади, Аллоҳ олдида итоаткорлик, камтарлик ва самимийлик билан”, деб ёзади ўқувчиларимиздан бири.

Хуллас, бу саволга жавоб топишда эътиборга олиш керак бўлган икки жиҳат бор.

Биринчидан. Ҳа, дарақиқат, «Толибон» Аллоҳнинг инояти билан ва ўзининг матонати эвазига ғалаба қозонди. Бу сабабларнинг биринчиси мусулмонлар учун ҳеч қандай савол туғдирмайди, чунки биз биламизки, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси ва олдиндан белгилаб қўйишига кўра содир бўлади - ғалаба ҳам, мағлубият ҳам, ҳамма нарса унга боғлиқ. Аллоҳ томонидан бериладиган матонатга келсак, усиз биринчи «Толибон» давлати америкаликларга мағлуб бўлганидан сўнг, улар тарқалиб кетиши мумкин эди, лекин улар партизан урушига ўтдилар ва унда саботли турдилар.

Шу билан бирга, кўплаб жиҳод ҳаракатлари мағлубиятлари фонида «Толибон» ғалабасига олиб келган айрим «объектив» омилларни ҳам ҳисобга олиш керак. Умуман олганда, бундай омиллардан бири америкаликларнинг Афғонистондан чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қилиши бўлганлигини тўғри тушуниш керак. Бу қарор эса 2021 йил августида Кобул аэропортида маҳаллий коллаборационистлар (ватан хоинлари) билан бирга уларнинг қолдиқлари кўпчиликда таассурот қолдирган тарзда эвакуация қилиниши рўй берган 2021 йил августида кутилмаганда эмас, балки бир неча йил аввал – Қатарда ташкил қилинган мулоқот майдончасида улар билан «Толибон» ўртасида музокаралар бошланган пайт қабул қилинган эди. Бу музокаралар натижасида «Толибон»дан ўзларига керакли сигналларни олгач, америкаликлар Афғонистонни янги «Толибон» раҳбариятига қолдириш, у ерда чексиз ўтиришдан кўра, коллаборационист  ҳукуматга миллиардлар сарфлашдан кўра осонроқ, фойдалироқ ва арзонроқ бўлишини англаб етишди. Шундан кейин америкаликлар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлагач, «Толибон» баъзи жойларда афғон рақибларини куч билан эзиб ташлаб, кўп ҳолларда эса, уларни ўз томонига ўтишга ишонтириб, амалда бир неча ой ичида куч бу бўшлиқни тўлдирди.

Иккинчидан. Ресурсларни фақат ўзлари учун, жумладан, аҳолига ўлпон солиш йўли билан топиши керак бўлган партизанлардан «Толибон» энди аҳолиси қарийб 40 миллион кишидан иборат бўлган, уруш вайрон қилган мамлакат эҳтиёжларини қондириши керак бўлган ҳокимиятга айланди. Ва шу ондаёқ жуда оғир вазиятга дуч келди.

Демак, уруш оқибатида мамлакат вайронагарчиликларининг объектив сабабларидан ташқари, бу ҳолат Афғонистон Ислом Республикасининг, яъни афғон ҳукуматининг америкаликлар омборларида сақланаётган собиқ молиявий активлари ҳибсга олиниши билан янада кескинлашди. 12 миллиард доллар - ҳозир мамлакат учун жуда зарур бўлган, лекин аслида «Толибон»га қашшоқ мамлакатни ташлаб кетган Америка Қўшма Штатлари томонидан ушлаб турилган катта миқдордаги пулдир. Бу ҳаракатлар айнан «Толибон» Афғонистоннинг қонуний, тан олинган ҳукумати эмаслиги, балки фақат уни қўлга олган ва улар билан зарурат юзасидан муомала қилишга мажбур бўлган бир гуруҳ экани асосида амалга ошириляпти.

Албатта, ҳозир бизга Афғонистонда литий конлари, умуман, Менделеев жадвалидаги деярли барча элементларнинг улкан конлари ҳақида ҳикоя қилишни бошлайдилар. Ҳеч қандай шубҳа йўқ - у ерда жуда кўп табиий ресурслар мавжуд. Лекин бу ресурсларни қандай ишга солиш мумкин? Иқтисодиётни қандай ишга тушириш керак? Инвестициялар, ускуналар ва ходимларни қаердан олиш мумкин? Маҳсулотлар қаерга сотилади?

Бу саволларга фақат иккита асосий жавоб бор. Биринчидан, агар янги давлат расман тан олинса, буларнинг барчасига сармоя киритмоқчи бўлганлар кўп бўлади. Иккинчидан - агар тан олинмаса ҳам шундай бўлади, лекин бу кўп жиҳатдан ошкора қилмасдан содир бўлади. Агар эртага "лаънати Ғарб" АИА билан ҳамкорлик қиладиган компанияларга яна санкциялар қўлласа, у ҳолда умуман махфий, яширинча амалга оширилади.

Ўзига хос географиясига эга бўлган Афғонистон учун бу амалда нимани англатади? Демак, у Хитойнинг иқтисодий ўсимтаси бўлишга маҳкум бўлади. Чунки бундай вазиятда хитойликлар ўз сармоялари, кадрлари, асбоб-ускуналари ва ҳоказолар билан қутқарувчи ва мурувват кўрсатувчи бўлиб келадилар. Натижада улар ўз ўйин қоидаларини белгилайди, АИА эса танлов имконига эга бўлмайди.

Айнан шу сабабли – дунё уйинчилари ўртасида маневр қилиш учун майдонга эга бўлиш мақсадида АИА раҳбарияти учун Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олинишга эришиш муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда бу мамлакат ҳам ДНР, ЛНР, Абхазия, Ғазо Сектори ва х.к. каби тан олинмаган давлатлардан бирига айланиши, бундан ташқари, Хитойга тўлиқ иқтисодий қарамликка тушиб қолиши мумкин. Мана шунда бошқа савол юзага чиқади – афғонлар шунинг учун курашганмиди?

Абу Муслим тарэимаси