loader
Foto

Толиблар аёллар суратга тушган фильмлар намойиши тақиқладилар

Гап ҳинд, америка ва европа фильмлари ва сериаллари тўғрисида бўлиши мумкин, зеро улар толиблар ҳокимиятни эгаллагунига қадар афғон халқи орасида жуда машҳур бўлган.

Ислом қадриятлари ва иллатларни олдини олиш вазирлиги қарорида Афғонистонда матбуотни назорат қилишга доир еттита банд мавжуд.

Жумладан, «Толибон» талқинидаги ислом ҳуқуқи ва афғон маданиятига зид бўлган ёки айрим шахсларни «камситадиган», «ҳақорат қиладиган» кўнгилочар кўрсатувлар, фильмлар, комедиялар маҳаллий телеканаллар томонидан намойиш этилмаслиги керак.

Муҳаммад (с.а.в) ва унинг саҳобаларини кўрсатувчи ҳар қандай фильмлар намойиши тақиқланади.

Толиблар стандартига мос кийинмаган эркакларни кўрсатувчи дастурлар ҳам ман этилади. Хижобдаги аёлларнинг телевидениеда ишлашига рухсат берилади.

Бундан аввал «Фарғона» ахборот агентлиги толибларнинг Қобулдаги барча кинотеатрларни ёпгани тўғрисида хабар берганди. Радикаллар асосан ҳинд, европа ва америка фильмларини намойиш қилувчи кинотеатрлар фаолияти шариат қоидаларига тўғри келмайди, деган хулосага келганлар.

Таъкидлаш жоиз, толиблар август ойида жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ҳукуматни ағдариб ташлаганларидан сўнг, аввалги ҳукмронлик даврига (1996 дан 2001 йилгача) қараганда бу сафар кўпроқ вазмин, эркин сиёсат юргизишни ваъда қилгандилар.

Авваллари толиблар қизларнинг мактабда таълим олишини, аёлларнинг ишлаши, ўқиши, спорт ва жамоат ишларида шуғулланишларини тақиқлагандилар. Афғонистонда оммавий ахборот воситалари фаолияти тўхтатилган, телевиление, кинематограф тақиқ остида бўлган.

Толиблар яна ҳукумат тепасига келгач, кўпгина қизларнинг таълим олиши, аёлларнинг давлат идораларида ишлашларини чекладилар. Аёллар масаласи бўйича вазирлик тугатилиб, унинг ўрнига Ислом қадриятлари ва иллатларни олдини олиш вазирлиги жорий этилди.

Бугунга қадар дунёнинг бирорта давлати толиблар ҳукуматини тан олмади. Кўпгина мамлакатлар тан олиш учун «Толибон» олдига — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ эркинлигини кафолатлаш, турли афғон этносларидан иборат ҳукумат тузиш ва унда аёлларнинг ишлашига рухсат бериш каби шартларни қўйдидар. Бу ҳақда Фергана хабар тарқатди