Украина мамлакат шарқидаги можарони ҳал этиш бўйича самара берадиган ҳар қандай форматни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақида Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров маълум қилди.
«Биз Россия билан тўғридан-тўғри музокаралар тарафдоримиз. Туркия иштирокидаги музокараларга ҳам розимиз. Нормандия плюс АҚШ – яхши. Асосийси, бу амали натижалар келтирсин»,- деди жаноб Никифоров Коммерсантъ нашрига берган изоҳларида.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара томонларнинг розилиги билан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятларни камайтиришга ҳисса қўшишга тайёр эканини, бу воситачилик шаклида ёки бошқа ҳар қандай шаклда намоён бўлиши мумкинлигини айтганди.
"Анқара Украина атрофида вазиятнинг янада кескинлашишига қарши ва минтақада барқарорликни ҳимоя қилади. Биз Киев ва Москва ўртасидаги сўнгги ҳафталарда юз бераётган кескинликни камайтириш мақсадида мулоқот каналларини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшишга тайёрмиз. Туркия, албатта, минтақамизда тинчликни сақлаш учун кечикмасдан қадамлар ташлашга тайёр", - деди Туркия раҳбари.