loader
Foto

Нимадан қўрқамиз? Мусулмонларнинг хотиржамлиги қани?

Бу ҳаким оятдан биламизки, шайтон ўз ёрдамчилари – кофир, мунофиқ ва залолат вакиллари билан бизни қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни бизнинг кўзимизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Оят давомида Аллоҳ таоло “Улардан қўрқманглар”, деб айтади ва, бу билан, Ислом кўрсатмаларини бузишга олиб келадиган қўрқув куфрга олиб бориши ва шунинг учун ҳам тақиқланганини билиб оламиз.

Қуръони каримда зикр қилинган «Улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар», дегани Аллоҳ таолодан қўрқиш шартлигини англатади. Агар Аллоҳ таолога нисбатан қўрқувда қандайдир нуқсон бўлса, одам махлуқдан қўрқа бошлайди. Агар инсон қалбида Аллоҳ таолога нисбатан қўрқув мустаҳкам ўрнашган бўлса, махлуқдан қўрқиш хисси йўқолади.

Мушриклар жуда кўп “илоҳ”ларга сиғинишган: қуёш, тош, ой, юлдузлар. Нега улар бу нарсаларга сиғинишган? Чунки улар Аллоҳ таолодан эмас, балки ўзларининг ўша бут-санамларию, ой-қуёш ва юлдузлардан қўрқишган. Натижада, турли бало-офатларга йўлиқишган.

Ва Аллоҳ таоло мазкур оятда “агар мўмин бўлсангиз”, деб айтади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Ундангина қўрқиш кераклиги ва бошқа махлуқлардан қўрмаслик мўминнинг сифати эканига урғу бермоқда.

Одатда, Ислом душманлари мусулмонлар қалбида қўрқув ҳиссини уйғотишда турли нарсаларни кашф қилишга жуда уста бўлишади. Ушбу қўрқувни мусулмонлар қалбига солиш учун улар бор маҳоратларини ишга соладилар. Бугун ақл ва қалбларга энг кучли таъсир қилиш хизматини оммавий ахборот воситалари амалга ошириб келмоқда.

Бунинг учун улар ахборот воситаларини ишга солишмоқда: китоб, журнал, газета, аудио ва видео материаллар. Одамлар қалбида қўрқув уйғотиш атайин ва пухта ўйлаб чиқилган режа асосида амалга оширилмоқда, оқибатда аксарият одамлар ҳар қандай ҳаракатдан тўхтаб қолмоқдалар.

Исталган кутубхонага кирсангиз, ушбу жанрда, яъни “шпионлар адабиёти” йўналишида ёзилган минглаб китобларни учратишингиз мумкин. Ушбу йўналиш бўйича жуда кўп ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинган. Қиссалар, воқеалар, таҳлиллар, эсдаликлар битилган. Бу турдаги китобларнинг барчасида муаллифлар махсус хизматларнинг қудратини бевосита ёки билвосита мадҳ қилишган.

Бу мавзуда қалам тебратадиган муаллифларнинг тоза тижорий мақсадлардан ташқари, ҳамма ҳам ўйлаб кўравермайдиган бошқа ниятлари ҳам бор.

Тўғри, жамият учун хавфли бўлган қилмишларнинг олдини олиш – махсус хизматларнинг иши. Бироқ, у ёки бу жиноятнинг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирларнинг энг яхшиси – содир этилган қилмиш оқибатида пайдо бўлажак муҳтамал оқибатлардан, шунингдек, махсус хизматларнинг қўли узунлиги ҳамда уларнинг қудрати ва жазосиз қолиши олдидаги қўрқув бўлиб қолмоқда.

Айнан уларнинг қудратига ва жазосиз қолишига бўлган ишончимиз туфайли, “Деворнинг ҳам қулоғи бор!”, дея ортиқча гапиришдан қўрқиб қолганмиз.

Ҳайрон бўласан киши: нотўғри ва таъқиқланган ишни қилмаётган бўлсанг, нимага хавфсирайсан? Нимадан қўрқасан?!

Баъзилар эса шунчалик қўрқиб қолишганки, ҳатто, атрофда ўйлаган ўйларини ва гапирган сўзларини ёзиб олаётган жиҳозлар бор, ўзлари эса кечаю кундуз назорат ва кузатув остидалар, деган хаёлда юрадилар.

Шундайларга мен: «Ҳа! Буларнинг ҳаммаси тўғри!», – дейман. Бироқ, бу кузатувни ким амалга оширмоқда?! Ҳар нарсани кўргувчи ва ҳар нарсани эшитгувчи Зот ким?! Ҳаттоки, қалбларимизнинг энг тўрида яшириниб ётган ва дилимиздан тилимизга чиқмаган ўй ва хаёлларни ҳам бизнинг ўзимизданда яхшироқ билгувчи Зот ким?! Шубҳасиз – Аллоҳ таолодир!

«У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир» (Қоф сураси, 18-оят); «Улар ҳурматли, ёзиб тургувчилардир. Улар нима қилаётганингизни биладир» (Инфитор сураси, 11-12-оятлар); «Ҳеч бир жон йўқки, унинг ҳифз қилиб турувчиси бўлмаса» (Ториқ сураси, 4-оят).

Булар фаришталардир, Аллоҳ таоло уларга одамларни кузатиб, уларни ёзиб  бориш имкониятини ато қилган.

Фаришталарнинг барча улуғ фазилатларини доимо ёдида сақлаб юрадиган одамларни нисбатан кам учратсак керак. Айрим тоифа одамлар бу ҳақида унутиб қўйишади. Аммо, одамзот Аллоҳ таоло яратган мўъжизаларни минг бор эсга олади-ю, фаришталарни яратишдан қандай мақсад ва ҳикмат борлигини унчалик ҳам англайвермайди.

Одамзот ўзи шундай яратилган. У ожиз ва дарров унутувчидир. Айнан мана шу жиҳатларимиз билан биз ўзимиз билмаган ҳолда душманга ёрдам бериб юборамиз. Ожизлик ва унутувчанлик оқибатида инсон қалбидаги қандайдир кераксиз қўрқув улканлашиб бораверади. Худди шу қўрқув бугун баъзи мусулмон кишиларнинг катта муаммосидир.

Айрим жойларда одамлар ўз дийни учун бирон ишни амалга оширишга қийналадилар. Нима учун? Чунки, ўшалар кераксиз қўрқув ва андишага ўралашиб қолишган. Агар мусулмон кишининг жамият ва инсонлар олдидаги жавобгарлик қўрқуви Аллоҳ олдидаги қўрқуви билан бир хил бўлганида, ва ҳар икки елкасидаги фаришталар барча амалларини ёзиб бориши эсидан чиқмай ҳаракат қилганида эди, одамлар яширин ва очиқ тарздаги гуноҳлардан анча холи бўлишарди.

Мана шу каби кераксиз қўрқув ва хавфсирашлар айрим тоифа мусулмонлар қалбидаги иймоннинг заифлашувига, савоб ишлардан бебаҳра қолишларига ва, ҳатто, бундайларнинг дийндан чиқиб кофир бўлишига ҳам олиб бориши мумкин. Афсуски, бу каби одамлар иймондан, савобдан, яхши амаллардан узоқлашиб бораверадилар. Қўрқув эса бошларини эгади, қаддиларини синдириб ташлайди.

Нимадан қўрқамиз? Мусулмонларнинг хотиржамлиги қани?

Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага бўлган ҳижратларини яширишга мажбур бўлганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар таъқибидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга қочишга мажбур бўлганлар.

Ҳа, мушриклар ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан ҳайдашди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди...”, дея марҳамат қилди. (Тавба сураси, 40-оятдан).

Мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини хоҳлашди ва ким уни тирик ёки ўлик ҳолида олиб келса, юзта туя ҳам ваъда қилишди.

Бироқ, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ўз шерикларига “...хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан...” дедилар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг довюракликлари, Аллоҳдан бўлган қаттиқ қўрқишларию махлуқлардан сира ҳам чўчимасликларига қаранг! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни ҳамма ёқнинг тит-питини чиқарган душманлар ғор оғзига етиб келган дақиқада айтган эдилар: “...хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан...”.

Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «қўрқма, Аллоҳ биз билан», демадилар, балки «...хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан...», дедилар.

Ҳатто, Абу Бакр ҳам ўзлари учун қўрқувга тушган эмасдилар, балки бу қавмнинг шунчалик тубан кетганидан хафа бўлиб, Аллоҳнинг даъвати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кайғуга ботган эдилар. Шу боисдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини «...хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан...», деб юпатдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларга туширган хотиржамлигидир.

Биз устунмиз!

Биз устунмиз. Ҳа, ҳаётимизда қанчалар қийинчиликлар учрамасин, Аллоҳ таоло юборажак қанчалар синовлардан ўтишга тўғри келмасин, барибир шундай бўлади. Биз ғолиб бўламиз, зеро биз кучни Аллоҳ таолодан оламиз. У Қудратли ва Тирикдир.

Қалблари иймондан айри шахсларга келсак, улар шунчаки оддий мушрикдирлар. Уларнинг ўтмиши бор, лекин келажаги йўқ. Улар “маданияти”нинг изсиз йўқ бўлиб кетиши муқаррар. Улар ўзларини кўкларга кўтарадилар, бироқ фақат ҳақ дийн бера оладиган асл буюкликдан бебаҳрадирлар.

Аллоҳ таоло Ўз элчиси соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганидек: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесикдир” (Кавсар сураси, 1-3-оятлар).

Сени ёмон кўрувчи, сенга душманлик қилувчи, дийнинг ва даъватингга қарши чиқувчининг орқаси кесикдир, унинг зурриёти ҳам, тарихи ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло элчисининг муборак исмларини ҳар бир тилда учратмоқдамиз.

Дийни Ислом Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини нафақат мусулмонлар, балки яҳудийлар, насоролар ва, ҳатто, динсизлар ҳам биладилар. Бутун дунё халқлари, дўсту душманлар ҳам Оламлар Сарвари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ким эканликларини яхши биладилар. Бироқ, душманларнинг иши турли ёлғон ва бидъатларни тарқатиб, ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номларини ўзларича қоралаш бўлиб келмоқда.

Аммо, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган ва ул зот билан урушган жоҳиллардан бўлган Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳлнинг ота-онаси қўйган исмларини ҳам биладиганлар камдан-кам топилади. Аллоҳнинг Ўзи уларнинг номини инсонлар хотирасидан ўчириб ташлаган. Ҳеч ким уларнинг наслидан эканлиги билан мақтанишга ботина олмайди. Нега? Чунки “...айбловчининг орқаси кесикдир”.

Қуръони каримни ўқир эканмиз, Аллоҳ таоло Ўз элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга юборган тинчлик ва хотиржамликнинг ноёб мисолларини кўришимиз мумкин. Қуръон ва тарихдан маълумки, Ҳижрат куни, Ҳунайн куни ҳам хотиржамлик ато этилди.

Аллоҳ таоло мусулмонга хотиржамлик беради. Бу шундай хотиржамликки, қонли жангларда ўлим билан юзма-юз турганда, қатлга ҳукм қилинган кишининг сўнгги, даҳшатли онларида, мусулмонлар қирғин қилинаётган, пайтда мусулмонларнинг қалбида Аллоҳ таолонинг тақдирига розилик ва Унга бўлган комил ишонч бўлади.

Биз оловли чоҳ ёқасида боласини қучоқлаб турган аёл қиссасини биламиз (бу ҳақида Имом Муслим раҳимахуллоҳ ўзларининг "Саҳиҳ"ларида ривоят қилганлар). У чуқур чоҳ, гуруллаб ёнаётган олов олдида турар, кўз олдида одамлар жасади қора кулга айланарди. У инсон танаси қандай қилиб қоп-қора, куйган гўштга айланишини кўриб турарди. У ўлимнинг даҳшатли исини ҳис қиларди – куйган жасадларнинг ҳиди ўша чуқур ичидан уфуриб турарди. Шундай бўлса ҳам, у ўша гулханга ўзини ташлади. У қатъий ишонч ва қалб хотиржамлиги билан оловга қараб юрди. Аллоҳнинг йўлида шаҳодат топган киши оғриқни ҳис қилмайди. Бу йўлда етган оғриқ укол оғриғидан кучли эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда айтганларидек, нари борса чаён чаққанидек оғриқни сезади, холос.

Бир назар солинг. Ушбу мисол бизни нимага ўргатаётганини ўйлаб кўринг. Аллоҳ биздан биринчи қадамни ташлашни талаб қилмоқда ва бунинг учун ёрдам беришни ва қўллаб-қувватлашни ваъда қилмоқда. Биринчи қадам. Ва хотиржамлик Аллоҳ таоло бизнинг қалбимизга экадиган уруққа айланади.

Иймон келтирганларнинг барчасида бутун тарих давомида хотиржамликни кўриш мумкин.

Иймонли инсоннинг хотиржамлиги унга кишилар сифатини, улар ишининг улуғлиги ёҳуд ҳеч нарсага арзимаслигини аниқ баҳолаш ва ўлчаш имкониятини беради.

Баъзан биз арзимас, майда-чуйда ишларнинг қўрқоқ одамлар наздида ўсиб, катта тоғдек бўлиб қолганини кўрамиз. Яна шундай кишилар наздида “улкан” ва “буюк” ишлар ҳам борки, иймон аҳли наздида кичрайиб, арзимас бир нарсадек бўлиб қолади. Ҳақиқий буюк одамлар олдида катта ишлар кичик бўлиб қолади, чунки буюклар улардан-да буюкдир.

Қўрқув ўлдиради!

Бугунги кунда аксарият мусулмонлар маънан эзилган, иродаси букилган бўлиб, ўз шижоати ва эътиқодларининг қудратидан, Аллоҳга бўлган чексиз ишонч, хусусан, ўз кучи ва хатти-ҳаракатларининг тўғри эканлигига иймони комиллик берадиган дадилликдан, музаффариятнинг муқаррар эканлигию Яратганнинг ваъдаларига бўлган ишончдан маҳрум бўлишган.

Қалбларни эгаллаб олган қўрқув фалажлантирди. У ҳудди касал каби кучларни емирмоқда. Қўрқув бу касалликдир. Ҳақиқатдан ҳам бу касалликдир ва унинг Аллоҳ таолога бўлган иймон ва Унга таваккул қилишдан бошқа шифоси йўқдир, чунки у тана касаллиги эмас, балки қалб хасталигидир.

Ўлатнинг шаҳарга қараб кетаётганини кўриб қолган бир одам ҳақида эски бир ҳикоя бор. “Қаерга кетяпсан?”, дея сўради ўлатдан. “Фалон шаҳарга беш минг кишини ўлдириш учун кетяпман”, дея жавоб берди ўлат. Шундан сўнг бу одамнинг қулоғига ўша шаҳарда эллик минг киши ўлгани ҳақидаги хабар етиб келди. Қайтаётганда у яна ўлатга дуч келиб сўради: “Қаердан келяпсан?”. Ўлатнинг жавоби қуйидагича бўлди: “Мен беш минг кишини ўлдирган фалон шаҳардан келяпман”. Мусофир эътироз билдирди: “Ахир у ерда эллик минг кишини ўлдирибсанку!”. Ўлат: “Йўқ, мен беш минг кишини ўлдирдим, қолган одамларни эса қўрқув ўлдирди”, – дея жавоб берди.

Фаол ижтимоий ҳаёт кечираётган мусулмонлар, мусулмон уламолари ва дийний таълим олаётган доъийлар ҳамда ўз молларини Аллоҳ йўлида сарфлаётган, йўқсилларга ёрдам бераётган маърифат тарқатувчилар доим эътибор марказидалар.

Агар мусулмон киши юзага келган аҳволдан қониқиб, ҳаётини ўзибўларчилик оқимига йўналтирса, унга нисбатан ҳеч қанақа қизиқиш бўлмайди ва у таъқиблардан хавотир олмаса ҳам бўлаверади.



Қўрқув мусулмонларнинг қалбларига рахна солади. Қўрқув ўлдиради.



Саҳюнийлар ҳақида юзлаб, ҳаттоки минглаб китоблар битилган. Уларда муаллифлар гўёки “тадқиқотлар” ёҳуд “башорат” кўринишида сионистлар дунёнинг турли бурчакларида яшириниб олган махфий куч эканликларини маълум қилишга уринадилар. Бундай “ёзувчилар”нинг илгари сураётган сафсаталарига кўра, иқтисодиёт, сиёсат, ахборот, тиббиёт гўёки саҳюнийлар қўлида эмиш. Ва яна эмишки, кучли давлатлар раҳбарларининг ортида сионистлар турганмиш. Эмишки, дунёдаги барча нарсалар уларга тегишлимиш.

Тўғри, сионизм ғояси вакилларининг иқтисодиёт ва сиёсий ҳокимиятга бўлган таъсирини эътибордан қочирмаслик керак, бироқ, шу билан бирга, реал воқеликни тўғри баҳолай олиш лозим. Шуни тушунмоғимиз керакки, бу каби ахборот хийлалари одамларни чўчитишга қаратилган.

Уларнинг асоси заиф экани тарзида, муайян кучини ҳам батамом инкор этиш узоқни кўра олмаслик бўларди.

Аллоҳ таоло дейди: “Аллоҳ ипи бўлмаса ёки одамлар ипи бўлмаса, уларга қаерда бўлсалар ҳам, хорлик битилди...” (Оли Имрон сураси, 112-оятдан).

Уларнинг кучи – моддий бойликда, чунки дунё бойликларининг сезиларли қисми уларга тегишли, билимда, чунки улар орасида олимлар кўп. Бироқ, уларнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмас: шуларнинг барчаси баробарида, улар заиф ва бўлинган ҳолда қолмоқдалар. “Сизларга қарши уюшиб очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортига бекиниб олиб уруш қилурлар. Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир...” (Хашр сураси, 14-оятдан).

Тўғри, улар ўз ораларида мавжуд тарқоқликни яширишга уринишлари ҳам мумкин. Бироқ, юзага келаётган қийинчиликлар уларнинг турли кланлари орасида мавжуд зиддият ва тарқоқликни шундоққина кўрсатиб турибди.

Бизнинг қўрқувимиз душманларимиз фойдасига хизмат қилмоқда. Улар бундан ўзларига кераклича наф чиқармоқдалар. Улар ҳаётимиз ҳақида ҳамма нарсани билади, китоб жавонимизда қанча китоб борлигию хазиналаримиз қаерда сақланиши ва, ҳатто, дўстларимиз билан нима ҳақида гаплашаётганимизнинг барчаси улар учун аён, деб фараз қилишимиз ва, шу  тариқа, бизни қўрқувда ушлаб туришларига имкон беришимиз улар учун жуда фойдалидир.

Аммо, бу ахборот кўпинча қисман ахборий уруш, қисман сиёсий бўлиб, унинг мақсади одамларни қўрқув, ваҳимага солишдир. Таъкидлаш зарурки, бундай сиёсат муайян муваффақиятга ҳам эга бўлмоқда. Баъзан киши атрофга қарамай бир қадам ҳам босолмайди, чунки унинг қўл-оёғини боғлаб турган қўрқув юрагига ҳам ўрнашиб олган. Кишининг иродасини кишанлаб турган эҳтиёткорлик билан қўрқув орасида катта жарлик бор. Ёш авлодни қўрқув исканжасида тарбиялаш ёшларга катта зарар келтиради, уларнинг истак-интилишлари, қалбларининг жўшқинлигини сўндиради. Ёш йигит-ўспиринларни қўрқмас, кучли, матонатли, дадил, жасур, бўйсунмас эркаклар қилиб ўстириш ўрнига, ҳамма нарсадан, ҳатто, ўз соясидан ҳам қўрқадиган, ҳар қандай нарсадан хавфсирайдиган, ҳар қандай ҳодиса фитна бўлиб кўринадиган, ҳар ким ва ҳар нарсада таъқиб кўрадиган кишиларга айлантиради. Хуллас, деворда ҳам қулоқ бор, деган эътиқод билан ёшлар ҳатто эркин фикр қилишга ҳам хавфсирайдиган бўлиб қолади.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бу зотга: “Ўзингни ўзинг ҳимоя қил, ўзингга нусрат бер”, – дедилар.

Яъни, мусулмон киши ўзини хорлатиб қўймаслиги керак. Ўзини эркин тутиши, ўз обрўсини, шаънини ҳимоя қилиши жоиз.

Мусулмонлар бутун тарих мобайнида кўплаб тазйиқларга ва таъқибларга учраганлар ва, афсуски, бундай разил ишлар бугун ҳам янада кенгроқ миқёсда давом этмоқда. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло бизларга нусрат бериб келган ва шундай бўлажак, иншоАллоҳ.

Иймон ва амал

Аллоҳ таоло Қуръони каримда фиръавн сўзларини келтиради: “Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар. Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир. Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз” (Шуаро сураси, 54-56-оятлар).

Ҳа, бу билан Аллоҳ таоло бизларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Аллоҳ таоло уларнинг хийласини йўқ қилди. Бани Исроил орасидан бўлган заиф кимсаларни бошлиқ қилиб қўйди, уларни меросхўрга айлантирди ва ерда муқим қилди, фиръавн ва унинг аскарлари эса Ундан ўзлари қўрққан нарсани олдилар.

Бундан ташқари, Аллоҳнинг мазкур золимга қарши қўллаган буюк бир ҳикмати шу эдики, фиръавн ва унинг зулмига қаршилик кўрсатган ҳаракатнинг йўлбошчиси – Мусо алайҳиссалом айнан ўша фиръавннинг уйида, унинг саройида тарбия топган эдилар.

“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” (Зарият сураси, 22-оят).

Инсонларга тегишли нимаики бўлса, барчаси кучсиз воситадир, Аллоҳ таоло Ўз хоҳиши ила яратган нарсалар ёрдамида вужудга келган.

Қўрқув ва хавотирларимиз туфайли Аллоҳга қалбан, амалан ва руҳан яқин бўлиш учун қанчадан-қанча қулай фурсатларни қўлдан бой берамиз. Биз қўрққанимиз учунгина  тўхтаб қоламиз.

Ҳар биримиз шуни англаб етишимиз керакки, қўрқув ва ваҳималардан халос бўлганимизда, озодликка, Аллоҳга бўлган иймонга ва хотиржамликка эришганимиздагина, Аллоҳ таолога яқин бўлиш йўлидаги бурчимизни бажара оламиз. Онгимизни қўрқувдан озод этсак, нарсаларнинг ҳақиқий вазиятини тушуниб етамиз.

Кимдир ўзини биров алдаяпти деб ўйлайди. Шу сабабга кўра, унга яқин бўлиш имконини қўлдан чиқаради. Унда ҳам, сизда ҳам ақл бор. Барча инсонларга Парвардигор томонидан ақл ато этилган. Мусулмоннинг ақли Қуръон нури, иймон нури ила мунаввар этилган. Шундай экан, нега биз Аллоҳ таолонинг буюк инъомини доимо кимнидир алдаган, масхаралаган ёки ноҳақлик қилган деган гумонда бўлишга сарфлаймиз? Ишонч, эътиқод билан очиқ-ойдин, эркин ҳаракат қилинг.



Сиз хато ёки ман қилинган ишни қилмаяпсиз-ку, ахир!



Ёдингизда тутинг: кимдир асал истаса, у асалари чақиб олишига тайёр бўлиши керак. Аллоҳ таоло инсонга куч ато қилган, бандаси бу ҳақида баъзан билмайди ҳам. Аллоҳ таоло бизнинг танимизга очлик, совуқ, оғриқ ва дардларга мослашувчанликнинг кучли механизмларини ҳам ато қилиб қўйган.



Бу ишлар Имом Аҳмад раҳимахуллоҳ замонларидаги бир ўғрининг сўзларини эсга солади. Зиндондаги маҳбуслар ҳар қачон эшик очилганида янги меҳмон ким эканлигига қизиқиб, тўпланиб олишар, чапак чалиб, хохолаб кутиб олишарди. Бир гал эшик очилади-ю, ароқхўр ёки киссавур ўрнига, чеҳрасида иймон нури балқиб турган, ишонч ва таваккули шундоққина намоён булиб турган бир вазмин киши кириб келади. Маҳбуслар бир-бирларидан: "Бу ким бўлди экан?!", – деб сўраб қолишади. Ул зот Аҳли суннанинг имоми Имом Аҳмад раҳимахуллоҳ эдилар. Шунда ҳатто фосиқлар ҳам "Аллоҳга қасамки, бу одамнинг бизнинг устимизда ҳаққи бор", деб юборадилар. Улардан бири Имом Аҳмад олдиларига келади ва қулоқларига пичирлайди: "Эй Аҳмад, мен ўн дирҳам туфайли ўн марта қамалганман: ўғрилик қиламан, қамаламан, кейин чиқиб яна шу ишимни қиламан. Сенга дарра урилиши ҳеч нарса эмас. Бор-йўғи биринчи-иккинчи дарраларни сезасан, ундан кейин ҳеч нарса сезмай қоласан".



Барча пайғамбарларга эргашаётганини даъво қилувчи Ислом вакиллари Аллоҳ таоло юборган рисолатга даъват қилиш, уни ўрганиш ва ўргатиш чоғида ҳатто сўкиш ҳам эшитмаймиз, ёки маошимиз ушлаб қолинмайди, ёки, бўлмаса, зулмга дучор бўлмаймиз, деб ўйлайдиларми? Кимда-ким ваъда қилинган жаннатга тушишни хоҳласа бу каби синовларга тайёр ҳолида туриши керак. Бу ишларни амалга ошириш учун биздан ҳеч қандай қийинчилик талаб этилмайди.

Сиз одамлардан оладиган нарсаларингизни олдингиз, энди жаннат сари қўйилаётган қадамларда дучор бўлинадиган ғовлар олдида тўхтаб қолувчилардан бўлманг, асло. Зеро, жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса, шаҳвоний ишлар, ўткинчи дунёвий лаззатлар билан ўралган бўлади.

Эҳтимол, биродарларингиз ва аҳли аёлларингиз сизга яқин бўлгани, ёки сиз учун хавотирлангани, ёки ҳолатни нотўғри тушунгани, ёки ўзларининг ҳам оғишлари ҳолида сизни танқид ҳам қилишар.

Азизлар, биз бу синовлар қаршисида ёлғиз Роббимиз – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тарафидан инъом этилган хотиржамлик билан қуролланган бўлишимиз керак. Бу йўл мушкул бўлгани билан, бизнинг бунга кучимиз етади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қандай одам кўп синовларга дучор бўлар?”, деб сўраганларида, “Пайғамбарлар, ундан кейин солиҳ одамлар, ундан кейин одамлар орасидаги шуларга ўхшаганлар. Банда динига яраша синалади. Агар динида мустаҳкам бўлса, унга синовлар ҳам кўп бўлади. Агар динида енгилтаклик бўлса, енгил синовларга учрайди”, деб жавоб қилганлар. (Ибн Можа ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам, иймонимиз заиф-ки, енгил синовларга учраяпмиз. Биз эса иймон билан қувватланиб, унинг қанчалик зиёда бўлиши билан синовлар ҳам катталашишини тушунмоғимиз, билмоғимиз керак. Синовлардан ўтишимиз бизга бошқа одамларда учрамайдиган хурсандчилик ва хотиржамликни ато қилиши керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири Ҳилол” асарларида қуйидаги сўзлар келтирилган:

“Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир” (Оли Имрон сураси, 186-оят).

Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлади. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир.

Қийинчиликсиз эришилган нарсанинг қиймати бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло эзгулик йўлида, Ўнинг йўлида курашга отланган бандаларини синовдан ўтказиб, тоблаб, чиниқтириб туради. Ана шундагина яхшилик даъватчилари мустаҳкам иродага эга бўладилар. Даъватнинг барча оғирликларини кўтарадилар.

Иймонга, Исломга, эзгуликка даъват қилувчиларга, шу йўлда ҳаракат қилувчиларга молу мулкларида ҳам синов келади. Уларнинг молу мулкларини золимлар тортиб олиши ёки йўқ қилишга уриниши мумкин. Душман кофир бўлганидан кейин, ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Шунингдек, иймон йўлида курашувчиларнинг жонига ҳам душманлар қасд қиладилар. Уларни азоблаши, қийнаши ва ҳатто ўлдириши ҳам мумкин. Бу ҳолат аввалда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Ҳақиқат йўлининг курашчилари душманлардан кўплаб озорлар эшитадилар. Уларни ҳар замон ва ҳар маконда турли сохта айблар билан айблашади. Турли бўлмағур ёмон сифатлар билан сифатлашади. Бу бўлиши муқаррар ишлардир. Ахир, Аллоҳ таоло Ўз Қуръонида айтиб қўйган нарса муқаррар бўлмаса, нима муқаррар бўлар эди?!

Аммо буларнинг бари ҳақиқат курашчиларига, иймон байроғини юксак кўтаришга интилганларга яхшиликдир. Энг камида, кураш учун оладиган савоблари кўп бўлади.

Фақат, жону молга бало етганида, душманлардан озор кўрганда:

«...Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир».

Ана шундагина кўзланган мақсадга эришилади. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Чунки иймон ила куфр курашида доимо иймон тараф ғолиб келган. Чунки бу тараф – Аллоҳнинг тарафи. Унинг Ўзи нусрат беради.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади