loader
Foto

Туркия: Эрдўған бошқаруви даврида инфляция мисли кўрилмаган даражага етди

Туркия Миллий Статистика идораси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, инфляция ноябр ойида 21,3 фоиз, ўтган ойда эса 36,1 фоизга ошган.

Юқори инфляция хом ашё нархининг ҳам ошганини ва турк жамиятининг энг қашшоқ қатламлари асосий эҳтиёж учун маҳсулотларни сотиб олишга қурби етмаслигини англатади.

Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг партияси ҳокимиятга келганида инфляция 33,45 фоизга етган.

Охирги рақамлар Туркия валюта инқирози даврида, турк лираси ўтган йили долларга нисбатан қийматининг 44 фоизини йўқотганини кўрсатади.

Туркияда сўнгги ойларда лиранинг қулаши туфайли даромадлар ҳам пасайди.

Ўтган ҳафтада ҳукуматнинг маҳаллий депозитларни ҳимоя қилиш бўйича давлат схемаси жорий этилгандан сўнг, валюта долларга нисбатан 18,4 га тенг бўлган энг паст кўрсаткичдан кўтарилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, лира курси бир доллар учун 13,92 лирага тенг.

Лира инқирозига марказий банкнинг фоиз ставкаларини кескин пасайтиргани сабаб бўлган деб ҳисобланади. Август ойидан бери банк дисконт ставкасини 500 базавий пунктга, яъни 19 фоиздан 14 фоизга пасайтирди. Шу билан бирга, ноябрь ойида экспорт 33 фоизга ошиб, 21,5 миллиард долларни ташкил этди, жорий ҳисоб эса октябрь ойида 3,16 миллиард доллар профицитга эга бўлди.

Шунингдек, ишсизлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан октябрь ойида деярли икки фоизга, яъни 13,1 фоиздан 11,2 фоизга камайди. ЯИМ 2021 йилнинг учинчи чорагида етти фоизга ўсди.

Бироқ ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати инвесторлар орасида номақбул бўлиб қолмоқда, чунки инфляция кўтарилиб, бу йил 26 фоизга етиши кутилмоқда. Goldman Sachs 2022 йил ўрталарида инфляция 40 фоизга етишини кутаётганини айтди.

Мутахассислар, шунингдек, лиранинг қадрсизланиши ҳозир нархлар ошиб бораётгани шароитида кун кечиришда қийналаётган ўртача бир турк фуқароси зиммасига катта юк бўлиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Сўнгги ойнинг ўзида нон нархи 25 фоизга кўтарилиб, маҳаллий муниципалитетларга қарашли субсидияланган нонвойхоналарда одамларнинг узун навбатлари пайдо бўлди.

Ун нархи ўтган йилга нисбатан 300 фоизга ошди, сут ва пишлоқ каби бошқа асосий маҳсулотлар эса юқори харажатлар туфайли 47 фоизга ошди.