loader
Foto

Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир

Бунинг учун аввало хамр ҳақида келган ояти карималарни қисқача ўрганиб чиқмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Хамр ҳақидаги оятлар Қуръони Каримда тўрт марта, босқичма-босқич бўлиб тушган.

Аввал Наҳл сурасидаги олтмиш еттинчи оят нозил бўлган.

Хамр ҳақидаги иккинчи оят «Бақара» сурасидаги икки юз ўн тўққизинчи оят бўлиб, унда одамлар хамр ва қимор ҳақида сўрашлари ва уларда ҳам фойда, ҳам зарар борлиги, зарарлари фойдасидан кўплиги, уларда катта гуноҳ борлиги айтилади.

Учинчи босқичдаги оят эса, «Нисо» сурасидаги қирқ учинчи оятдир. У оятда мусулмонларга маст ҳолда намоз ўқимасликка амр қилинади.

Ва ниҳоят, Моида сурасидаги тўқсонинчи ва тўқсон биринчи оятлар нозил бўлиб, хамрнинг мутлақо ҳаром эканлиги ҳукми собит бўлди.

Энди ушбу оятлар билан танишиб чиқайлик.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: Аллоҳ таоло: «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир»-деган.

Хурмонинг ҳам, узумнинг ҳам меваси бор. Ўша мевага маълум бир усулда ишлов берилса, ундан маст қилувчи ичимлик олинади. Яна ўша меванинг ўзидан бошқча йўсинда яхши ризқ олиш ҳам мумкин.

Хамр ҳақидаги иккинчи оятда, «Бақара» сурасида: Аллоҳ таоло: «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деган.

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган.

Шунда Аллоҳ таоло биз ўрганётган ушбу оятни туширди.

Учинчи босқичдаги, «Нисо» сурасидаги оят эса: Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда-то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча-намозга яқинлашманг», деган.

Бу ояти каримада хамрни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи жой олгандир.

Ва ниҳоят, Моида сурасида: Аллоҳ таоло: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз»-деган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.

Агар юқорида келтирилган оятларга диққат билан назар соладиган бўлсак, Аллоҳ таоло улардан иккитасида «мастлик» сўзини ва яна иккитасида «хамр» сўзини ишлатмоқда. Бундан ман ва ҳаром қилишнинг асосий иллати мастлик ва «хамр» бўлгани чиқади.

Араб тилида «хамр»» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади.

Бу маънони таъкидлаш учун машҳур ҳадис китобларимизда келтирилган бир ривоятни далил сифатида келтирамиз:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб, хутба қилиб:

«Хамрнинг ҳаром этилиши нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди; узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан. Ақлни тўсган нарса, хамрдир»-деди».

Бухорий, Насаий, Муслим ва Абу Давуд ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар ўз оталари ҳазрати Умарнинг халифалик вақтларида масжиди набавийда қилган хутбасида айтган гапларини ривоят қилмоқдалар.

«Хамрнинг ҳаром этилтши нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди; узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан».

Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ояти каримани нозил қилган пайтда, Арабистон ярим оролида хамрни беш нарсадан олинар эди. Лекин бундан мазкур беш нарсадан бошқадан олинган нарсалар хамр бўлмайди деган фикр туғилиши мумкин эмас. Чунки, «Ақлни тўсган нарса, хамрдир».

Яъни, истеъмол қилинганда истеъмол қилувчининг ақлига тасир қилиб уни маст қилувчи ҳар бир нарса «хамр» дейилади.

«Хамр» сўзининг луғавий маъноси ҳам тўсишни англатади. Арабларда аёл киши бошига ўраб юрадиган тўсқич-рўмолни ҳам химор дейилади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари умумий қоида сифатида ишлатилади ва хамрнинг ҳаромлиги нозил бўлганда арабистонда хамр ҳисобланган беш турдан бошқа барча ақлни тўсувчи нарсалар ҳам хамр ҳисобланади.

Уларнинг қайси нарсадан, қайси услубда олиниши ёки суюқ-қуюқ бўлиши эътиборга олинмайди.

Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисларида:

«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир», деганлар.

Шунинг учун водками, вискими, вино ёки пивоми, нашами ,қора дорими, героинми, морфими кокаинми, кўкнорими барибир ҳаммаси ҳаром.

Қуръони Каримнинг айнан «маст» ва «хамр» лафзларинигина ишлатишининг ҳикматини энди англаб етган бўлсангиз керак? Агар ўша вақтда тарқалган бирор нарсанинг исми ишлатилганда, бошқа нарсаларни, жумладан, кейин пайдо бўладиган нарсаларнинг ҳукми тўғрисида турли тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин бўлар эди.

Ҳар бир нарсанинг энг нозик нуқталаригача биладиган зот Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам Ўзининг Каломида ҳар доим умумий қоида бўлиб турадиган лафзларни ишлатгандир.

Пайғамбар алайҳиссалом бўлсалар ўша умумий қоидаларни шароитга, кишиларнинг савияларига қараб ўзига хос услуб билан баён қилиб берганлар.

Жумладан, У зот алайҳиссалом баъзи бир набокорлар, хамрнинг маст қилиши ҳаром ўзи ҳаром эмас, демасликлари учун қуйидаги ҳадисларни айтдилар:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Бу ҳадиси шариф баъзи кишилар орасидан тез-тез кўтарилиб турадиган ва фитнага сабаб бўладиган тушунмовчиликка узил-кесил жавоб бўлиб келган.

Баъзи нафсининг кўйига кирган кишилар ўзларича озгина истеъмолганда маст қилмайдиган нарсаларни истеъмол қилса бўлаверса керак, деган шубҳали гап тарқатиб юрадилар.

Модомики озгина бўлса ҳам маст қилувчи модда қўшилган ҳар қандай хамр ҳаромлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олдик энди унга амал қилмоғимиз лозим.

Бу ҳукмни билмаган кишиларга ҳам билдирмоғимиз зарур. Бу борада ҳар хил, билиб-билмай сўз юритадиган шахсларнинг гапига мутлақо қулоқ солмаслигимиз вожибдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Қайси нарсанинг бир фарақи маст қилса унинг бир сиқими ҳам ҳаромдир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган

«Фарақ»-ўн олти қадоқ миқдордаги нарсани ўзига сиғдирадиган ўлчов идишидир. Бир қадоқ 449, 28 грамм. Бундан бир фарақ етти ярим килограмча оғирлик экани келиб чиқади. Бир сиқим эса бир кафтга сиғадиган нарсадир.

Демак, жуда кўп миқдорда истеъмол қилгандагина маст қиладиган нарсанинг жуда оз миқдорини истеъмол қилиш ҳам ҳаром бўлар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом хамр ҳақидаги тушунчани яна ҳам равшан ва тўлиқ бўлишини, ҳеч ким, ҳеч қачон бирор эътироз айта олмаслигини таминлаш учун яна бир баён ворид қилдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди.

Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланётган гиёҳвандлик моддаларини алоҳида васфидир.

Шундоқ қилиб хамр нима эканлиги очиқ-ойдин бўлди. Унинг тўғрисидаги умумий қоида ҳам аниқ-равшан бўлди.

Энди ушбу маъно ва қоидаларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилинганини ўрганайлик.

ХАМР ҲАҚИДАГИ ҚОИДАНИ ТАТБИҒИ

Хамрнинг маъноси ва унинг шаръий ҳукми аниқ бўлгандан кейин, келгусида уларни ҳаётга бемалол татбиқ қилиш қолди, холос.

Бундан кейин қандоқ нарса, ичимлик ёки модда чиқса ҳам ушбу қоидага солиб кўрилади. Унга тўғри келса, хамр бўлади ва унинг ҳаромлиги эълон қилинади.

Бу қоидани ишлатишни ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бошлаб берганлар.

Дайлам ал-Ҳимайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз совуқ ерда яшаймиз. У ерда оғир иш бажарамиз. Биз мана бу буғдойдан ичимлик қилиб олганмиз. У билан ишларимизга ва юртимизнинг совиғига қувватланамиз?» дедим.

«Маст қиладими?» дедилар У зот.

«Ҳа», дедим мен.

«Ундан четда бўлинглар!» дедилар У зот.

«Одамлар уни тарк қилувчимаслар», дедим.

«Агар уни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилинглар», дедилар У зот.

Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган баҳоналар хамр хўрликка мубтало бўлган шахс ва халқлардан ҳозиргача такрорланиб келади.

Аввалги жоҳилият одамлари ўзларининг илмсизликлари туфайли бу ноўрин баҳонани айтган бўлишлари мумкин.

Аммо ҳозирги жоҳилият одамлари хамр кони зарар эканини илмий равишда тушуниб етдиларку! Қандоқ қилиб хамр оғир ишни енгилатиши мумкин?! Аксинча хамр итеъмол қилиб унча мунча нарсанинг фарқига бормайдиган ҳолга тушиб олган одам иш ҳодисаларига учраб ҳалок ёки майиб бўлиши мумкин, холос.

Ана шундоқ қилиб бошқа нарсаларни ҳам ҳукми улар пайдо бўлиши билан юқоридаги қоидага солиб кўриб аниқланаверган.

Албатта, аввалги пайтларда олдин зикр қилиб ўтилган, ҳазрати Умар зикр қилган беш нарсадан олинадиган содда ичимликдан бошқа хамр бўлмаган. Аммо аста секин вақт ўтиши билан турли нарсалар чиқа бошлаган ва ўз вақти Ислом шариати бўйича уларнинг ҳукми ҳам баён қилиб борилган.

Авваллари эски китобларда ичиладиган хамр ҳақида, кейинроқ эса, фақат наша ва афюн ҳақида сўз кетганининг гувоҳи бўламиз. Чунки ўша пайтлар фақат шу икки нарса мавжуд бўлган.

Шайх Санъоний ўзларининг «Субулус-Салам» номли машҳур китобларида:

«Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир. Агар нашага ўхшаш ичилмайдиган нарса бўлса ҳам», деганлар.

Имом ал-Қурофий ақлга таъсир ўтказувчи нарсаларни учга бўлиб зикр қилганда нашани муфсид-бузувчи нарсалардан, деб таърифлаганлар.

Шайх ал-Хаттоб ўзларининг «Мавоҳибул-Жалил» номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар.

Ўнинчи ҳижрий асрдан бошлаб китобларимизда гиёҳвандлик моддалари истилоҳи ишлатила бошлади.

Ўша вақтларда барча мазҳабларнинг фуқаҳолари Гиёҳвандлик моддаларининг ҳаром эканлигига, уларни ҳалол санаган киши кофир бўлишига иттифоқ қилганлар. Шунингдек уларни ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаганлар.

Ҳамаср уламоларимиз ҳам гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.

Улар, гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намоз қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди, деганлар.

Шунинг учун ҳам бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ