loader
Foto

Гламур диндорлик

Асрлар давомида  бизгача  етиб келган камтарона, камсуқум ва хомуш  диндорлик ўз ўрнини мақтанчоқ, саёз ва гламур диндорликка бўшатиб бермоқда. Ҳозир ялтир-юлтир, зоҳирига зўр берилган гламур диндорлик мода бўлмоқда.

Гламур диндорлик ботекс лабли, силикон кўкракларини бўрттириб турган ҳижобдаги инстаграмчи  муслималарда ва Рамзан Қодировдек соқолли "дерзкий" рижолларда ўзини намоён этмоқда.

Гламур диндорликда ташқи кўриниш энг муҳими. Ваъдага вафо қилиш, лафзида туриш, солиҳ амалларни ихлос билан яширин қилиш охирги ўринда туради. Қимматбаҳо кийим-кечаклар, ҳашаматли уйлар, қиммат машиналар Аллоҳнинг неъмати ўлароқ кўз-кўз қилинади.

Гламур диндорлик ўзини сийқаси чиққан ва озгина диди бор инсоннинг энсасини қотиручи гапларда тақдим этади. Масалан, "Ё расулуллоҳ сизни соғиндик", "тушимда Расулуллоҳни кўрсам эди", "агар тирик бўлганларида юрган изларини ўпардик" ва ҳоказо юзаки гаплар орқали диний ҳиссиётларни қўзғашга (ва ўзини кўрсатишга) уринилади.

Гламур диндорликка берилганлар жиддий илм олишга қизиқмайди. Уларга икки қаторлик саёз гаплар ва ярим минутлик видеолар етади. Ўша видеолавҳаларда кўкраги бўртиб турган ёки ниҳоятда ўранган ҳолда ишлов берилган қош-кўзлари ниқоб ичидан кулиб турган аёллар бўлиши шарт. Турли туман ҳижобларда ўзини нозик кўз-кўзлаган ҳолда эркаклар ҳирсини қитиқловчи аёлларсиз ва алифни калтак дейдиган аммо катта соқолли рижолларсиз гламур диндорликни тасаввур қилиш қийин.

Бу касалликка йилдан йилга минглаб оддий мусулмонлар алданиб қолмоқда.  Бу касалликни тарқатувчилар орасида танасига қолипдек тикилган кастим шимдаги ва қўлида ролекс соат, тагида қимматбаҳо мошина бўлган баъзи домлалар ҳам бор. Жигулида юриб ҳам дарс бериш мумкинлиги тарих зарварақларида қолиб кетди. Ўшандай домлалар худди салафларни эслангандек эсланади ҳозир.

Файзиддин Мўъмин