loader
Foto

Толиблар ҳарбий учувчига уч ойлик меҳнати учун $30га яқин иш ҳақи тўлаганлар

Маълум бўлишича, подполковник унвонидаги ушбу учувчи авваллари афғон ҳукумати Ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилган ва у пайтлар ойига 100 минг афғони (эски курс бўйича $1 250 ёки янгисига кўра — $1 000) ойлик маоши олган.

Ҳозирда собиқ подполковник Қобул аэропортида хизмат ўтамоқда.

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, толиблар ҳамкорлик қилишга рози бўлган собиқ ҳукумат ҳарбийларига бир неча бор ойлик маош тўлашни вада қилганлар. Бироқ, улар ё вадасида турмаганлар ёки жуда оз миқдорда иш ҳақи тўлаганлар.

Шунга қарамасдан, толиблар ҳукуматининг Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб радикал ҳаракатнинг устувор мақсадларидан бири — ўзга давлатлар ёрдамига муҳтож бўлмайдиган Ҳарбий ҳаво кучларини ташкил этишдан иборат эканини таъкидлайди.

Толиблар Афғонистоннинг йирик шаҳарларини жангсиз ишғол қилган август ойида юзлаб учувчилар ўнлаб ҳарбий техникаларни қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтдилар. Пировардида, учувчилар АҚШ ёрдамида бошқа мамлакатларга кўчирилди, гарчи толиблар уларни Афғонистонга қайтишга, хизматни давом эттиришга чорлаган бўлсаларда.

Учувчилар собиқ ҳукумат авиациясига қарашли ўнлаб ҳарбий самолётларни ўзлари билан бирга олиб кетишга муваффақ бўлдилар. Толиблар ҳукуматни эгаллагунига қадар Афғонистон ҲҲК таркибида 160 та самолёт бўлган.

Ноябрь ойида толиблар Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятида илк бор ҳарбий авиация иштирокида ўқув машғулотлари ўтказдилар.

Декабрь бошида «Толибон» қўшни амалакатларга олиб кетилган бир неча самолёт ва вертолётларни қайтаришга эришдилар. Бу ҳақда радикал ҳаракатнинг Балхдаги қўмондони Атаулла Умари маълум қилди. Умари ҳарбий техника айнан қайси мамлакатдан — Тожикистон ёки Ўзбекистондан қайтарилганига аниқлик киритмаган.

Манба