Довуд арфа ва най чаларди ва яхши қўшиқчи эди. Унинг рашкчи қайнотасидан қочиши, саргузаштлари ва қаҳрамонликлари яхши маълум бўлди. Саулнинг ўлимидан кейин Довуд халқ томонидан шоҳликка ҳукмрон бўлишга чақирилди, бунга у пайғамбар Самуилдан аллақачонлар дуо олган эди. У етти йил Хевронда ҳукмронлик қилди, сўнгра Қуддусни жанг қилиб қайтариб олди ва уни ўз шоҳлигининг пойтахти қилди. Шаҳардаги икки тепалик «Мориа» ва «Сион» деб номланди. Иккала сўз Маккадаги «Раббийнинг ваҳийи жойи» ва «қоя» ёки «тош» маъноларини ангатадиган «Маруа» ва «Сафа» билан бир хил маънога эга.
Довуднинг урушлари, оилавий келишмовчиликлари, содиқ аскари Урия ва унинг хотини Вирсавияга қарши қилган гуноҳи жазосиз қолмади. У қирқ йил ҳукмронлик қилди ва бутун ҳукмронлиги шахсий ҳаётида урушлар ва кўнгилсизликларга дуч келди. У ҳақида қарама-қарши фикрлар, шубҳасиз, иккита қарама-қарши манбадан олинган.
Довуднинг Урия ва унинг хотинига қарши жинояти, жангчини муқаррар ўлимга юбориб, ўзи унинг хотинига эгалик қилиши ҳақида (2 Шоҳлар. 11) Қуръонда зикр этилмайди. Қуръони Каримнинг асосий хусусиятларидан бири шуки, у бизга пайғамбарларнинг гуноҳсиз эканлигини ўргатади. Жиноятлар ва гуноҳларни Библия каби улар билан боғламайди. Ахир, Мусонинг қонунига кўра ўлим билан жазоланадиган бу жиноятларни оддий одам содир этолмайди ва бу ҳолатда Худо танлаган пайғамбар ҳақида қандай гапириш мумкин?
Довуд зино қилгани ва унинг гуноҳини эслатиш учун унинг олдига келган икки фаришта ҳақидаги ҳикоя болаларча уйдирмадир - бу воқеа қаерда бўлишидан қатъи назар. У Ислом уламолари тамонидан рад этилади. Уламолардан Розий айтади-ки:
«Аксарият уламолар ва уларнинг орасидан ҳақиқат излаганлар бу айбловни ноҳақ деб эълон қилиб, уни ёлғон ва ғаразли уйдирма сифатида қораладилар. Қуръони каримнинг 38-сураси 24-оятида зикр қилинган «истиғфор» ва «ғафарна» сўзлари асло Довуднинг гуноҳ қилганлигини англатмайди, чунки «истиғфор» моҳиятан бу кечирим ва ҳомийликни сўраш демакдир, Довуд душманлари Унга қарши чикаётганини кўрганида, у Худонинг ҳимоясини сўради. «Ғафарна» сўзи эса шуни англатадики, унинг ўтмишдаги гуноҳлари кечирилган ва унинг ишлари тузатилган (бу ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Ва Довуд уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди. Бас, унинг ўша(хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал қайтар жой бордир). — Шуниси аниқки, Довуд гарчи у буюк раҳбар бўлса-да, барча душманларини ўз ҳукмронлиги остида ушлаб тура олмади.
Таврот Довуд пайғамбарлик инъомига эга бўлган вақтни кўрсатмайди. У ёки бу даражада ишонч билан айтиш мумкинки, барча гуноҳларига тўлиқ тавба қилганидан кейингина пайғамбарлик инъомига эга бўлган.
Мен олдинроқ айтиб ўтгандимки, яҳудийлар подшолиги бўлиниб кетгач, кўпинча бир-бирига душман бўлган икки мустақил давлат ташкил топди, шимолий шоҳликни (Исроил) ташкил қиладиган ўнта авлод доим Довудга ва унинг уруғига душман бўлган ва Муқаддас матнда «Таврот»дан бошқа ҳеч қандай китобни тан олмаган (Мусонинг биринчи беш китоби). Бу «Таврот»нинг беш китобли Самария вариантидан ҳам кўриниб турибди. Исроилнинг «муртад» ярим бутпараст шоҳлари даврида Самарияда яшаган буюк пайғамбарлар Илия, Елисей ва бошқаларнинг ҳикояларида биз Довуднинг авлодлари ҳақида бирон бир сўз ёки башоратни учратмаймиз.
Фақатгина Исроил шоҳлиги қулагандан ва ўн қабила Оссурияга сургун қилингандан кейингина, яҳудий пайғамбарлари Довуд хонадонидан бирон бир йўлбошчи келишини, у тез орада бутун бир халқни жонлантириши ва унинг душманларини бўйсундиришини башорат қила бошладилар. Бундай ноаниқ ва мавҳум гаплар кейинги пайғамбарлар битиклари ва нутқларида ҳам учрайди. Улар черков «оталарини» шодлик ва завқланишга олиб боришди, лекин аслида уларнинг Исо Масиҳ билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен иккита шундай башоратни қисқача баён қиламан.
Улардан биринчиси Ишаёда (боб 7:14), пайғамбар қуйидагича башорат қилган жойда: «Мана, бир бокира қиз ҳомиладор бўлиб, ўғил туғади ва унинг исмини Еммануил деб аташади». Бу оятда қўлланган «а’lmah» яҳудий сўзи насроний илоҳиётчилари томонидан Биби Марям (Дева Мария» назарда тутилиб талқин қилинганидек, «бокира» дегани эмас. Бу «бўйи етган қиз, никоҳ ёшидаги аёл, қиз» маъносини англатади. Ибронийчада бокира маъносида «қиз» ўрнида « Вthulah» сўзи ишлатилади.
Бунинг устига, чақалоққа қўйилган Еммануил исми «Худо биз билан» маъносини англатади. Яҳудийлар анъанасида ҳозиргача «Худо» маъносини англатадиган «ил» («эль») суффиксига эга бўлган юзлаб исмлар бор. Янги туғилган чақалоқ «Худо биз билан» бўлиб чиқиши мумкинлиги на Ишаё, на шоҳ Ахаз ва бошқа биронта яҳудийнинг хаёлига ҳам келмаган. Улар бу оддий исмдан бошқа нарса эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган. Бироқ матнда аниқ айтиладики, болага бу исмни Ахаз қўйган (у болали қизни танирди шекилли). Ахаз хавф остида эди, душманлари Қуддусга қаттиқ таҳдид соларди ва бу белги унга етти юз йилдан кўпроқ вақт ўтгач дунёга келадиган бокира Марямни эмас, балки ҳомиладор қизни кўрсатиш орқали берилган эди. Ахаз даврида туғилажак чақалоқ ҳақидаги бу оддий башорат ҳам Инжил муаллифи Матто томонидан нотўғри тушунилган (Мф. 1: 23). Ахир Исо исми Марямнинг ўғлига Худонинг амри билан, Жаброил фаришта орқали берилган (Мф. 1: 21), Исони ҳеч качон Еммануил деб аташмаган! Бу исмдан “Худонинг мужассамланиши” ҳақидаги насроний таълимотига далил ва исбот сифатида қўлланилиши нотўғри талқин қилиш, қаллоблик эмасми? Матто Инжилида (21:5) Закариё китобидан (9:9) башорат иқтибос келтирилиши: «Хурсанд бўлиб, қувонинг, Эй Қуддус халқи! Шодлик–ла ҳайқиринг, Эй Сион халқи! Мана шоҳингиз келяпти. У зафар қозонган ғолибдир. Шунга қарамай, Камтариндир шоҳингиз, У эшакнинг устида, Ҳа, эшакнинг боласини — ҳўтикни миниб келяпти», шунингдек, Инжилда келтириган башорат халқнинг кўз олдида рўёбга чиқиши учун Исо Қуддусга кириб келиш учун олдиндан бир жуфт эшак тайёрлаб қўйишга буйруқ бергани ҳақида ҳикоя жуда ғалати.
Аксарият насроний "оталар" Исонинг ҳаётидаги ушбу эпизоднинг ҳақиқатига ишонишган ва Инжил даври контекстидаги бундай саҳна ҳақиқий қироллик юришидан кўра кўпроқ фарс ва пародияга ўхшайди, деб ҳеч қачон ўйламаганлар. Бироқ Лука эҳтиёткорроқ бўлди ва Маттонинг хатосини такрорламади. Урғочи эшак ва унинг боасини келтириш буйруғи ҳақидаги сатрлардан кейин у Закариё башоратидан тўғридан-тўғри иқтибос келтирмайди, балки фақат Исонинг сўзларини етказади: «Агар нимага… деб савол беришси, Раббий шуни истади деб жавоб беринг» (Лк. 19: 31—34). Иккала муаллиф битта «муқаддас руҳ»дан илҳом олганмди?
Закариё яҳудийларнинг Бобил тутқинлигидан қайтишидан кўп ўтмасдан Қуддусга шоҳ кириб келиши ҳақида башорат қилади. Гарчи у, ювош ва камтар, урғочи эшакнинг боласи устидан ўтирган бўлсада, барибир нажот билан келади ва Худонинг уйини тиклайди. Закариё яҳудийлар маъбадни ва вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклашга ҳаракат қилаётган бир пайтда буни башорат қилади. Қўшни халқлар уларга қарши бўлиб, қурилиш ишлари Форс шоҳи Доро қурилишни давом эттириш ҳақида фармон чиқаргунга қадар тўхтатилган.
Гарчи яҳудийларнинг шоҳи милоддан аввалги VI асрдан бошлаб ва Исо Масиҳдан олдин пайдо бўлмаган бўлсада, шунга қарамай, қадимги яҳудийлар ҳатто чет эллик ҳукмдорлар ҳукмронлиги остида ҳам кенг ўзини ўзи бошқаришга эга эди. Бундан ташқари, Закариёнинг башоратида гап беш юз йигирма йилдан кейин келадиган қандайдир "рамз" ҳақида эмас, балки ҳақиқий ва тез орада рўй берадиган нажот ҳақида кетаётгани аниқ. Агар Назаретлик Исо улуғвор ибодатхонаси бўлган азим ва гуллаб-яшнаган Қуддусга бир неча камбағал одамлардан иборат «мулозимлари» билан бир вақтнинг ўзида иккита эшакка миниб кириб келган бўлса [Инжилларда шундай - ...], Инжилларда ғайридинлардан қандай нажот ва Довуд авлодининг қонуний шоҳлигига қандай қайтиши ҳақида хабар берилган? Нима учун кириб келган — шунчаки яҳудийларнинг ўзлари ва уларнинг римлик хўжайинлари томонидан қўлга олиниш ва чормихга тортилиш учунми? Ҳар томондан душманлар қуршовида ярим вайронага айланган Қуддусдаги бечора яҳудийлар беш йилдан кейин солиҳликнинг тинч ўқитувчисини эмас, балки Ездра, Неемия ёки Зоровавел каби кучли етакчини кутишгани аниқ.
Буларнинг барчаси, бизнингча, яҳудийларнинг муқаддас матнаридан хабардор бўлган мусулмон ўқувчиларимизни насроний руҳонийлари узоқ вақтлардан бери ўз қавмини алдаб келаётганига ишонтирмоғи лозим.
Мана энди Довуднинг башоратини ёдга оламиз.
Эгамиз (Yahwe) айтмоқда ҳазратимга (Аdоn): “Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин” (Забур, 109). Бу оят Матто (22:44), Марк (12:36) ва Лука (20:42) Инжлида иқтибос қилиб келтирилади. Библиянинг барча (жумладан, рус тилига) таржималарида эса биринчи ибора қуйидагича янграйди:
«Сказал Господь Господу моему...» Демак, агар «Господь» биринчи сўзли умумэътироф этилган маънода Худони англатиши лозим бўлса, иккинчиси ҳам шундай... Худо бу – Гапираётган ва шу билан бир пайтда, бу сўзлар Унга қаратилган Зот. Довуд пайғамбарнинг иккита худоси бор экан-да. Насроний "оталар" учун ажойиб далил, аммо айни пайтда ҳар қандай мантиқ ва маънодан маҳрум.
Yahwe ва Аdon сўзларининг асл маъносига мурожаат қилайлик. Тўрт бўғинли Yhwh сўзи Yehovah (Иегова) деб талаффуз қилинган, ҳозир эса умуман Yahwah (Ях¬ве) сифатида талаффуз қилинади. «Становящий бытие» маъносини англатувчи бу сўз қодир Парвардигорнинг исмидир. Бу исм яҳудийлар учун шу қадар муқаддас-ки, улар ўз китобларини ўқиётганда уни шундай ўқимайдилар, ўрнига «Адони» дейдилар. Бошқа бир исм Elohim доимо айтилади, Yahwah эса – камдан-кам ҳолларда.
Нима учун яҳудийлар Парвардигорнинг бу икки исмини бундай ажратиши алоҳида масала, ушбу мавзу доирасига кирмайди. Бироқ, сезиш мумкинки, Yahwah бу Elohim билан бир хил эмас, у олмошлар билан асло қўлланмайди, яҳудий тилида у фақат ягона Худонинг атоқли отидир. Амалда Elohim барча семитларга таниш бўлган қадимий исм ҳисобланади ва қудратли Жаноб, аниқроғи, Худо маъносидаги Парвардигорни англатади. Ва тавҳидга бўлган садоқатини алоҳида таъкидлаш учун, яҳудийлар бу икки сўзни биргаликда ишлатишади, худди мусулмонлар каби. Арабча "Рабб Аллоҳ" шакли эса яҳудийча "Yahwah Elohim"шаклига тўғри келади.
«Адон» сўзи эса «қўмондон, жаноб, хўжайин» маъносини англатади, худди арабча ва туркча Амир, Сайид ва Оға каби исмларга айланган сўзлар каби. Демак, бу оятнинг биринчи қисми қуйидаги тарзда янграйди: «Рабб сайидимга айтадики…».
Шоҳ бўлгани ҳолда, Довуд ҳар бир фуқароси учун сайид ва қўмондон эди, шоҳликнинг хўжайини эди. Унда кимнинг қули эди у? Ҳокимияти чекланмаган ҳукмдор бўлгани ҳолда у ким бўлишидан қатъи назар, яшаган одамлардан биронтасининг қули ёки хизматкори бўлиши мумкин эмасди. У ҳар қандай ўлган пайғамбар ёки авлиёни, масалан, Иброҳим ёки Ёқубни "сайидим" деб аташини тасаввур қилишнинг иложи йўқ, чунки уларга одатий ва оқилона мурожаат "ота" ҳисобланади. Шу билан бирга, Довуд авлодларидан биронтасига нисбатан ҳам «сайидим» деб мурожаат қилмаганлигини таъкидлаш керак, чунки бунинг учун «ўғлим» сўзидан фойдаланган. Худо билан бирга, Довудга хўжайин бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳеч ким бўлиши мумкин эмас, фақат инсониятнинг энг олижаноб ва олий вакили бўлмаса. Худонинг ихтиёри ва танловига кўра, бу одам барча одамлардан кўра олижаноброқ, мақтовга сазовор ва маъқулроқ бўлиши керак, деб тахмин қилиш жуда оқилона бўларди. Қадимги авлиёлар ва пайғамбарлар бу азиз шахсни билишган ва худди Довуд сингари уни "сайидим" деб аташган.
Албатта, яҳудийлар раввинлари ва «Таврот» шарҳовчилари бу ерда Довуднинг авлодидан келиб чиқадиган Мессияни назарда тутган ва шу тариқа, юқорида Матто (22-боб) ва бошқа инжилчилар китобидан иқтибос келтирилганидек, Исо Масиҳнинг саволига жавоб берган. Исо "Агар Довуд унинг ўғли бўлиши мумкин бўлса, қандай қилиб уни "сайидим" деб атайди?" деб иккинчи саволни берганида, яҳудийлардан очиқчасига ўзини ажратиб қўяди. Устознинг бу саволи йиғилганларни жим қолдирди, чунки улар ҳеч қандай жавоб топа олмадилар. «Сайид» ёки «адон» Довуднинг ўғли бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, Исо шу тариқа мессианизм ва илоҳийликка барча даъволардан ўзини четга олади. Бу эътироф ҳал қилувчи аҳамиятга эга, у Исо Масиҳга Худонинг олий ва муқаддас хизматкори сифатида муносиб мақомини бериш ва унга глобал мессианизм ва ундан ҳам кўпроқ илоҳийликни беришдан воз кечиш учун насронийлардан бўлган дин соҳасидаги ўқитувчиларни уйғотиши керак.
Шогирдлари саволларига жавоб бера олмаслигини кўриб, индамай қоладиган устозни тасаввур қила олмайман – агар ўзи ҳам улар каби саводсиз бўлмаса. Бироқ, Исо саводсиз ёки ичиқора устоз эмасди. У Худога ва инсонга бўлган муҳаббатли пайғамбар эди. Муаммони ҳам, саволни ҳам жавобсиз қолдирмасди. Черков Инжилларида Исонинг: “Довуднинг сайиди ким эди?” деган саволга жавоб берилмаган.
Аммо мўъжизавий ваҳийда улуғ "Бар-наша" - Муҳаммадни кўрган Дониёрнинг башоратли нигоҳи Довуднинг башоратли кўзи билан бир хил эканлигига шубҳа йўқ. "Инсон ўғли" одамлар орасида энг улуғвор ва мақтовга сазовордир. Унда Аюб пайғамбар (19:25) иблиснинг кучидан "қутқарувчи" ни кўрди. Хўш, Муҳаммад Довуд "сайидим" ёки "адоним" деб атаган одам бўлганми? Келинг, кўрайлик-чи.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «пайғамбарлар адони» маъносини англатадиган “саййид ул-мурсалин” унвони бўлганлигини исботловчи далиллар жуда ишончли. Улар “Таврот” сўзларида шу қадар аниқ ва равшан баён қилинган-ки, уларни тушуниш ва тинглашдан бош тортганларнинг нодонлиги ва қайсарлигидан ҳайратда қолиш керак.
1. Буюк пайғамбар ва «адон» Худонинг ва инсоннинг назарида на буюк фотиҳ, на инсон зотини йўқ қилувчи, на ўзини қутқариш учун Рабб ҳақида ўйлаб, умрини ғорда ёки ҳужрада ўтказадиган тарки дунё қилган киши бўлган эмас. У инсониятга кўпроқ яхшилик ва ёрдам берадиган, уни ягона ҳақиқий Худони билиш нурига олиб борадиган, шайтоннинг кучларини, унинг жирканч бутларини ва ахлоқсиз муассасаларни йўқ қиладиган зотдир. У Каъба ибодатхонасини ва бутун Арабистонни бутлардан тозалаган Муҳаммад эди, у жоҳил араблар – бутпарастларга нур, дин, бахт ва куч-қудрат берган, улар ўз навбатида буни ернинг тўрт тарафига етказган. Таъкидлаш жоизки, Рабб хизмат қилишда Муҳаммаднинг амаллари ва муваффақиятларини бошқа барча пайғамбарларнинг амаллари билан солиштириб бўлмайди. Пайғамбарлар, авлиёлар ва жафокашлар иблис кучларига қарши Худонинг қўшинини тўплайдилар ва Муҳаммад уларнинг бош қўмондони эканлиги шубҳасиз. Дарҳақиқат, у нафақат Довуднинг, балки барча пайғамбарларнинг ҳам «адон»и ва «сайиди»дир, чунки у Фаластинни ва Иброҳим ташриф буюрган барча мамлакатларни бутпарастликдан ва бегоналар истибдодидан озод қилган.
2. Исо Масиҳнинг ўзи Довуднинг «сайиди» эмаслигини ва Мессия Довуднинг авлодидан чиқиши мумкин эмаслигини эътироф этиб турган бир пайтда пайғамбарлар орасида Довуднинг жаноби ёки адони бўлиши бўлган Муҳаммаддан бошқа ҳеч ким қолмайди. Исмоил алайҳиссаломнинг улуғвор авлоди вакили томонидан дунё бўйлаб амалга оширилган мақтовга лойиқ диний инқилобни минглаб пайғамбарлар биргаликда эришган ютуқлари билан солиштиришга тўғри келганда, “адонай” унвонига фақат битта Муҳаммад лойиқ, деган хулосага келишимиз керак 3. Довуд қандай қилиб Яхвенинг Адонга: «Душманларингни енгиб, оёқларинг остига ташламагунимча, менинг ўнг томонимда ўтир» дегани ҳақида билиб олди? Довуд Худонинг бу сўзини қачон эшитди? Исо Масиҳнинг ўзи жавоб беради, яъни: «Довуд буни руҳида ёзди». У адон Муҳаммадни худди Дониёр уни кўрганидек кўрди (Дон. 7), уни Павел ҳам кўрди (2 Кор. 7) ва бошқа кўпчилик ҳам. Албатта, бу сир: "Менинг ўнг томонимда ўтир" - биз учун ёпиқдир. Биз аниқ тахмин қилишимиз мумкинки, бу у зотнинг Аллоҳга яқин бўлиш, шу орқали уни нафақат пайғамбарлар, балки бутун махлуқотнинг меърожининг муборак кечасида содир бўлган хожаси унвонига кўтариш шарафи рамзидир.
4. Насронийлар орасида Муҳаммаднинг устунлиги ва муқаддас миссиясига қарши эътироз фақат учлик таълимотининг қоралаши бўлиши мумкин. Бироқ яҳудийларнинг муқаддас китоби, «Таврот» Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай Худони билмайди, Довуднинг «сайиди» эса «учлик» эмас, ёлғиз Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирди. Бинобарин, Аллоҳга эътиқод қилган ва хизмат қилган пайғамбарлар орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам каби Аллоҳга ва инсониятига буюк хизмат қилган зот йўқдир.
Абдул Аҳад Довуднинг "Библияда Муҳаммад" китобидан
Абу Муслим таржимаси